Иқтидорли футболчи ёнғинда кучли куйди. 40 киши қурбон бўлди
Франциянинг “Мец” клуби ҳимоячиси Таирис Дос Сантос Швейцариядаги тоғ-чанғи курортида юз берган ёнғин оқибатида оғир куйиш жароҳатини олди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Ҳодиса Янги йил кечасида Швейцариянинг Кран-Монтана тоғ-чанғи курортидаги барлардан бирида содир бўлган. Ёнғин натижасида тахминан 40 нафар инсон ҳалок бўлган, 110 нафардан ортиғи турли даражада жароҳат олган.
- Клубимиз тарбияланувчиси Таирис Дос Сантос Кран-Монтанадаги ёнғин оқибатида жабрланди. Футболчи оғир куйиш жароҳатлари билан вертолёт орқали Германияга олиб кетилди ва ҳозирда у ерда даволанмоқда. Клуб раҳбарияти, футболчилар ва бутун ходимлар ушбу фожиадан қаттиқ ларзага келган. Биз унинг оиласига тўлиқ қўллаб-қувватловимизни билдирамиз. Агар ҳолатда жиддий ўзгаришлар бўлса, қўшимча маълумот берилади, - дейилади “Мец” расмий баёнотида.
19 ёшли Дос Сантос ҳали “Мец”нинг асосий жамоасида дебют қилиб улгурмаган эди. У асосан ёшлар жамоасидаги ўйинлари билан мухлису мутахассислар эътиборини қозониб келаётган эди.



Фикрлар