Илҳом Мўминжонов: Суперлигада кучсиз жамоанинг ўзи йўқ
Ads

Хабарингиз бор кеча Пепси Суперлиганинг 13-туридан ўрин олган “Навбаҳор” ҳамда АГМК жамоалари ўртасидаги баҳс бўлиб ўтди.

Учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида “Навбаҳор” бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ҳам иштирок этди ва ўзининг ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

“Муҳим учрашувда ғалаба қозондик. Футболчиларимизга ўзларини кўрсатишгани учун каттакон раҳмат айтаман. Ушбу ғалабани унутган ҳолда ишлашда ва изланишда давом этамиз. Олдин ҳам айтиб ўтганимдек, тактикани рақибга қараб танлаймиз. Мураббийлар штаби ва футболчилар билан рақиб ўйин услубини ўрганиб чиққандик. Шундан келиб чиққан ҳолда ўйинимизни ташкил этдик. Балки “Қўқон-1912” жамоасига қарши баҳсда бошқача тактикада тўп сурармиз. Бир сўз билан айтганда танлаган тактикамиз ўз самарасини берди. Учрашув давомида гол уриш учун бир қатор имкониятларга эга бўлсакда, битта вазиятни голга айлантира олдик холос. Бугунги учрашувда айрим футболчиларимиз жароҳат туфайли, Мирзоҳид Ғофуров эса сариқ карточкалари сони тўрттага етганлиги сабабли майдонга туша олишмади. Ишонч билдирилган футболчиларимиз ўзларини кўрсатишди ва чиройли ғалабага эришдик. Бу футбол. Аслини олганда жорий йилги мавсумда Суперлигада кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Бунга ўзинглар ҳам гувоҳ бўлмоқдасизлар. Мисол учун “Қизилқум” жамоаси олдинги турда “Локомотив” майдонида дуранг ўйнаб бугун Қўқонда ғалаба қозонди. Бир сўз билан айтганда қандай натижа қайд этилишини олдиндан айтиб бўлмайди. Агарда рақиб дарвозаси олдида юзага келтирилган вазиятларнинг барчасидан фойдалана олганимизда йирик ҳисоб қайд этилиши мумкин эди. Машғулотлар чоғида имкониятлардан фойдаланиш борасидаги камчиликларимиз устида ишлаймиз. Қандай ҳолат бўлишидан қатъий назар таблодаги 1:0 ҳисоби бизни қониқтирди”, - дейди Мўминжонов.