Ҳусанов Муҳаммад Салоҳ билан янги дуэлга тайёрми?
2026 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ноябрь ойидаги икки ҳафталик халқаро танаффус даврида Бирлашган Араб Амирликларида ташкил этиладиган Халқаро Ал-Айн кубоги мусобақасида иштирок этади.
14-17 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган ушбу турнирда Фабио Каннаваро шогирдлари билан бир қаторда жаҳон чемпионатига йўлланма олган Миср, Эрон ва Кабо-Верде миллий терма жамоалари ҳам майдонга тушади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси турнирни Миср футболчиларига қарши учрашув билан бошлайди. Sports.uz портали нуфузли манбалардан бири – soccer365 сайтида эълон қилинган ушбу баҳсга тегишли қизиқарли маълумотларни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
Ўзбекистон 2025 йилда фақат бир марта ютқазган
Жамоани мамлакат тарихидаги биринчи жаҳон чемпионатига Тимур Кападзе олиб чиққан эди. Бир ой аввал алмашув бўлди. Бош мураббийликка Фабио Каннаро тайинланди, Кападзе унинг ассистентига айланди.
Октябрь ойида Ўзбекистон иккита ўртоқлик учрашув ўтказиб, Кувайтни 2:0 ҳисобида енгди ва Уругвайга 1:2 ҳисобида ютқазди. Ўзгаришлар давом этмоқда. Тимур Кападзе Фабио Каннаваронинг янги муҳитга мослашишига ёрдам берганидан кейин терма жамоани тарк этди. Тимур мустақил тарзда ишламоқчи.
Фабио ўзига янги ёрдамчи сифатида “Бунёдкор”даги иши орқали маҳаллий футболчиларни яхши биладиган италиялик мутахассис Карло Альберто Бертонени олди.
Ҳусанов тикланиб олди, Шомуродов “ёндиряпти”
Терма жамоа таркибида жиддий ўзгаришлар бўлгани йўқ, Каннаваро ишлаб турган тизимни сақлаб қолишни маъқул кўрди. Энг катта янгилик – охирги ойларда жароҳат билан курашган ва “Манчестер Сити” таркибида Англия лигаси кубогида “Суонси”га қарши баҳсда тўп тепган Абдуқодир Ҳусановнинг сафга қайтиши бўлди. Айни пайтда бу ҳимоячи терма жамоада машғулотларни бошлаб юборган.
Россия Премьер-лигасидан кетганидан буён фаолиятидаги энг ёрқин мавсумни ўтказаётган Элдор Шомуродов ҳам терма жамоа таркибида шуғулланяпти.
30 ёшли ҳужумчи “Истанбул Башакшир”га ўтганидан бери жами 18 та учрашувда рақиблар дарвозасини 8 маротаба ишғол қилди. Охирги бешта баҳсдан тўрттасида ўз ҳисобига голлар ёздириб қўйди. Бир ой олдин Кувайт дарвозасига ғалаба тўпини айнан Шомуродов киритган эди.
Ўзбекистон топ-учрашувларда зўр ўйнаяпти
Каннаварогача Ўзбекистон муҳим учрашувларда зўр ўйнаб келаётган эди. 2024 йилги Осиё кубогида Австралия билан дуранг (1:1) ўйнади, чорак финалда мезбон Қатарга фақат пенальтилар сериясида имкониятни бой берди.
Жаҳон чемпионати саралашида асосий фаворит Эронга ютқазмади (0:0 ва 2:2), иккинчи даврда Қатарни 3:0 ҳисобида енгди.
CAFA Nations Cup 2025 халқаро турнири финалида ўзбеклар Эрон терма жамоаси устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Календар йилдаги ягона мағлубият Каннаваро қўл остида Уругвайга қарши муросасиз курашлар остида ўтган учрашувда кузатилди – 1:2.
Миср жаҳон чемпионати саралашида нималарга қодирлигини кўрсатди
Миср 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнирини деярли идеал тарзда ўтказди. Ўнта турда улар саккизта ғалаба ва иккита дуранг қайд этди. 2025 йилги олтита учрашувда бешта ғалаба ва битта дуранг натижа кўрсатган мисрликлар бу ўйинларда дарвоза дахлсизли гини сақлаб қолди.
Шунингдек, мисрликлар мундиал саралашининг энг зўр жамоаси бўлган Тунисга қарши иккита ўртоқлик баҳсида ғолиб (1:0, 3:0) чиқди.
Миср терма жамоаси жаҳон чемпионати саралашининг охирги ўйинини 12 октябрь куни ўтказди. Энди улар мундиалга тайёргарликни Бирлашган Араб Амирликларида ташкил этилаётган халқаро турнир доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши баҳс билан бошлайди.
Бош мураббийнинг танлови эътирозларга сабаб бўлди
Миср терма жамоаси бош мураббийи Хусам Ҳусан катта сюрпризларга қўл ургани йўқ. Бироқ 9 ноябрь куни Миср Суперкубоги учун баҳсда ўзаро тўқнаш келган “Ал-Аҳли” ва “Замалек” футболчилари бу гал терма жамоага чақиртирилмади.
Яссир Иброҳим, Аҳмад Кука, Яссин Марей, Муҳаммад Авад ва Умар Жобир терма жамоа қайдномасига киритилмаганидан норози бўлди, бироқ бу қарор клублар раҳбариятига маъқул келди. Нассер Моҳир эса ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ўз эътирозларини эълон қилишдан ҳайиқмади.
Энг асосийси, “Ливерпуль”да мураккаб даврларини бошдан ўтказаётган Муҳаммад Салоҳ терма жамоа ихтиёрига етиб келди. Унинг ҳозир кайфияти зўр, “Ливерпуль”нинг охирги учта ўйинида учта тўп киритди.
Миср ҳимоядаги муаммоларни бартараф қилди
Миср “Африка миллатлари кубоги-2024”да бўш иштирок этди ва турнирни 1/8 финал босқичидаёқ тарк этди. Муваффақиятсизликларнинг асосий сабаби ҳимоянинг заифлиги бўлди. Мисрликлар тўртта учрашувнинг бирортасида дарвоза дахлсизлигини сақлай олмади ва жами еттита тўп ўтказиб юборди.
Хусам Ҳасан шундан сўнг, хатолар устида ишлади ва Миср терма жамоаси жаҳон чемпионатининг саралашини намунавий даражада ўтказди: ўнта турдан саккизтасида рақибларга гол уриш имкони берилмади ва бор-йўғи ўз дарвозасидан иккита тўп олиб чиқди холос.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги учрашувда 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа тахмин қилинмоқда.
Ҳусановга ким устозлик қилади?
Ўзбекистоннинг шов-шувли ғалабасига қандай муносабат бўлди?
Ўзбекистон Хорватиядан ўтоладими? Имкониятларга баҳо берилди



Фикрлар