Ҳужумда Шомуродов ва Икарди!
Ўтган мавсум Туркия чемпионлигини қўлга киритган Туркиянинг “Галатасарой” клуби Чемпионлар лигасида муваффақиятли қатнаши ва янги чемпионатда ҳам ғолиблик учун муносиб курашиш мақсадида таркибини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Бош мураббий Окан Бурук биринчи навбатда ҳужум чизиғини қайта ташкил қилишга эътибор қаратишга мажбур бўлмоқда. Ўтган мавзумда олдинги чизиқ вакиллари сифатида асосан уч футболчи – Европада машҳур бўлган Мауро Икарди, Бафетимби Гомис ва Дрис Мертенс тўп тепди.
Улар орасида мавсумни ижарада ўтказган ва 22 та гол билан чемпионликка катта ҳисса қўшган Мауро Икардининг ижара муддати тугади ва ПСЖ ихтиёрига қайтди. Саккизта тўп киритган Гомиснинг ҳам турк клуби билан шартномаси якунланди.
“Галатасарой” бош мураббий Окан Бурук қўллаётган ўйин услубига мос тушган Мауро Икардини яна жамоага қайтариш бўйича иш бошлади. Аргентиналик юлдуз келаси мавсум ҳам асосий ҳужумчи сифатида тўп тепиши керак.
Мураббийлар штаби иккинчи ҳужумчи позициясида Элдор Шомуродовни кўришни истаяпти. Клуб директорлар кенгаши раисининг ўринбосари Эрден Тимур Римга бориб, “Рома” раҳбарияти билан учрашиб келди.
Айни пайтда Мауро Икарди ва Элдор Шомуродов ўз клубида бир хил аҳволда. Икки пойтахт клуби бош мураббийлари – Луис Энрике ва Жозе Моуриньонинг янги мавсумда бу ҳужумчилар хизматига эҳтиёжи йўқ. Спорт директорлари улардан қутилишга ҳаракат қилмоқда.
“Галатасарой” бундан унумли фойдаланиб қолмоқчи. Хусусан, Мауро Икарди борасида турклар Париж клуби мутасаддиларига мурожаат қилиб, 30 ёшли футболчининг трансферини тўлиқ сотиб олишни таклиф қилди.
Франциянинг L'Equipe нашри хабарига кўра, истанбулликлар Суперлигада ўзини кўрсата олган тўпурар учун 10 миллион евро таклиф қилмоқда. 2018 йиллари трансфер нархи 100 миллион еврогача кўтарилган аргентиналик футболчи www.transfermarkt.world сайти экспертлари томонидан ҳозир 19 миллион еврога баҳоланмоқда.
Яқинда ПСЖ клуби янги бош мураббий Луис Энрике 11 нафар футболчи билан хайрлашмоқчи эканини хабар берди ва улар орасига Мауро Икарди ҳам киритилган.
Мауро Икарди аслида “Барселона” клуби тарбияланувчиси эканини кўпчилик билмаса керак. Каталонияликларнинг асосий таркибига киритилмаган футболчи кейинчалик “Сампдория”, “Интер” ва ПСЖ клубларида тўп тепди.
Шомуродов масаласида “Галатасарой” аввалига ҳужумчини ижарага олиб бир мавсум давомида синаб кўрмоқчи. Туркиянинг www.fotospor.com сайти “Рома” спорт директори Тьягу Пинто “Галатасарой”дан Шомуродов бўйича таклиф кутаётгани ва турклар ўзбек футболчисини кейинчалик сотиб олишини инобатга олиб, трансферга тўғри нарх қўйишни ўйлаётгани ҳақида маълумот тарқатган эди.
Истанбул клуби Шомуродов бўйича биринчи таклифини бирдирди. Суммалар ошкор қилинмаган бўлса-да, туркларнинг мақсади аниқ.Улар 28 ёшли ҳужумчини кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан бир мавсумга ижарага олмоқчи.
Ҳозирча, бу таклиф бўйича “Рома” қарорини айтгани йўқ. Трансфер амалга ошишида табиийки, Шомуродовнинг ҳам фикри ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
“Галатасарой” мураббийлар штабининг режаси аниқ – улар олдинги чизиқда Мауро Икарди ва Элдор Шомуродов тандемини ўйнатишни мўлжалламоқда.
Шомуродовни сўраб, машҳур клуб раҳбари Римга келди!
Тўпурар легионеримизга қимматбаҳо рақобатчи келди!
Легионеримизнинг голи финалга йўл очди! Олдинда финал!
Фикрлар