
Ҳусанов “Сити” тешигини “девор” бўлиб ёпяпти
Манчестер дербиси Англия Премьер-лигасининг тўртинчи турини безаб берган учрашувлардан бири бўлди. “Этихад” аренасидаги баҳсда “Манчестер Сити” футболчилари “Манчестер Юнайтед” дарвозасига жавобсиз учта тўп киритди.
Айни пайтда турли манбалар ўйинни таҳлил қилиб, хулосаларни мухлислар билан бўлишмоқда. Нуфузли манбалардан бири – The Athletic нашри ўз таҳлилини Абдуқодир Ҳусановга бағишлади.
Sports.uz портали таҳлилни амалга оширган эксперт Жордан Кэмпбелл фикр-мулоҳазалари ва хулосаларини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
- “Манчестер Юнайтед” етакчиси Бруну Фернандеш ҳужумларни ташкил қилиш чоғида бор эътиборини "Манчестер Сити”нинг ўнг қанотига босим ўтказишга қаратди. Тажрибали португалиялик плеймейкер рақибнинг энг нозик нуқтаси айнан ўнг қанот ҳимояси эканини аниқ биларди. Бу бежизмас, албатта. “Тоттенхэм”га 0:2 ҳисобида бой берилган учрашувда Рико Льюис бу позицияда жуда бўш ўйнади. “Брайтон”га қарши 1:2 ҳисобида якунланган баҳсда ўнг қанот ҳимоячиси Матеуш Нуньеш хатога йўл қўйиб, пенальтига сабабчи бўлди.
Кайл Уокер кетганидан бери ўнг қанот ҳимояси Хосеп Гвардиоланинг бош оғриғига айланган. Ўйинчилардан ҳеч бири бу позицияда ишончли ўйнай олмаяпти.
“Юнайтед” билан ўйинда тўп айнан шу позицияга келиб, Патрик Доргу уни эгаллаб олганида, “Этихад”даги мухлислар хавотирга тўлди. “Сити”нинг барча ўйинчилари секинлаштирилган кадрдагидек ҳаракат қилди. Фақатгина Абдуқодир Ҳусанов бундан мустасно.
Доргу тўпни ўзига тўғрилаб олгунича ўзбек футболчиси камида 20 метрдан ўқдек учиб келди, рақибни елкасига урилди. Бу очиқ фол эди. Гвардиола ҳам бош чайқашдан бошқа илож тополмади.
Лекин бу Ҳусанов бутун ўйин давомида йўл қўйган биргина хато эди холос. Нега айнан мана шу эпизод эътибор тортяпти?
Гап шундаки, асли марказий ҳимоячи бўлган ва бу гал ўнг қанотда ўйнаган ўзбек ҳимоячиси вақтини нозик ҳаракатларга сарфламайди. Унинг футболдаги қоидаси шундай: тўпни кўрдим, тўпга ҳужум қилдим ва тўпни олдим!
Тўғри, Абдуқодир қўпол ўйнаши мумкин, лекин унинг қатъияти ва ишга ўзини бағишлаши жамоага қатъий ҳаракатлар етишмаётган ҳудудда жуда ишончли ва барқарор элементга айланади.
“Юнайтед”га қарши учрашувда ўзбек футболчиси кўп бор подкат ташлади ва муҳими, буни ўз вақтида амалга оширди. Ўйин давомида 12 та ҳимоявий ҳаракатни самарали якунлаб, бу борада пешқадамлардан бўлди. Етти маротаба тўпни боши билан узоқлаштирди.
Ҳусанов дербида қудратли фигурага айланди. Қизиғи, “Манчестер Юнайтед”нинг собиқ футболчиси Рой Кин маҳаллий футболчиларда шиддат етишмаслигини танқид қилган паллада Ҳусанов Рой Кин кутган ўйинни намойиш қилди, яъни “қаршингда “қизиллар”ни кўрдингми, ҳаммасини қулат”, қабилида ўйнади.
Аслида “шаҳарлик” фанатлар январда “Ланс”дан келганидан бери эндигина 13-учрашувини ўтказган футболчини айнан мана шунақа кескин ва шиддатли ҳаракатлари учун яхши кўриб қолган.
