Ҳусанов яна мақтовларга сазовор бўлди, Шомуродов ва Файзуллаев ғалабага ҳисса қўшди, Эрондаги легионерларимизнинг тақдири ноаниқ

Якунланган ҳафта давомида ўзбек футболчилари хориж чемпионатларида бир қатор эътиборга молик натижаларни қайд этди. Легионерларимиз фаолияти билан қуйида батафсил танишиб чиқишингиз мумкин.

Дастлаб, Англия

"Манчестер Сити" бир неча фронтда кураш олиб бормоқда. Жамоа ҳафта ўртасида АПЛнинг 29-тури доирасида ўз уйида "Ноттингем Форест"ни қабул қилди ва 2:2 ҳисобида дуранг қайд этди. Шубҳасиз, бу натижа манчестерликлар учун салбий бўлди. Сабаби улар "Арсенал" билан чемпионлик учун бўлаётган курашда ортда қолмоқда.

Аммо Хосеп Гвардиола мазкур баҳсда ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусановни 73-дақиқада захирадан майдонга туширди. Қисқа вақт ҳаракат қилган Ҳусанов хатоларга йўл қўймади ва ҳимояда ишончли ўйин кўрсатди. Футболчи бир қатор статистик порталлар томонидан баҳоланди.

Жумладан, SofaScore ўзбекистонлик ҳимоячининг ҳаракатларига 6.7 балл қўйган бўлса, FotMob 6.1 балл билан баҳолади. Шунингдек, Flashscore портали ҳам Ҳусанов ўйинига 6.4 балл берди.

Ҳафта сўнгида эса "шаҳарликлар" Англия кубогининг 1/8 финал босқичида "Ньюкасл"га қарши баҳс олиб борди. Бу сафар испаниялик мутахассис Абдуқодир Ҳусановни асосий таркибда туширишни маъқул кўрди. "Сити" сафарда "қарғалар"ни 3:1 ҳисобида таслим қилди. Шубҳасиз, бу ғалабага ҳамюртимиз ҳам катта ҳисса қўшди.

У учрашув давомида "Ньюкасл"нинг хавфли ҳужумларини бартараф этишда жонбозлик кўрсатди. Масалан, 9-дақиқада мезбонлар жуда яхши имкониятга эга бўлишди, аммо Ҳусанов Барнснинг зарба йўллашига тўсқинлик қилиб, жамоасини муқаррар голдан қутқариб қолди. Шунингдек, у тўп билан олдинга чиқишда ҳам ишончли ҳаракат қилди ва бир неча бор рақибларни ортда қолдиришга муваффақ бўлди.

Тўлиқ 90 дақиқа майдонда бўлган ҳамюртимизнинг ўйини турли порталлар томонидан юқори баҳоланди.

FotMob — 7.5
SofaScore — 7.8
Flashscore — 7.1

Беллашувдан кейин англиялик футбол экспертлари Ҳусановни мақтай бошлади. Хусусан, Рой Кин футболчи ҳақида шундай деди:

"Ҳусанов мураббийлар учун орзу. Унда кибр йўқ, камера учун ўйнамайди."

Тушуниб турганингиздек, унинг нафақат майдондаги ҳаракатлари, балки камтарлиги ҳам таҳсинга сазовор.

Туркиядаги легионерларимиз учун ҳафта қандай ўтди?

Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев тўп тепаётган "Истанбул Башакшеҳир" ўз майдонида турнир жадвалидаги асосий рақобатчиси "Гёзтепе" устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу муҳим ўйинда иккала легионеримиз ҳам илк дақиқалардан майдонга туширилди.

Аббос бир тайм ҳаракат қилган бўлса-да, ўз ҳисобига битта ассист ёздириб қўйди. Шомуродов эса тўлиқ 90 дақиқа майдонда бўлди. Статистик порталлар ўзбекистонлик футболчиларни қуйидагича баҳолади.

