Илёс Зейтуллаев: "Шогирдларимни характеридан хайратдаман"
Суперлигада 19-тур ўйинлари давом эттирилди. "Бунёдкор" жамоаси сафарда "Сурхон" клуби билан куч синашди ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Илёс Зейтуллаев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Бугун биз учун жуда муҳим баҳс эди. Ҳозирги ҳолатимиз қандай эканлигини яхши биласиз. Бугун майдон бўйлаб устунлик рақибда бўлганига қарамай, йигитлар олдига қўйилган вазифани муносиб бажарди. Мен шогирдларимни характеридан хайратдаман. Улар қандай аҳволда эканлигимизни ҳис қилган ҳолда жамоа бўлиб ҳаракат қилмоқда. Бу ғалабадан жуда хурсандмиз.
- "Бунёдкор" илк бор мавсумда иккита ғалабани кетма-кет қўлга киритди. Қўшимчасига меҳмонда?!
- "Динамо" билан баҳсдаги ғалабали юришни давом эттиришимиз жуда муҳим эди. Ўйлашимча, жамоа руҳан ўз кучига ишонишни бошлади. Биз уддалай оламиз ва уддалашимиз керак, бу ишни. Биз ўз кемамизни суви сокин портга олиб келиш учун ҳамма ишни қиламиз. Кемадаги бача бир манзил сари ҳаракат қилаётгани ёқимли.
- "Бунёдкор" ҳозир тўлиқлигича ҳисобни ушлашга ўйнаяптими?
- "Сурхон" худди "Сўғдиёна" ва биринчи даврадаги "Олимпик" каби бизга қарши ҳаракат қилган энг яхши жамоалардан бири. Мураббийлар штаби ҳам жуда яхши иш олиб бормоқда. Улар бизни чуқурроқ ҳимояланишга мажбур қилишди, аммо йигитлар янада жипслашган ҳолда мудофаада туриб бера олди. Тўғри, устунлик рақиб томонда бўлганига қарамай, футболда доим тўпни назорат қилган томон ғалаба қозонмайди. Бизда қарши ҳужумлар учун имкониятлар бўлди. Ҳозир очко жамғаришимиз керак. Кейинчалик бу ўйинларни қандай бўлганини ҳеч ким эсламайди ҳам.
Фикрлар