Илҳом Мўминжонов: "Рақибда хоҳиш жуда юқори даражада эди"
Про лиганинг 7-тури доирасида ҚМУ "Жайхун" - "Металлург" учрашуви бўлиб ўтди. Баҳс 2:0 ҳисобида мезбонларнинг фойдасига ҳал бўлди.
Ўйиндан кейин "Металлург" бош мураббийи матбуот анжуманида қатнашди.
"Рақибни ғалаба билан табриклайман. Бугун "Жайхун" ғалабага ҳақли ўйин намойиш этди. Бизнинг ўйинимиз эса чиқмади. 11 метрлик зарбани ҳам голга айлантира олмадик. Жамоамиз тажрибали футболчилардан иборат, урилмаган пенальти қаттиқ таъсир қилди шекилли, руҳан бўшашиб қолдик. Кейин хатоларга йўл қўйдик, айнан улар сабабли гол ўтказиб юбордик.
Футболни алдаб бўлмайди. Рақибда хоҳиш жуда юқори даражада эди. Шу сабабли майдонни ёки бошқа бирорта факторни баҳона қилмоқчи эмасман.
Про лигада мана шундай баҳсларни ютиб Суперлигага чиқиш керак. Вазиятлар бўлди, лекин тўп дарвозага киришни хоҳламади. Бугун бизнинг кун эмас экан.
Уйга қайтгач, ўйинни яхшилаб таҳлил қиламиз. Олдинда бизни Кубок баҳслари кутиб турибди".

Фикрлар