Ҳусанов энг хавфли ҳужумчини тўхтатди
Европа футболида ФИФА кунлари муносабати билан икки ҳафталик танаффус эълон қилингани боис, экспертлар футболчиларнинг миллий чемпионатдаги ўйинларини таҳлил қилмоқда.
Кейинги пайтда “Ланс” марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов кўплаб мутахассисларнинг диққат марказида турибди.
Ўзбекистонлик легионер мавсум бошидан бери юқори савияда ўйнаяпти ва жмоаси ҳимоя чизиғида бехато ҳаракат қилмоқда.
Франция чемпионатининг еттинчи турида “Ланс” футболчилари “Страсбур” майдонидан бир очко билан қайтди. Бу баҳсда ҳам 20 ёшли ҳимоячимизнинг ишончли ўйнагани жамоасини мағлубиятдан сақлаб қолди.
Sports.uz портали ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига Франция футболини ёритаётган энг нуфузли манбаларнинг Абдуқодир Ҳусанов ўйинига муносабатларини ҳавола этади.
“Ланс” футболчилари “Монако”, “Лион”, “Ренн”, “Ницца” ва кетма-кет бешинчи учрашувда “Страсбур” билан очко бўлишди. Мавсум сенсациясига айланган Абдуқодир Ҳусанов “Ланс” ҳимоясининг етакчиси сифатида ўз маҳоратини намойиш қилишда давом этмоқда.
Ёш ўзбек футболчиси Франция чемпионатининг энг хавфли марказий ҳужумчиларидан бири Эмануэль Эмегига қарши жуда зўр ўйнади ва рақибини тўхтатиб қолди. Нидерландиялик форвардни ушлаб қолиш ҳаммага ҳам насиб қилаётгани йўқ.
20 ёшли ҳимоячи хотиржамлиги, қўрқмаслиги, бақувватлиги билан ҳаммани ҳайратга солмоқда ва сайтимиз ўтказган сўровномага кўра, бешинчи маротаба “Ланс”нинг энг яхши ўйинчиси, деб топилди. Сўровномада қатнашган кўп сонли мухлисларнинг 66 фоизидан кўпроғи айнан Абдуқодир Ҳусановни учрашувнинг энг яхши ўйинчиси, деб топди.
Ҳусановнинг навбатдаги учрашуви ҳақида яна нималар дейиш мумкин. У яна бир карра Франция чемпионатининг энг зўр марказий ҳимоячиларидан эканини намойиш қилди. Айниқса, рақиб ҳужумчиси Эмануэль Эмега билан курашда ҳайратли даражада зўр ўйнади.
Абдуқодир жисмонан бақувватлиги, пасларининг аниқлиги, ҳимояда мустаҳкам тургани ва хавфли вазиятларда тўғри қарор қабул қилаётгани билан “Ланс”га катта фойда келтирмоқда.
“Ланс” сафар учрашувида “Страсбур” билан очко бўлишиб, кетма-кет бешинчи марта дуранг натижа қайд этди. Ҳимоя мустаҳкамлигига яраша, ҳужум чизиғи самаралироқ ўйнаганида бу жамоа мусобақа жадвалида янада юқорида бўлади.
“Ланс” ҳимоя чизиғида Абдуқодир Ҳусановнинг ишончли ўйинига суяниб қолган. Якшанба кунги учрашувда ҳам Абдуқодир ўз жамоаси ўйинчилари орасида энг яхшиси бўлди.
Ёш марказий ҳимоячи “Страсбур”нинг кучли ҳужумчилари ҳамласини маҳорат билан бартараф этди ва жамоасининг бир очко олишига катта ҳисса қўшди.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов жорий мавсумда Франция чемпионатида еттита учрашувда ҳам майдонга тушди. Шунингдек, Конференциялар лигасида бир жуфт ўйин ўтказди.
“Рома” 13 нафар футболчи билан хайрлашди. Шомуродов билан ҳам!
Ҳусанов терма жамоага катта сюрприз билан келадиган бўлди!
ЦСКАни “қора анъана”дан қутқарган Файзуллаев нималар деди?
Фикрлар