Ҳумоюн Муртазоев: Мени терма жамоага чақиришдими, энди бунга лойиқ эканлигимни исботлашим керак

Жорий мавсумда ўзидан илиқ таассурот қолдириб келаётган «Насаф» ҳужумчиси Ҳумоюн Муртазоев ҳақида охирги пайтларда кўп гапириляпти. Бу бежиз эмас, албатта. Боиси, иқтидорли футболчи ўзининг тўпурарлик салоҳиятини кўрсата бошлади. Гарчи 22 та гол урган «Пахтакор» ҳужумчиси Драган Черанга етиб олиши қийин бўлса-да, бироқ Муртазоевдан ушбу мавсумда тўпурарлар орасига киришини очиғи кутмагандик. Ҳозиргача Ҳумоюн 13 та гол урди. Унинг фойдали футболчи эканлиги майдондаги ўйинлари орқали ҳам кўзга ташланиб турибди. Натижада Муртазоев Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамовнинг ҳам эътиборини торта олди ва уни ноябрь ойида бўладиган муҳим ўйинлар учун йиғинларга таклиф қилди.

Айтиш мумкинки, Ҳумоюн билан мулоқотга киришиш учун бизда сабаблар етарлича эди. Айниқса, юқорида таъкидлаганимиздек, унинг «Насаф»даги сермаҳсул ўйинлари эвазига кўпчиликнинг эътиборини тортди. Лекин бундай барқарорликни ушлаб туриш ҳам осон иш эмас, аслида. Шуни инобатга олганда, ҳужумчи аввало сермаҳсул ўйин кўрсатаётганининг сабаблари ҳақида гапирди.

- Жорий мавсумда сермаҳсул ўйин кўрсатаётганимнинг асосий сабаби жамоадошларимиз билан аҳиллигимиз деб ўйлайман. Чунки, сиз ҳам биласиз, футбол – бу жамоавий ўйин ҳисобланади. Шунинг учун биргина ўзим ҳеч нима қила олмайман. Мени қўллаб-қувватлаб ишонч билдираётганлари учун жамоадошларимга ва мураббийларимга катта раҳмат айтаман.

Бунга қадар бу ўйинчи ҳақида мухлислар кўп маълумотга эга эмасдилар. Албатта, унинг янада танилиб, эътиборни тортаётгани ўйини ва киритаётган голлари билан боғлиқ. Табиийки, бундай вазиятда унинг футболга қандай кириб келгани ҳам қизиқ. Билмаганлар эса Муртазоевни «Машъал» академиясидан чиққан деб ўйлашади. Чунки у «Насаф»га «Машъал»дан қўшилганди. Ҳаммасига эса ҳужумчининг ўзи шундай жавоб берди:

муртазоев

- Биласизми, футболга кириб келишимнинг катта сабабчиси, раҳматли дадам бўлади. Айнан дадамнинг хоҳиш ва истаклари билан Касби тумани болалар футбол мактаби мураббийи Икром ака Сиддиқов қўл остида футболнинг сир-асрорларини ўрганганман. Шундан кейин Қарши шаҳридаги олимпия захиралари спорт коллежида Ўткир ака Холиқов мураббийлиги остида шуғулланганман. Суперлигага кириб келишимга катта сабабчи бўлган иккала мураббийга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман.

«Насаф» клубида иқтидорли ўйинчилар жуда кўп. Жамоа асосан ўзининг маҳаллий тарбияланувчиларига таяниб қолганига қарамай, уларнинг имкониятлари юқори баҳоланмоқда. Ҳар бир чизиғида истеъдодли футболчилар тўп суришмоқда. Айниқса, Бобир Абдуҳолиқов жамоа етакчиларидан бири ва у биринчи рақамли ҳужумчи бўлиши кутилганди. Аммо кўриб турибмизки, Муртазоев ўзини ҳар томонлама кўрсатиб, «Насаф»нинг тўпурари бўлиб келмоқда. Натижада у қаршиликларнинг биринчи рақамли ҳужумчисига айлангандек…

- Юқорида айтиб ўтганимдек, жамоадошларим ҳамда мураббийларнинг менга бўлган ишончи катта ва мен буни жуда яхши ҳис қилиб келяпман. Натижада ўйинларимга ҳам ижобий таъсир қилмоқда. Албатта, Бобир ажойиб футболчи. Аммо ҳеч бир ўйинчини алоҳида ажратиб кўрсатмаймиз. Чунки «Насаф» жамоасида ҳамма бир хил даражада, биз бир оиламиз, - дея муносабат билдирди, Ҳумоюн Муртазоев.

муртазоев3

Умуман олганда, ушбу мавсум Муртазоев учун ажойиб даражада ўтяпти. Бунгача унинг нималарга қодирлигини кўпчилик яхши билмаган бўлса, айнан мазкур чемпионатдаги ўйинлари орқали энди Ҳумоюннинг имкониятлари намоён бўлиб бормоқда. Балки ушбу мавсумдаги ўйинлари ва қайд этаётган натижалари унинг ташриф қоғози бўлиб хизмат қилаётган бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳақида ҳужумчи ўз фикрини билдирди:

- Ҳа, ушбу мавсум мен учун ажойиб ўтяпти. Лекин бу билан асло тўхтаб қолмоқчи эмасман. Негаки, мен ҳали бундан ҳам кучли ўйинлар кўрсатишим керак. Олдимга қўйган мақсадларим катта.

Шунингдек, ундан «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев фаолиятингизда қандай ўрин тутади деб сўраганимизда қуйидагича жавоб қайтарди:

- Рўзиқул ака тажрибали мутахассис. Ундан жуда миннатдорман. У киши фаолиятимда ўзининг юксак маҳоратлари ва менга бўлган ишончи билан катта ўрин тутади.

Ҳар бир ўйинчининг ўзига яраша орзу ва мақсадлари бўлиши табиий. Устига-устак Муртазоев юқорида олдига қўйган мақсадлари катта экани ҳақида айтиб ўтди. Унинг ниятлари нималардан иборатлигини сўрадик.

- Албатта, менинг орзуим ва ниятларим жуда кўп. Энг асосийси, Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан жаҳон чемпионатига чиқиш ва муносиб ўйин кўрсатиш. Четга кетишга келсак, ҳамма нарсанинг ўз вақти соати бор.

Мана, Ҳумоюн орзуларидан бирига эришган ҳолда ниҳоят миллий терма жамоадан чақирув ҳам олди. Бу эса унинг иқтидорига берилаётган баҳодир. Ҳар ҳолда терма жамоамиз устози Вадим Абрамов футболчининг имкониятларини яхши билган ҳолда таклиф қилган. Бу борада «Насаф» тўпурари ўзининг хурсандчилигини яшириб ўтирмади.

- Мени миллий терма жамоага чақиришганидан жуда қувониб кетдим. Дастлаб бу хушхабарни клуб ходимидан эшитдим. Бу мен учун олдинга ташланган қадам. Ўзбекистон миллий терма жамоасида тўп суриш ҳар бир футболчининг орзусидир. Мени ҳам терма жамоада ўйнашимни муносиб кўришган бўлса, ишончларини оқлайман деган умиддаман. Мени термага чақиришдими, бунга лойиқ эканлигимни исботлашим керак.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!