Иқболжон Холдоров рақибининг кучли жиҳати нимада? Мураббий Зуфар Сулаймонов жавоб берди
Маълумки, 3 апрель куни Тошкентда тарихий профессионал бокс кечаси ташкил этилади. Унинг марказий жанги иккинчи ўта енгил вазн тоифасида IBF ҳамда WBA чемпионлик камари соҳиби Муроджон Аҳмадалиев ҳамда япониялик даъвогар Риёсука Иваса ўртасида бўлади.
Шунингдек, бир қатор бокс юлдузларимиз ҳам ўз жангларини ўтказади. Жумладан, Иқболжон Холдоров профессионал боксда дебют қилади. Унга украиналик Володимир Гордиенко (8-3-0, 3 КО)рақиблик қилади. Украина вакили ўзбекистонлик бокс мухлисларига яхши таниш. Чунки у ёшлар ўртасидаги WBC жаҳон чемпионлик камари учун Равшанбек Маҳаммаджонов билан тўқнаш келган ва унда ҳамюртимиз очколар ҳисобида ғалаба қозониб, ушбу титулни қўлга киритганди.
Биз ушбу боксчи ҳақида ва унинг Иқболжон Холдоровга қанчалик қийинчилик туғдириши мумкинлиги борасида Равшанбек Маҳаммаджонов ва кўплаб боксчиларимизнинг устози Зуфар Сулаймоновнинг фикрларига қизиқдик.
- Умуман олганда, Гордиенко жуда яхши савиядаги боксчи. Унинг чап қўл ён томондан йўлланадиган зарбаси жуда кучли ва хавфли, рингда биринчи рақам бўлиб ишлайди. Одатда, иккинчи бўлиб ишлашни хуш кўрмайди. Доимо, рақибини прессингда ушлашга ҳаракат қилади. Қолаверса, тажриба бобида ҳам Иқболжондан устун. Яъни, профессионал фаолиятини назарда тутмоқдаман. Аслида, ҳаваскор йўналишда ҳам яхши натижалар қайд эта олган. Бироқ, Иқболжонда класс барибир юқори, деган фикрдаман. Унинг рингдаги эркин ҳаракатлари, ақл билан ишлаши, оёқ ҳаракатлари аъло даражада. Украиналик боксчига қарши Иқболжонда барча қуроллар мавжуд. Ўйлайманки, Гордиенко бу жангда анчагина қийинчиликка учрайди.
3 апрель куни рингга кўтарилувчи барча боксчиларимизга омад ёр бўлсин. Чиройли ғалабалар билан барчамизни ҳурсанд қилишларига тилакдошман!
Фикрлар