Индонезияда чемпионат ўйинидан сўнг оммавий тартибсизлик юзага келди. Қурбонлар бор

Индонезия Премьер лигаси 11-туридан ўрин олган "Арема" ва "Персебая" жамоалари ўртасидаги беллашувда меҳмонлар 3:2 ҳисобида зафар қучди.

Ўйиндан сўнг икки томон мухлислари ўртасида катта жанжал юзага келди, вазиятга полиция аралашди. Ҳаттоки, ходимлар муштлашувни тўхтатиш мақсадида кўздан ёш оқизувчи газ ишлатишга мажбур бўлган.

Оқибатда, юзлаб инсонлар газдан қочиш учун чиқиш дарвозаси томон югурган. Тартибсизликлар орасида баъзи одамлар бўғилиб, айримлари оёқ остида қолиб кетган.

Хабарларга кўра, оммавий тартибсизлик натижасида 300 дан ортиқ киши жароҳат олган ва яқин атрофдаги касалхоналарга олиб кетилган. Бироқ афсуски, 120 дан кўпроқ инсон ҳаётдан кўз юмган. Қурбонлар сони ортаётгани айтилмоқда.

Индонезия футбол ассоциацияси мамлакат олий ҳамда қуйи лигаси учрашувларини тўхтатди ва тергов ишлари бошлаб юборилди.

Бу каби ҳолат Индонезияда аввал ҳам содир бўлган. Клублар ўртасидаги кучли рақобат баъзида жамоа тарафдорлари ўртасида катта жанжалларга олиб келганди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!