Илҳом Мўминжонов: "Ўйин дурангга мос эди"

Олий Лига 8-туридан ўрин олган "Пахтакор" - "Навбаҳор" (1:0) учрашувидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида дастлаб жамоамиз бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ўйин борасида ўз фикрларини билдирди. 

"Бугунги ўйин дурангга мос эди. Бироқ ҳимоядаги қўпол хатоларимиз туфайли гол ўтказиб юбордик. Йигитлар бор вужудлари билан майдонда ҳаракат қилишгани учун ташаккур билдираман. Бу - футбол... Майдон текис, тўп думалоқ. Хаёт давом этади. Керакли хулосаларни чиқариб, "Локомотив"га қарши тайёргарлик кўришни бошлаймиз. Кейинги ўйинни ўз майдонимизда ўтказамиз. Наманганда "Навбаҳор" ҳужумкор руҳда тўп суради. Ҳар бир ўйинда ғалабани ўз олдимизга мақсад қилиб тушамиз. Тўғри, кам гол уряпмиз. Шунинг учун ҳужумда катта муаммоларимиз бор. Бизни фақатгина кам гол ўтказаётганимиз қувонтиради, холос. Мавсумни кучли учликда якунлашга ҳаракат қиламиз. Намангандан келиб, бизни шунчалик қўллаб-қувватлаган мухлисларимиздан мураббийлар штаби номидан узр сўрайман. Навбатда бизни ўз уйимизда иккита оғир беллашув кутиб турибди. Кейинги ўйинларда ҳам мухлисларимизни кўп миқдорда ўйингоҳга келиб, бизни олға чорлашларини илтимос қиламан.

- Нима учун жамоа яхши ўйин намойиш этиб турганида ҳимоячиларни майдонга туширдингиз?

- Мақсадим ҳимояни кучайтириш эмасди. Ахамият берган бўлсангиз, сўнгги ўйинларда Саматов ва Шамсиддинов фақат ярим ҳимояда ўйнашмоқда. Бу футболчиларим охирги уч ўйинда мазкур чизиқда яхши ҳаракат қилишгани учун шундай қарор чиқардим. Уларнинг иккиси ҳам захирадан майдонга тушиб, ўйинимизни кучайтиришди.

- "Пахтакор" ўйинида сўнгги пайтларда пасайиш кузатилмоқда. Жамоа "Шўртан" ва "Машъал"га ютқазди. Бугун "Навбаҳор" учрашув давомида дурангга ўйнагандек таассурот қолдирди. 

- Бу фикрга қўшилмайман. "Пахтакор"да пасайиш йўқ. Ҳозирги кунда жамоада рақобат кучайган. Барча жамоаларнинг таркибларида ёшлар ўсишмоқда. Биз уч очкони кўзлаб майдонга тушгандик...

- Ойбек Қиличев сўнгги пайтларда агрессив хулқни кўрсатмоқда. У билан бу масала бўйича алоҳида гаплашиладими?

- Ойбекнинг агрессив ўйини менга ёқади. Ушбу футболчининг ҳаракатлари жамоадошларига руҳан қўшимча куч бағишлайди. Унинг "Динамо" билан кечган ўйинда олган қизил карточкаси ўйиндан ташқарида бўлган. Бунинг учун у жазоланган. Ҳар бир баҳсда Ойбек бор кучини майдонда сарфлагани учун унга доим рахмат айтаман. Биласиз, Қиличев аввал "Пахтакор"да ўйнаган. Ойбек собиқ жамоадошлари нималарга қодирлигини яхши билади. Бугун Қиличев гол уришга ваъда берганди, лекин афсуски нияти амалга ошмади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!