"Ҳозирданоқ чемпион бўламиз дейиш нотўғри" - Умар Эшмуродов "Аҳал"ни ўрганиш нега қийин бўлгани, Катанецнинг ташрифи ва бошқалар ҳақида

Кеча Қаршининг “Насаф” клуби ўз майдонида ОФК Кубоги доирасида Туркманистоннинг “Аҳал” жамоасини қабул қилиб 3:2 ҳисобида муҳим ғалабани қўлга киритганини яхши биласиз. “Насаф” гуруҳ босқичида Марказий Осиё жамоаларини енгиб кейинги босқичга чиққанди. Бу сафар Марказий Осиё финали дея таъриф берилган “Насаф” – “Аҳал” жамоалари ўзаро беллашдилар. Ўйин ўз номига яраша қизғин ва голларга бой ўтди.

“Насаф” футболчилари ғалаба учун яхшигина тер тўкдилар. Бундай муҳим учрашувда ўзига яраша босим ҳам бўлиши табиий. “Насаф” клуби сардори Умар Эшмуродов бошчилигидаги мудофаа чизиғига ҳам кўп нарса боғлиқ эди. Гарчи ўйин қийин ўтганига қарамасдан мезбонлар муҳим ғалабани қўлга киритди. Учрашувдан кейин жамоа етакчиларидан бири Умар Эшмуродов билан боғландик. Уни ғалаба билан табрикладик ва учрашув тўғрисидаги фикрлари билан қизиқдик.    

- Табрик учун раҳмат. Кўрган бўлсангиз, биз “Аҳал”га қарши ўйинни яхши бошладик. Биринчи бўлимда тўлиқ устунликка эришдик. Бироқ иккинчи бўлимда ўша устунлигимизни рақибга бериб қўйдик. Футбол шундай ўйинки, унда бироз бўшашиб қолдингизми, дарҳол жазолайди.

умар3

“Насаф” учун ўйин яхши бошланди-а? Танаффусга қадар мезбонлар жавобсиз иккита гол урди. Ўйиндаги воқеалар гўёки, қаршилик футболчилар рақибини катта қийинчиликсиз таслим қиладигандек тасаввур уйғотганди. Бироқ иккинчи бўлимда вазият ўзгариб кетди. “Аҳал” жамоаси мезбонларнинг ожиз нуқталарини топа олди ва бирин-кетин иккита гол урди. Бу “Насаф” учун жиддий ҳолатдаги огоҳлик қўнғироғи эди. Туркманистонликлар яна бошқа имкониятларни ҳам яратдилар. Аммо “Насаф” бир амаллаб бўлса ҳам барибир ғалаба голни урди. Аслида мезбонлар бу рақибини қанчалик ўрганганди? Бу хусусида Эшмуродов ўз фикрларини билдирди.

- Тўғрисини айтадиган бўлсам, рақиб жамоани ўрганиш жараёни қийин бўлди. Чунки Туркманистонда чемпионат тўхтатилган. Шу сабабли биз бу рақибимизнинг фақатгина ОФК Кубогидаги ўйинларини кўриб чиқа олдик, холос. Умуман олганда, “Аҳал” яхши жамоа экан. Туркманистонлик футболчилар айниқса, жисмоний томондан бизга яхшигина қаршилик кўрсатишди.

умар

“Насаф” – “Аҳал” иштирокидаги учрашувга қизиқиш катта бўлди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигига таклиф қилинган словениялик Сречко Катанец ҳам ушбу беллашувни бевосита стадиондан кузатиб борганини билсангиз керак. “Насаф” сардори билан мулоқот давомида шу хусусида ҳам сўрадик. Яъни, Катанецнинг ўйинни жонли кузатиши “Насаф” футболчиларини янада руҳланишига туртки бўлдими?

- Ростини айтсам, у ҳақда ўйламадик. Бизнинг вазифамиз ушбу мусобақада узоқроққача бориш. Шунинг учун ким келиб томоша қилади, ўйин тўғрисида ким қандай фикр билдиради, буларга эътибор берганимиз йўқ. Биз фақат ғалаба қозониш ҳақида ўйлаймиз. Кичик ҳисобда ютамизми ёки катта ҳисобдами фарқи йўқ. Ғалабанинг катта-кичиги бўлмайди ва бунинг аҳамияти йўқ. Қандай мусобақада қатнашишимиздан қатъий назар ҳар доим ғалаба учун боримизни берамиз, - дея жавоб берди, Эшмуродов.

“Насаф” Суперлиганинг охирги турларини омадсиз ўтказди. Натижада керакли очколарни йўқотди. Шундан сўнг, қаршиликлар асосий эътиборини ОФК Кубогига қаратгани хусусида гап-сўзлар пайдо бўлди. Бу борада “Насаф” сардори шундай деди:

- Йўқ, биз ҳар бир учрашувга жиддий тайёргарлик кўрамиз. Тўғри, баъзи пайтларда ўйинимиз яхши чиқмасдан очко йўқотаётган бўлишимиз мумкин. Аммо биз ҳеч қайсинисини иккинчи режага ташлаганимиз йўқ. Ўзбекистон чемпионати, Ўзбекистон Кубоги ва ОФК Кубогидаги ҳар бир ўйинга жиддий қараймиз.

Маълумки, “Насаф” 10 йил муқаддам ОФК Кубоги соҳибига айланган. Иккинчи бор яна ушбу мусобақада ғолиб чиқиш учун “Аждарлар”да яхши имконият мавжуд. Ўз навбатида Умар Эшмуродов “Насаф”нинг имконияти тўғрисида қуйидагиларни айтди:

умар2

- Албатта, ишонч бор. Кубокни қўлга киритишга ҳаракат қиламиз. Лекин ҳозирданоқ чемпион бўламиз деб айтиш ҳам нотўғри бўларди. Рақибларнинг ҳам савияси ёмон эмас.

Энди “Насаф” жамоасини чемпионат доирасида 29 август куни “Навбаҳор”га қарши оғир беллашув кутяпти. Эътибор берган бўлсангиз, қаршиликлар иккинчи давра бошидан бери бирин-кетин қийин рақибларга қарши майдонга тушяпти. “Аҳал”га қарши учрашувдан сўнг, “Насаф” футболчилари “Навбаҳор” билан бўлиб ўтадиган ўйингача ҳар тарафдан тикалана олармикин?

- Ҳа, тўғри, бизни яна бир жиддий ўйин кутиб турибди. Ўйлашимча, “Навбаҳор” билан бўладиган беллашувга тикланишимиз қийин бўлмайди. Ўйинлар орасида 4-5 кунлик муддат нормаль ҳолат. Жамоамизда молиявий ҳолат ҳам яхши, - дейди Умар Эшмуродов.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!