Ислом Исмоилов: "Турон"да тил борасида муаммо бор

Суперлига 6-туридан ўрин олган "Навбаҳор" ҳамда "Турон" жамоалари ўртасидаги ўйиндан (0:0) сўнг яйпанликлар устози Ислом Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этди ва ўз фикрларини билдирди.

"Барчани кириб келган Рамазон ойи билан табриклайман. Бугунги дуранг адолатли натижа бўлди. Ҳар икки жамоада қатор вазиятлар яратилган бўлса-да, улардан фойдалана олмади. Гарчи, ўйин мухлисларсиз ўтган бўлса ҳам,  беллашув анча жанговар руҳда ўтди.

"Навбаҳор" доимо ўз уйида рақибларига жиддий қийинчилик туғдиради, чунки жамоанинг мухлислари яхши қўллаб-қувватлашади. Лекин барибир, майдонда асосий ишни футболчилар бажаришади. Ҳар икки жамоага очко сув ва ҳаводек зарур эди. Бизга ҳам, мезбонларга ҳам ғалаба керак эди. Шу боис, ҳар икки жамоа эҳтиёткорлик билан тўп сурди. Жамоа йиллар давомида шаклланади, бунинг учун вақт керак. Таркибда кўплаб легионерлар бор, тил борасида муаммо бор. Футбол - бу мулоқот, футболчилар майдонда ўзаро мулоқот қилиб ўйнашлари керак. Шу масалада бироз муаммо туғилмоқда. Бугунги асосий вазифамиз гол ўтказиб юбормаслик эди, буни бажардик. Лекин иккинчи вазифа гол уришни уддалай олмадик.

Тўғри, бугун ёш футболчиларни майдонга туширдик. Асилбек Қаюмов Суперлигада дебют қилди, аста-секин ўз ўйинини топиб олади. Билол Тошмирзаев ҳақида ҳам шундай фикр билдиришим мумкин. Бу футболчилар шу кунгача Суперлига ҳавосини кўрмаган, лекин вақт ўтгани сари элитага кўникиб олишади.

Карикарини алмаштиришимизга сабаб, ўйин давомида кўрдикки, ҳар икки жамоа асосий эътибор узун узатмаларга қаратди. Бизнинг футболчилар иккинчи қаватдаги курашларда ютқазишди. Карикари Азимжон Аҳмедов билан курашда ютқазди. Шунинг учун уни алмаштирдик.

Ғиёс Комиловда жароҳат бор эди. Жаҳонгир Меҳмоновни эса бугунги ўйиндаги ҳолатдан келиб чиқиб, майдонга туширмадик, бошқа футболчиларимизга имконият бердик. Меҳмонов тажрибали футболчи, унинг кейинги ўйинларда фойдаси тегишига ишонаман", - деб Исмоиловнинг сўзларини келтириб ўтди "Навбаҳор" матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!