
"Ҳозир мен ҳеч қандай совринлар ҳақида ўйламайман" ёхуд Ислом Аҳмедов янги клуб бошқарувида!
Ўзбекистонлик тажрибали мутахассис Ислом Аҳмедов янги мавсумда ҳам Қирғизистондаги фаолиятини давом эттирмоқда.
Маълумки, у сўнгги икки йил давомида “Абдиш Ата”да муваффақиятли ишлаб, жамоани чемпионликка олиб чиқа олди. Ўтган йили мавсум якунлангач, томонлар дўстона равишда хайрлашишганди.
Қирғизистонда янги ташкил этилган “Азиягол” жамоаси Аҳмедовни бош мураббийликка таклиф қилди. Натижада ҳамюртимиз ушбу клуб бош мураббийи сифатида яна Қирғизистон чемпионатида қолишга қарор қилди.
- Ислом ака, "Абдиш Ата" клубини тарк этганингиздан кейин сиз яна Қирғизистонда қолдингиз ва "Азиягол" клуби бош мураббийи этиб тайинландингиз. Дастлаб шу ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
- Мени “Азиягол” жамоасига расман бош мураббий сифатида 2 март куни тайинлашди. Бунгача икки ой давомида барча ташкилий масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилди. Янги клуб яратиш ҳеч қачон осон эмас. Айни дамда ҳаммаси яхшиланмоқда. Барча ёш тоифаларида КПФЛда иштирок этувчи жамоалар бор. Асосий жамоа тузилган ва дастлабки икки турни ўтказдик. Олдинда жуда кўп ишлар турибди.
- "Абдиш Ата"да совринлар ютдингиз. "Азиягол"да ҳам сиздан яна совринлар кутишяптими? Клуб бунга ҳар томонлама тайёрми?
- Ҳозир энг муҳими, келажакдаги ғалабалар учун пойдевор қўйиш. Бу замонавий футбол талабларига жавоб берадиган захирани тайёрлаш. Асосий жамоа энг замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда ишлайди. Футболчилар ва бутун жамоанинг ўйинида катта ўзгаришларни кўриб турибман. Ҳозир мен ҳеч қандай совринлар ҳақида ўйламайман. Ҳамма нарсанинг ўз вақти бор.
- Сизга яна қандай таклифлар бор эди? Қирғизистонда қолишингиз сиз учун ҳаммасидан қулаймиди?
- 10 декабрь куни менинг истеъфоим эълон қилинди. Ўша пайтда Қирғизистондаги ва Ўзбекистондаги барча жиддий клублар ўзларига мураббийлар тайинлаган эдилар. Айни пайтда қўлимдан келганини қиляпман ва ўзим яхши билган нарсани бажаряпман. Мен жамоа тузяпман ва футболчиларимни яхшилаяпман.
- 20 март куни Қирғизистон Тошкентда Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўйнайди. Ўйин олдидан нима дея оласиз?
- Бир нарсани айтишим мумкинки, бу жуда қизиқарли ўйин бўлади. Ҳамма катта футболни соғинади. Мухлислар ҳам, футболчилар ҳам. Бишкекдаги биринчи ўйин барчамизнинг ёдимизда. Жуда ажойиб ўйин бўлди. Ишонаманки, Тошкентда ҳам худди шундай қизиқарли ўйин бўлади.
Фикрлар