"Иккала жамоа яхши таассурот қолдирмади, бу мухлисларга ёқадиган ўйин эмас". Ирисметовнинг Ўзбекистон - Россия терма жамоалари ўртасидаги баҳсдан кейинги муносабати

“Пахтакор” стадионида Ўзбекистон ҳамда Россия терма жамоалари иштирокидаги ўртоқли учрашувини кўпчилик кўрган бўлса керак. Ушбу ўйинда нурсиз дуранг қайд этилди.

Жамоаларга дарвозаларни ишғол қилиш насиб қилгани йўқ. Баҳс борасида албатта таассуротлар йўқ эмас. Шунинг учун Россиянинг “Спартак” клубида тўп сурган ва терма жамоамизнинг собиқ ҳужумчиси Жаъфар Ирисметов мазкур беллашув ҳақида фикрларини айтиб ўтди.

Ўйин тўғрисида

- Албатта, ўйинни кўрдик. Иккала жамоа ҳам яхши таассурот қолдирмади. Қанақадир ёпиқ ўйин бўлди. Хавфли вазиятлар ҳам кам бўлди. Биринчи бўлимда Ўзбекистон терма жамоамиз бироз яхшироқ ўйнади. Иккинчи бўлимда нимагадир ётиб олди. Қарши ҳужумда ўйнамоқчи бўлди. Лекин бу режа ўхшамади. Россия иккинчи бўлимда ғалаба қозонишга яқинроқ эди, десам ҳам бўлади. Бизда голли имкониятлар деярли бўлмади, ҳисоб. Россияда учта вазиятни санасак бўлади. Масалан, Собольевнинг акробатик тепгани ёки дарвозабонимиз яна бир вазиятда голдан сақлаб қолди. Негадир терма жамоамиз иккинчи бўлимда кўпроқ ҳимояланди. Игорь Сергеевни майдонга туширишди. Аммо, менимча, қарши ҳужумда Элдор Шомуродовдан фойдаланган яхшироқ эди.

Жамоалар эҳтиёткор ўйнадиларми?

- Менимча, эҳтиёткорлик қилишга ҳожат йўқ эди. Бу ўртоқлик учрашуви. Ниманидир ҳал қилиб қўядиган ўйин ҳисобланмасди. Бунинг устига ҳозир Ўзбекистон ҳам, Россия ҳам ҳеч нимага тайёрланмаяпти. Мураббийларни фикрларини эшитиб кўриш керак. Зерикарли учрашув бўлди, десам ҳам бўлади. Мухлисларга ёқадиган ўйин эмас-да. Тўғри, 0:0 ҳисобидаги беллашувлар бўлади, аммо унда ҳужумларга бой ўтишини кўрамиз.

узбрус

Қозоғистон ва Россияга қарши баҳсларнинг фарқли томонлари

- Қозоғистон билан яхшироқ ўйнадик. Негалигини билмайман. Балки Россия термаси Қозоғистондан кучлироқ бўлгани учундир. Қозоқларга қарши ҳужумкор ўйнадик. Имкониятлар ҳам яратилди. Бизда қандайдир ўйин бор дея олмайман, аммо Элдор Шомуродов билан Ҳожимат Эркиновнинг индивидуал маҳоратлари эвазига голлар урилди. Тўпни назорат қилдик, лекин комбинациялар кўрмадик. Россия билан учрашувда балки рақибни босими ҳам бўлгандир. Ўзинглар ҳам биласизлар, Россия кучли таркиби билан келмади. Россия иккинчи таркиби билан келган бўлса ҳам иккинчи бўлимда ташаббусга эга бўлди. Танаффусдан сўнг Ўзбекистон термаси кўринмади.

Терма жамоамиз Россияга қарши ўйинда нимани кўзлади?

- Терма жамоамизга бундай ўйинлар керак. Қанча кучлироқ рақиблар билан ўйнасак шунчалик фойдали бўлаверади. Балки мураббийларимиз кучли рақибга қарши иккинчи бўлимда ҳимоявий ўйин кўрсатишни режалаштиргандир. Камчилигимиз сифатида қарши ҳужумга тез чиқиб кета олмаётганимизни айтишим мумкин. Хавфли вазиятларни яратишга имкон топа олмадик. Бу Россиянинг кучли эканлигидан деб айтмаган бўлардим. Улар ҳам кучли футбол намойиш этгани йўқ. Бу ўйин жамоалар учун қанчалик фойдали бўлди, билмадиму, аммо ўйинда нимадир кўрганимиз йўқ. Терма жамоамиз нимани хоҳлаётганини тушуниб бўлмади. Қарши ҳужумда ўйнашдими ёки гол ўтказиб юбормаслик асосий вазифамиди? Менимча, иккинчиси бўлса керак. Иккинчи бўлимда кўрсатган ўйинимиз айтиб турибдики, асосийси, дарвозамиздан гол ўтказиб юбормаслик эди. Кучсиз томонимиз, менимча ҳужум қила олмаганимиз бўлса керак. Қозоғистон билан учрашувда нисбатан яхши ўйин кўрсатгандик.

узбрус2

Қайси футболчи ўзини кўрсатди ёки...

- Мени ишончимни оқлаш шарт эмас, мураббий ва мухлисларнинг ишончини оқлаш керак. Шерзод Насруллаевдан кўпроқ нарса кутгандим. Ҳаракат қилди, лекин унчалик ўхшамади. Бу футболчидан кўпроғини кутгандим. Уни анчадан бери кузатиб келаман. Россияга қарши бирор-бир футболчимизни зўр ўйнади, деб алоҳида кўрсатиш қийин. Валерий Карпинни гапини ўқидим, дарвозамиз олдида хавфли вазият бўлгани йўқ, деб айтди. Бу ҳақиқатга яқинроқ. Ҳимояда яхшироқ ўйнагандек бўлдик. Барибир хатолар кўзга ташланиб турди. Иккита ўйинда ҳам терма жамоамизнинг ўйин услубини кўра олмадик. Менимча, Жалолиддин Машарипов етишмади, деб ҳисоблайман. Нимагаки, у ностандарт ўйинлари билан ажралиб турарди. Бу футболчининг йўқлиги яққол билиниб қолди. Бобур Абдуҳолиқовга кўпроқ вақт берилса яхши бўларди. Беларусь чемпионатида ўзини кўрсатяпти. Лекин терма жамоада унга вақт етишмади. Руслан Жияновга имконият бераётгани одамни хурсанд қилади. Терма жамоамизда иқтидорли ёшлар кўпайгани яхши.

Шуҳратбек Жўраев.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
21/11/2022 11:13
Husniddin. Umar Sherzod. bula har tarafla. uzini maydonga erkin his qildi. kecha urtadaki. ijrochila uynap olmadi. Husniddin esa umuman raqibka yutqazmadi. qaytam. jangchilarday. hujimchini eb quydi
&
Socceruzb
21/11/2022 08:55
Яхши фикрлар....
Baxil Alihuja
21/11/2022 12:01
Жаъфар нихоят тугри фикрларни айтибди. Аксарият уйинчиларимиз негадир куркиб уйнади. Уйинчиларда умуман хохиш йук булса керак. Уларни мажбурлаб, "юткизасанлар"-деб ишонтириб куйишгандек куринди.