Иан Гэрри Шавкат Раҳмонов учун навбатдаги "ўлжа"ми ёки...(Сўровнома)

  • 6 декабрь, 12:29
  • 0
  • MMA

Хабарингиз бор, 8 декабрь тонгида АҚШнинг Лас -Вегас шаҳрида "UFC 310" турнири ташкил этилади. Мазкур жанг кечасининг иккинчи асосий тўқнашуви қозоғистонлик Шавкат Раҳмонов ҳамда Ирландия вакили Иан Гэрри ўртасида кечади. Биз ушбу қарама-қаршилик борасида ўзбек яккакураш олами вакилларининг фикрлари билан қизиқдик. 

Фаррух Мадаминов - Ўзбекистон панкратион-грепплинг ҳамда GAMMA ассоциацияси Андижон вилояти раҳбари

-
Албатта, Шавкатга мухлислик қиламиз. Шавкат универсал жангчи ҳисобланади. Лекин бу сафар у кўпроқ курашга эътибор қаратса керак. Чунки Гэррини "стойка"си зўр. У билан "стойка"да урушиш тавакаллчилик бўлади. Лекин ишонч билан айта оламанки, Раҳмонов муддатидан аввал ғалаба қозонади. Имкониятлар 70/30 Шавкат!

Ризо Сафаров - Ўзбекистон жиу-житсу терма жамоаси бош мураббийи

-
Барча Шавкатни имкониятини юқори баҳоламоқда. Албатта, мен ҳам Шавкат Раҳмоновнинг ютишини хоҳлайман ва мухлислик қиламан. Бироқ, Иан Гэрри ҳар томонлама ривожланмоқда. У ўсиши учун астойдил ҳаракат қиляпти. Келажаги бор жангчи. У ирландиялик бўлишига қарамасдан, Бразилияда Чарльз Оливейра билан машғулотлар олиб бормоқда. Бу жиу-житсу, грепплинг, зарба кучи барчаси жойида дегани. Шавкат ҳақида гапирадиган бўлсак, У рақибига нисбатан тажрибалироқ. Бироқ улар деярли бир хил савиядаги рақиблар билан жанг қилишган. Шавкат ҳам кучли, унда ҳам грепплинг, "стойка" умуман барча жиҳатлар жойида. Мен бу жангдаги имкониятларни 50/50 дея баҳолаган бўлардим. 

Ҳусниддин Рўзиев - белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпиони

- Бу жанг жуда қизиқарли бўлса керак. Фикримча жанг 3 раундда ўз якунига етади. Дастлабки 2 раунд асосан "стойка"да кечади. 3-раундга келиб, Шавкат курашни ишга солади ва босим билан техник нокаутга учратади, деган тахминдаман. Албатта, бу шахсий фикрим. Ҳар нима бўлганда ҳам Шавкат Раҳмоновга мухлислик қиламиз. Имкониятлар 60-40. 



Азамжон Анваржонов - белбоғли кураш бўйич ажаҳон чемпиони

-
Менимча бу жангда яққол фаворит маълум. Ҳа, бу Шавкат Раҳмонов. Ҳозирда Шавкатнинг жисмоний ҳолати жуда юқори. Иан Гэррини "стойка"си кучли дея баҳо берилмоқда. Лекин мен бу фикрга қўшилмайман. Раҳмонов "стойка"да ҳам Гэррини қийнаб қўяди. Курашинику гапирмаса ҳам бўлади. Хуллас, жанг муддатидан аввал Шавкат Раҳмоновнинг ғалабаси билан якунланади. Имкониятлар 80/20. 



 Мики Калыкулов - ММА мураббийи (Қирғизистон) 

- Бу жанг узоқ давом этмайди. Яъни муддатидан аввал якунланади. Албатта, ғолиб Шавкат Раҳмонов бўлади. Узоғи билан 2-раундда Шавкат жанг масаласини ҳал қилади. Назаримда Раҳмонов "сабмишн" билан ғалаба қозонади.


 
Асилбек Маҳамматжонов - ММА жангчиси 

-  Менимча жанг барча мухлисларга ёқса керак. Ҳар иккиси "стойка"да зўр жанг кўрсатишади. Маза қилиб томоша қиладиган тўқнашув бўлади. Менимча бу қарама-қаршилик узоқ давом этмаса керак. Фикримча 2-раундда Шавкат Раҳмонов нокаут билан ғалаба қозонади. Имкониятлар 70/30 Шавкат!



Асрорбек Анваржонов - ММА бўйича жаҳон чемпиони

- Кўпчилик Шавкат Раҳмоновнинг осон ғалаба қозонишини айтишяпти. Лекин мен бундай ўйламайман. Иан Гэррини жангларини томоша қилсангиз, у ҳар қандай рақибга жиддий қаршилик кўрсата олишга қодирлигини кўрасиз. Зўр "ударник", ноодатий жангчи. Бироқ, барибир Шавкат Раҳмоновнинг бу жангдаги имконияти юқорироқ. 2 раунд "сола-сол" бўлади. 3-раундларнинг ўрталарига келиб, Раҳмонов "сабмишн" билан ғалаба қозонса керак. Имкониятлар 60/40.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!