Ҳусанов, Ямал ва Беллингем – улар бирга
Абдуқодир Ҳусанов фаолиятини Европа лигаларида давом эттираётган ўзбекистонлик легионерлар орасида номи энг кўп тилга олинаётган ўйинчига айланиб бормоқда.
Франция чемпионатидаги ёрқин ва ишончли ўйинлари орқали “Ланс”нинг асосий ҳимоячиси даражасига кўтарилган 20 ёшли футболчимиз бутун Европанинг эътиборини ўзига қарата бошлади.
Европа топ-чемпионатларидан ҳисобланган Лига 1 даги дебют мавсумини асосан захира ўйинчиси сифатида ўтказган легионеримиз мавсум бошида ўзига берилган кичик имкониятдан максимал даражада фойдаланди.
Ҳусанов Лига 1 ва Европа Конференциялар лигасидаги учрашувларда шу қадар юқори савияда ўйин кўрсатдики, “Ланс” бош мураббийи Уилл Стилл шу пайтга қадар жамоа ҳимоя чизиғи етакчиси Кевин Дансо сафга қайтган тақдирда икки зўр ўйинчини битта позицияга қандай жойлаш борасида мураккаб бошқотирмага ечим топиши керак бўлади.
Абдуқодир Ҳусановнинг маҳорати нафақат Франция балки бутун Европада ҳам эътироф этилаётганини статистика ва таҳлилларга ихтисослашган Sofascore марказининг янги рамзий жамоаси ҳам яна бир бор тасдиқлади.
Sofascore платформаси ўз сайти орқали ҳар ой якунларига кўра, Европанинг 21 ёшгача бўлган футболчилари рамзий терма жамоасини тузиб чиқади. Бу гал ушбу терма жамоага Абдуқодир Ҳусанов ҳам киритилди ва машҳур юлдузлар таркибидан жой олди.
Бу жамоада ўзбекистонлик футбол ишқибозларига яхши таниш бўлган “Реал” плеймейкери Жуд Беллингем, “Байер”ни илк бор Германия чемпионига айланишига ҳисса қўшган Флориан Вирц, жаҳон футболи юлдузи мақомига кўтарилган “Барселона” вакили Ламин Ямал, гранд клублар нишонида турган “Лейпциг” ярим ҳимоячиси Хави Симонс каби ёрқин футболчилар бор.
Sofascore талқинидаги рамзий терма жамоа билан қуйидаги сурат орқали танишиб олишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов футболнинг бошланғич сир-асрорларини “Бунёдкор” клуби академиясида ўрганган. Профессионал фаолиятини Беларусь олий лигасида “Энергетик-БГУ”нинг ҳимоячиси сифатида бошлаган.
Ўзбек футболининг энг истеъдодли тарбияланувчиларидан бири сифатида қаралаётган Ҳусановни 2023 йилнинг ёзида ўша пайтдаги Франция вице-чемпиони “Ланс” трансфер қилди.
Абдуқодир Ҳусанов Франция чемпионатида иштирок этган биринчи ва ҳозирча ягона ўзбек футболчиси ҳисобланади. Бундан ташқари, Беларусь чемпионатидан Европанинг топ-лигаларига йўл олган биринчи ўйинчи ҳам айнан Ҳусановдир.
“Ланс”га 100 минг еврога тушган Абдуқодир Ҳусановнинг бугунги кундаги трансфер нархи 2,5 миллион еврони ташкил қилмоқда ва бу кўрсаткич яна янгиланганда сумма янада ошиши кутиляпти.
Абдуқодир Ҳусанов Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.
Ҳозирча, 14 маротаба майдонга тушган марказий ҳимоячи мамлакатимизнинг бош жамоаси мағлубиятсиз сериясига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшяпти.
Дуэл: Легионеримиз қозоқларнинг 15 йиллик орзусини чиппакка чиқариши мумкин...
Ҳусановга хушхабар!
Шомуродов энди Швецияда ўйнайди!
Фикрлар