Ислом Исмоилов: "Натижадан келиб чиққан ҳолда бу хато ваҳимали эмас"
Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичининг илк турида “Нефтчи” ўз майдонида биринчи лига “Марказ” минтақаси етакчиси “Гулистон”ни қабул қилди ва 6:1 ҳисобидаги йирик ғалабага эришди. Мазкур беллашувдан сўнг “Нефтчи” бош мураббийи Ислом Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Биринчи навбатда барча мухлисларимизни ғалаба билан табриклайман. Ҳар бир расмий учрашув ўз номи билан расмий ўйин. Оддий ўйинни ўзи йўқ. Тўғри, рақиб жамоа биринчи лига иштирокчиси. Улар ҳам ўзини даражасида яхши жамоа. Ўз минтақасида биринчи ўринда кетяпти. Таркибида бир нечта Суперлига ҳавосидан баҳраманд бўлган тажрибали футболчилар бор. Янги шаклланаётган яхши жамоалардан бири. Шунга қарамасдан майдонда тўлиқ доминантлик қилдик. Ҳисоб ҳам шунга яраша бўлди. Ўйлайманки, учрашув ҳар томонлама биз хоҳлагандек ўтди.
- Жамоа таркибида бир нечта ёш ўйинчиларни дебютига гувоҳ бўлдик. Уларни дебют ўйинлари сизни қониқтирдими?
- Жуда кўп ёш футболчилар аста-секинлик билан дебют қиляпти. Бу ёш ўйинчиларни дебют қилиши жамоа учун яхши ҳолат. Албатта, хатолар бўлади, лекин “Нефтчи”дек жамоада дебют қилиш ҳам ҳар бир футболчига насиб қилмайди. Буни ўзига яраша масъулияти ва жавобгарлиги бор. Шуни ҳисобига айрим кичик хатолар кўзга ташланяпти. Умуман олганда, таркибимиздаги ёшларни меҳнат қилишда тўхташмаса яхши келажак кутяпти, деб айта оламан.
- Кучсизроқ рақибга қарши ўйинга футболчиларни қандай “настрой” қила олдингиз?
- Яхши савол. Кеча бир қатор Суперлига жамоалари биринчи лига ва про лига клубларига қарши ўйнаб ютқазишди. Ушбу натижалардан ўзимиз учун хулосалар чиқардик. Футболчиларимиз профессионал ва улар ҳар бир ўйинга бир хил тайёргарлик кўришади. Бу психология билан боғлиқ, кимдир рақибга қараб бироз бўшашиш мумкин. Лекин йигитларга раҳмат айтаман, улар ўйинга жиддий қарашди.
- Ўтказиб юборилган голга қандай баҳо берасиз?
- Нима десам бўлади? Ҳимоячи дарвозабон орқали ўйнаб вазиятдан чиқиб кетмоқчи бўлди, аммо хато қилди ва ўйлагани амалга ошмади. Аммо натижадан келиб чиққан ҳолда бу хато у қадар ваҳимали эмас.
- Захирага олинган Марушич бу ҳолатдан норозидек бўлди...
- Ҳамма футболчи ҳам кўпроқ ўйнашни хоҳлайди. Бу нормал ҳолат. Бизда кўплаб ўйинчилар мавжуд. Ҳаммаси ҳам ўйнашни истайди. Кам ўйнаган футболчида янада кўпроқ ўйнаш нияти бўлади, бу нормал ҳолат. Ҳеч қандай муаммо йўқ.
- Майдонга тушмаган Стипе Перицага нима бўлди?
- У билан гаплашиб олдик. Бошида яхши бошлаганди. Кейин ўзида қандайдир муаммолар бўлди. Билмадим, балки бу мослашув билан боғлиқдир. Ўйлайманки, у яна қайтади. У профессионал ва яна аввалги формасига қайтади.
- “Нефтчи” бу йил асосий эътиборини Суперлигага қаратадими ёки Ўзбекистон Кубогигами?
- Биз ўзимиз қатнашаётган барча турнирларга эътиборимизни қаратамиз ва уларда ғолиб чиқишни хоҳлаймиз. Бу мусобақага эътибор қиламиз, унисига унча қарамаймиз, деган тушунча йўқ. Ҳар бир турнирда ғалаба қозонишни хоҳлаймиз.
- 26 майдан кейин клуб узоқ муддатли танаффусга чиқади. Шу вақт давомидаги режалар қандай бўлади?
- Танаффус пайтида режалар ишлаб чиқилган ва раҳбарият томонидан тасдиқланиши кутиляпти. Бу албатта ОАВ орқали эълон қилинади.
- Ўзбекистон терма жамоасини 16 май куни “Нефтчи” билан ёпиқ ўйин ўтказиш режаси бор. Шу ўйиндан қанақа натижа кутяпсиз?
- Мураббий сифатида ўртоқлик ёки расмий ўйин бўладими, доимо ғалаба қозонишни хоҳлайман. Лекин терма жамоа ўз номи билан терма жамоа. Ҳозирги кунда бир қатор етакчи ўйинчиларимиз ҳам терма жамоа билан бирга. Миллий термага қарши ўйнаш биз учун яхши. Чунки камчиликларимизни кўриб олишга имкон яратади. Максимал сифатида доим ғалаба хоҳлаймиз. Аммо ўртоқлик ўйинида натижа муҳим эмас.

Фикрлар