Илҳом Мўминжонов: Биз ҳам рақиб ҳам ўта ҳавфли вазиятлар ярата олмадик
Ads

"Металлург" ва "Навбаҳор" жамоалари ўртасидаги учрашув якунига етгач ҳар икки жамоа вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманида жамоамиз бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ва ўйиннинг энг яхши футболчиси Азизбек Турғунбоев иштирок этишди. Бу ҳақда "Навбаҳор" матбуот хизмати хабар бермоқда.

Илҳом Мўминжонов: - Бугунги учрашув дурангга мос бўлди. Ўзинглар гувоҳи бўлганларингиздек майдонда жанговар ўйин кечди. Баҳс давомида футболчиларимиз ҳам, рақиб жамоа аъзолари ҳам дарвозалар олдида ўта хавфли вазиятларни ярата олишмади. Кураш асосан марказда кечди. Шу сабабли қайд этилган дуранг натижани адолатли бўлди деб ўйлайман. Футболда ҳар қандай ҳолат рўй бериши мумкин. Стандарт вазиятларда имкониятлардан фойдалана олмадик. Чемпионатнинг дастлабки учрашуви бўлганлиги учун шогирдларим хоҳлаганимдек ўйин кўрсата олишмади. Шунга қарамай, йигитларга ирода намойиш қилиб, майдонда борларини беришгани учун раҳмат айтаман. Сабаби олдимизга юқори марраларни забт этиш қўйилган. Бундай шароитда ҳар бир очко олтинга тенг бўлади. Кейинги учрашувларда йўл қўйилган хатолар устида ишлаб яхшироқ натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз. Мухлисларимизга тенг келадиган ишқибозларни топиш мушкул. Бугун ҳам жамоани қўллаш учун йўл босиб келганликлари учун миннатдорчилик билдириб ўтаман. Келгуси турларда чиройли ўйинлар намойиш этиб мухлисларимиз ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.

Азизбек Турғунбоев: - Ўйин кўрганларингдек шиддатли руҳда кечди. Бугун Бекобод шаҳрига ғалаба қозониш учун келгандик. Бу йилги чемпионатда олдимизга юқори марраларни забт этиш вазифаси қўйилган. Шу сабабли ҳар бир ўйинда очколарни қўлга киритиш муҳим ҳисобланади. "Металлург" жамоасига қарши учрашувда қўлдан келганича ҳаракат қилдик ва якунда сафарда бир очкони қўлга киритдик.