FotMob Аббосни 7.1 баллга, Элдорни эса 6.8 баллга лойиқ кўрди.
SofaScore эса Файзуллаевга 6.8 балл, Шомуродовга 7.1 балл қўйди.

Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ҳам "Башакшеҳир" — "Гёзтепе" учрашувини стадиондан жонли кузатиб борди.

Ҳафта давомида Transfermarkt портали Туркия Суперлигасида тўп сураётган футболчиларнинг нархини янгилади. Унга кўра, Шомуродовнинг қиймати 5 млн евродан 7 млн еврога кўтарилди. Файзуллаевники ўзгаришсиз қолиб, 7 млн еврога тенг бўлди. Ҳусниддин Алиқуловнинг баҳоси эса 1.5 млн евро этиб белгиланди.

Маълумот учун, Нури Шоҳин шогирдлари ғалабадан сўнг очколар сонини 42 тага етказиб, турнир жадвалида 5-ўринга кўтарилди.

Эрондаги легионерларимиз Тошкентда

Хабарингиз бор, Эрондаги вазият сабаб чемпионат тўхтатилган. Легионерларимиз эса мамлакатни тарк этиб улгурган. Рустам Ашурматов, Игорь Сергеев, Остон Ўрунов ва Одил Ҳамробеков Ўзбекистонга қайтган.

Маълум бўлишича, Игорь Сергеев келажаги ҳақида қайта ўйлаб кўриши ва яна "Пахтакор" сафида ўйнаши мумкин. Остон Ўрунов ҳам фаолиятини "Андижон"да давом эттириши мумкин. Бу инсайдга Ўрунов сайтимизга берган интервьюсида муносабат билдирди.

- Мендаги маълумотлар тўғри бўлса, "Андижон" жамоаси сизни ўз таркибида кўрмоқчи? 

- "Ҳа, айни дамда жамоани Самвел Бабаян бошқармоқда. У мураббий қўл остида анча мураккаб вазиятдан чиқиб кетганман. У кучли психолог ва яхши мураббий. "Навбаҳор" сафидаги ўйинларим орқали яна терма жамоага қайтишим ва футболчи сифатида қайта шаклланишимда у инсонни ўрни катта."

Остон агар "Андижон" либосини кийсангиз, "Навбаҳор" ишқибозлари буни қандай қабул қилади деб ўйлайсиз? 

- "Наманган халқи футболни жуда яхши кўради. Улар стадионда жон бергудек даражада бизни қўллаб-қувватлаган, чин мухлислардир, аммо ҳозирги қароримни ҳурмат қилишади деб умид қиламан. Футболчи жуда кўплаб факторлардан келиб чиқиб қарор қабул қилишга мажбур бўлади. "Лочинлар"нинг ишқибозлари мени доим илиқ кутиб олишига, ишонаман. Улар қалби кенг, мард ва танти инсонлар. Мен улардан ҳаётимдаги энг оғир даврларда ўзимга бўлган ишончимни қайтариб беришгани учун миннатдор бўлиб қоламан." 

Навбат БАА ҳамда Ироқдаги легионерларимизга

БАА чемпионатининг 18-турида Отабек Шукуров жамоаси "Ал Васл"ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Ўзбекистонлик футболчи 77-дақиқада захирадан ўйинга қўшилди. СофаСcоре унинг ҳаракатларини 6.6 баллга баҳолади.

Яна бир ҳамюртимиз Азиз Ғаниевнинг клуби эса ўз учрашувини 10 март куни ўтказади.

Ироқ чемпионатида тўпурар бўлиб турган Шерзод Темиров навбатдаги голини урди. Ҳужумчи "Эрбил" сафида "Ал-Карма"га қарши баҳсда гол уриб, жамоасининг 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишига ёрдам берди.

Айни пайтда Темиров 13 та гол билан тўпурарлар рўйхатида пешқадам бўлиб турибди.

Шу тариқа, легионер футболчиларимиз яна бир ҳафта давомида турли чемпионатларда фаол иштирок этди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!