Илҳом Мўминжонов: Керакли очколарни қўлга киритишда давом этамиз
Ads

Кеча Олий лига 28-туридан ўрин  олган "Навбаҳор" ҳамда "Сўғдиёна" жамоалари ўртасидаги баҳсдан сўнг ўтказилган  матбуот анжуманида "Навбаҳор" бош мураббийи Илҳом Мўминжонов журналистлар саволларига жавоб қайтарди. Бу ҳақда Наманган клуби матбуот хизмати хабар бермоқда.

"Футбол - бу спорт. Спорт - бу натижа. "Сўғдиёна"га қарши ўйинда биз керакли натижага эришдик. Бунинг учун йигитларга рахмат айтаман. Шогирдларим ўз олдиларига қўйилган вазифани аъло даражада бажариб, ишқибозларимизни хурсанд қилишди. Керакли очколарни қўлга киритишда давом этамиз. Мазкур учрашувдан сўнг 12 кунлик танаффус юзага келади. Биз бундан унумли фойдаланган холда "Олмалиқ" ва "Насаф" жамоаларига қарши тайёргарлик олиб борамиз.

Аввалги матбуот анжуманларида ҳам таъкидлаганман, биз ҳар бир учрашувда бор кучимиз билан майдонда ҳаракат қиламиз. "Олмалиқ"да иқтидорли мураббий Виктор Кумиков иш олиб бормоқда. Уларнинг ҳар бир чизиғида яхши ўйинчилар мавжуд. Ушбу жамоа ҳам ўз уйида кучли футбол намойиш қилади. Сафар беллашувида ҳам ижобий натижага эришиш учун ҳаракат қиламиз. Ўринбосарлар таркибидан асосий таркибга ҳозирги кунда Тошмирзаев, Ғуломов, Юнусов ва Абдувоҳидовлар қўшилишди. Уларга катта футболга қадам қўйишга кўмаклашмоқдамиз. Ҳозирги кунда ёшлар таркибида ёш ўйинчилар майдонга тушишмоқда. Умид қиламанки, келгусида Турғунбоев ва Ўрунов сингари иқтидор эгалари етишиб чиқади. Асосий жамоага ҳам ўринбосарлар сафида асосий таркибда майдонга тушган футболчиларни жалб қиламиз", - деди Мўминжонов.