“Манчестер Сити”га қарши ҳужумларда ва юқори чизиқли ҳимояни қўллашда тезлик етишмаслиги муаммога айланган ва бундай вазиятда айнан тезкор Ҳусанов Гвардиоланинг асосий қуролига айланиб бормоқда.
“Манчестер Сити” ёзда нега муаммоли ҳудуд – ўнг қанот ҳимоясига янги ижрочи олмади?
Клуб бозорни ўрганмоқда. Гвардиоланинг ҳар бир позицияда ўйнайдиган ижрочига аниқ талаблари бор. Келадиган футболчи топ-даражада бўлиши керак. Скаутлар бир неча номзодларни таклиф қилди. Асосий нишон “Ньюкасл”даги Тино Ливраменто эди. Клуб трансферга уриниб кўрди, лекин рад жавобини олди.
Мураббийлар штаби таркибдаги бошқа футболчиларни ўнг қанот ҳимоясига мослаштиришга ҳаракат қиляпти. Йил бошида улар Матеуш Нуньешдан қанот ҳимоячисини ясашга уриниб кўришди. Кейин бу позицияга Рико Льюис қўйилди. Лекин иккиси ҳам ишончни оқлагани йўқ.
Шу боис, дербида ўнг қанот Ҳусанова топширилди. Тўғри чизиқли ҳимоя – Абдуқодирнинг кучли томони ҳисобланади. Унинг тезлиги баланд, тўп учун курашда ақл билан ҳаракат қилади. Замонавий АПЛда Ҳусановнинг хусусиятлари ҳужумкор ўйин кўрсатадиган жамоа учун идеал даражада қўл келади.
Бундан ташқари, Гвардиола Ҳусановга учрашувлар давомида яхшироқ очилиш, ҳужумга қўшилиш каби янги ва муҳим фазилатларни сингдириб боряпти. Тўғри, Ҳусанов қанот ҳимоячида ўйнаб, Рико Льюис сингари майдон марказига бормайди ёки Матеуш Нуньеш даражасида қанотлардан мунтазам ҳужумга ўтиб кетмайди, аммо у орқа чизиқда бугунги кунда энг муҳим нарса – ишончли ҳимояни таъминлаб беради.
Ҳусанов ҳимоя марказида зўр ўйнайди. “Брайтон”га қарши баҳсда жароҳат олгунича ўз позициясини мустаҳкам қўриқлади. Аммо у захирага олинганидан кейин “Сити” ҳимояси сезиларли даражада сустлашди. Энди Йошко Гвардиолнинг сафга қайтгани дербида Ҳусановга ўнгга сурилиб ўйнаш имконини берди.
Абдуқодирга баҳо берганда бу ўйинчи 21 ёш эканини, илгари “Бунёдкор”нинг ёшлар жамоасида ўйнаганини, профессионал фаолиятини 2022 йилнинг мартида Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасида бошлаганини инобатга олиш керак. Ҳусанов Францияда “Ланс” учун 31 та учрашув ўтказган ҳолида Англия Премьер-лигаси назарига тушди.
“Реал” ва “Ньюкасл” билан рақобатда Ҳусановни қўлга киритган “Манчестер Сити” бошида уни келажак учун трансфер қилиб, секин-аста таркибга қўшиб боришни режа қилганди. Вазият тақозоси билан ёш ҳимоячи Англияга келиши билан катта синовларга рўбарў келди.
Ҳусанов жисмоний куч-қувватига таянган ҳолда мағлубиятли вазиятларнинг етмиш фоизида ҳолатни ўз фойдасига ўзгартириб юбориш қобилиятига эга. Унинг бу хусусияти ҳимояда мустаҳкам пойдевор ўрнатишга ҳаракат қилаётган “Манчестер Сити” учун муҳим аҳамият касб этади.
Айни пайтда Ҳусанов – Хосеп Гвардиола жамоасига халақит қилаётган энг катта муаммоларга ечим бўла оладиган энг ишончли вариантдир, - деб ёзди The Athletic нашри таҳлилчиси Жордан Кэмпбелл.
Comments