"Ҳумо" ҳоккей клуби қайтмоқда! "Қанотлилар" Қозоғистон чемпионатида иштирок этади
Коронавирус пандемияси туфайли икки йил мусобақаларда иштирок этмаган "Ҳумо" ҳоккей клуби қайтмоқда.
"Қанотлилар" Қозоғистоннинг "Pro Ligasy" турнирида кураш олиб боради. Икки мамлакат ҳоккей федерациялари ўзаро келишувга эришган. Жамоа аввал ҳам Қозоғистон чемпионатида иштирок этган. 2019-2020 йилги дебют мавсумида "Ҳумо" ўнинчи ўринни эгаллаганди.
ҚҲЛ бошқарув директори Андрей Сачук бу ҳақда ўз фикрлари билан ўртоқлашди: "Ҳумо"нинг қайтиши чемпионатимизга ижобий таъсир қилди. Соғлом рақобат ҳеч кимга зарар қилмайди. Тошкент клуби ўзининг биринчи мавсумидан кейин ҳам сафимизда қолишни истади, аммо "Covid" чекловлари бунга ҳалал берганди. Умид қиламизки, энди ҳаммаси яхши бўлади ва уларнинг қайтиши барчамизга фойда келтиради.
Балки бу ҳолат Қозоғистон чемпионатига кириши мумкин бўлган бошқа хориж клублари учун ҳам ўрнак бўлар. Қайд этиш лозим, "қанотлилар" август ойининг иккинчи ярмига белгиланган Қозоғистон Кубогида қатнашиши режалаштирилган".
Баҳодир Ғофуров, Ўзбекистон ҳоккей федерацияси биринчи вице-президенти:
“Ҳумо” яна ўйинга қайтди. Клуб коронавирус пандемияси сабабли икки йиллик танаффусдан сўнг кейинги мавсумда Қозоғистон "Pro Ligasy"даги иштирокини тиклайди. Умид қиламизки, бу янгилик Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳоккей мухлисларини хурсанд қилади. Қозоғистон чемпионатида маҳоратли жамоалар йиғилган ва умуман чемпионат савияси анча юқори. “Ҳумо” турниридаги иштирок юртимизда ҳоккейни янада оммалаштириш ва ривожлантиришга хизмат қилишига ишонаман".
Фикрлар