“Ҳумо арена” Ўзбекистонда илк бор ўтказиладиган йил жангига тайёрланмоқда

Кўпчилик мухлислар интиқиб кутаётган жанг яқинлашиб келмоқда. 3 апрель куни пойтахтимиздаги “Ҳумо арена” муз саройида "Рио-2016" Олимпия ўйинлари бронза медали совриндори, профессионал боксда WBA ва IBF йўналишлари бўйича жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиевнинг навбатдаги жанги бўлиб ўтади. Унда ҳамюртимиз япониялик Рёсукэ Ивасага қарши жангда чемпионлик камарларини ҳимоя қилади. Шунингдек, мазкур жанг андеркардида Исроил Мадримов, Шаҳрам Ғиёсов, Ҳасанбой Дўсматов, Иқболжон Холдоров, Миразизбек Мирзахалилов, Баҳодир Жалолов, Элнур Абдураимов, Санжар Турсунов каби номдор боксчиларимиз ҳам рингга кўтарилади. Бу ўзбек спортида чинакам тарихий воқеликдир. Зеро, илк бор ҳамюртимизнинг чемпионлик камарини ҳимоя қилувчи жанги Тошкентда, минглаб мухлислар кўз ўнгида ўтиши кутилмоқда. Шубҳасиз, ушбу жангга тайёргарлик шунга яраша юқори савияда бўлмоғи даркор.

photo_2021-03-09_17-20-40-1024x686

Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги Қўмита мутасаддилари “Ҳумо арена”га ташриф буюриб, бўлажак бокс кечасига тайёргарлик бўйича дастлабки музокараларни олиб боришди. Учрашувда “Ҳумо арена” директори Рустам Мардиев, МОҚ ва Ўзбекистон бокс федерацияси вакиллари, чипталар билан шуғулланувчи i-ticket компанияси мутасаддилари, тадбирлар ташкил қилиш бўйича PR компаниялар менежерлари ҳам иштирок этишди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Рустам Шоабдураҳмонов бўлажак жанг ташкилий ишларида ҳамкорлик қиладиган ушбу мутасаддилар билан суҳбатлашар экан, унга ҳар томонлама пухта тайёрланиш зарурлигини таъкидлади.

- Муҳтарам Президентимиз юртимизда соғлом турмуш тарзи ва оммавий спорт тарғиботига жуда катта аҳамият қаратмоқдалар. Бунинг учун аввало, мамлакатимизда катта спорт тадбирларини ташкил қилишимиз лозим. Бу борада куни кеча ниҳоясига етган дзюдо бўйича Тошкент “Катта дубулға” турнири мисол бўла олади. Ана энди бор эътиборимизни ушбу бокс кечасига қаратишимиз ва уни ҳам юқори савияда ташкил қилишимиз керак, – деди МОҚ раиси.

photo_2021-03-09_17-21-04-1024x686

Суҳбат давомида бокс оқшомига ташриф буюрадиган мухлислар учун чинакам спорт ҳавосини тақдим қилиш, ҳар қадамда бокс ва спорт атмосферасини бериб турадиган турли безаклар, баннерлар, кўргазмалар, ўзбек боксининг бой тарихини намойиш қиладиган экспонатлар ташкил қилиш, барча боксчиларимиз, жумладан, асосий жангда қатнашувчи Муроджон Аҳмадалиевнинг номини ёшларимиз учун чинакам қаҳрамон сифатида гавдалантириш, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш борасида кўрсатмалар берди.

photo_2021-03-09_17-21-25-1024x686

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!