Ислом Кенжабоев: “Навбаҳор" чемпион бўлар эди, агар...” (Катта интервью)
Ўтган мавсумни “Қизилқум” сафида якунлаган иқтидорли футболчи Ислом Кенжабоев SPORTS.uz сайти учун каттагина интервью берди. Суҳбат давомида футболчи фаолияти ва айни дамдаги режалари билан ўртоқлашди.
Ўтган мавсумни “Навбаҳор” сафида бошладингиз, аммо кутилганидек футбол намойиш этганингиз йўқ. Наманганда ўйнаб кета олмаганингизнинг сабаби нима?
- Нега ўйнаб кета олмадингиз, деган савол ноўрин. Ўзбекистондаги исталган жамоада бемалол асосий таркибда тўп суришим мумкин. “Навбаҳор” сафида Самвел Бабаян менга ишонч билдиргани йўқ. У ўз футболчиларига кўпроқ ишонди ва эркинлик тақдим этди. Агар ўзининг "қадрдон"ларига ишонгандек, менга ҳам имкон берганида, жамоага яхшигина ёрдам берган бўлар эдим. Балки, чемпион бўлармидик. Тўғриси, сабаблар бисёр.
Иккинчи даврада анча яхши ўйин кўрсатдингиз. Айтингчи, “Қизилқум”да ҳақиқатан ҳам ички низолар бор эдими?
- Иккинчи даврада “Қизилқум” сафига келиб қўшилдим. Очиғи, Навоийда мазза қилиб футбол ўйнадим. Мураббий ҳам менга ишонч билдирди. Мен жамоадаги катта футболчилар орасида ҳеч қандай муаммо кўрганим йўқ. Иккига бўлиниб кетиш ёки мураббийга қарши бирлашиш ҳақида гап-сўз ҳам бўлмаган. Лазаревичга қолган футболчиларнинг муносабати қандай эканлигини билмайман. Сўнгги икки ой давомида футболдан четга чиқиб қолганим учун, балки кўп нарсадан хабарим йўқдир.
Никола Лазаревич масаласида фикрингиз қандай?
- Унинг жамоадаги ўрни қандай эканлигини аниқ айта олмайман. Шунга қарамай, футбол жамоасида мураббийнинг ўз ўрни бўлиши керак. У шогирдларидан бир бош баланд бўлиши шарт. Бошқачасига, ўз гапини ҳеч кимга ўтказа олмайди. Менимча, Лазаревич шу ишни уддалай олгани йўқ.
Тез орада янги мавсум бошланади. Кейинги жамоангиз масаласида бир қарорга келдингизми?
- Ҳозирча йўқ. Менда 2-3 та таклиф бор. Шунингдек, “Қизилқум” ҳам янги контракт таклиф қилди. Ҳали якуний қарорга келганим йўқ. Насиб қилса, трансфер ойнаси сўнгига қадар вариантлар ичидан энг яхшисини танлаб оламан. Футболни соғинганман. Мухлисларни, голлар ва бу спорт туридаги азартнинг ўрнини ҳеч нарса эгаллай олмайди. Насиб қилса, Ислом Кенжабоев янги мавсумга янада кучли бўлиб қайтади.
Сизни “Насаф” базасида шуғулланаётганингиз ҳақида миш-мишлар тарқалди. Бу трансфер амалга ошиши мумкинми?
- “Насаф” билан барчаси режа асосида кетаёган эди. Якунда, мендаги муаммо сабабли Қаршига кўчиб ўта олмадим. Бунинг сабаби сир бўлиб қолишини истайман. Шунга қарамай, “аждарлар”га меҳрим бўлакча. Афсуски, бу сафар клуб ва мен бошқа-бошқа йўлдан кетишимизга тўғри келади.
Ўзбекистон миллий терма жамоасини кузатиб боряпсизми? Яна термага чақирилиш имкониятингизга қандай баҳо берасиз?
- Албатта кузатиб бораман. Бу халқ жамоаси. Менимча, қандай клубда ўйнашнинг аҳамияти йўқ. Футболчи ўз ишини ситқидилдан амалга оширса, исталган жамоадан терма йиғинига таклиф олиши мумкин. Асосийси, барчаси футболчининг ўзига боғлиқ. У хорижда ёки ўзимизда тўп сураётганининг аҳамияти йўқ деб ўйлайман. Катанец қўл остида терма либосини кийишни истайман. Бунинг учун, янги мавсумда қўлимдан келган барча ишни қиламан. Юқорида айтганимдек, спорт формамни аъло даражага олиб чиқиб, яна мухлисларни хурсанд қилишни хоҳлайман.
Сиз бир муддат Жанубий Кореяда тўп сурдингиз. Айтингчи, бугунги Ўзбекистон футболининг даражаси қандай?
- Менимча биз Жанубий Кореяга етиб олишимизга анча вақт керак бўлади. Гап футболчилар ёки жамоаларда эмас. У ерда футбол учун яратилган шароитлар, йўлга қўйилган тизим, болалар футболи ва инфратузилмага фақатгина ҳавас қилиш мумкин. Бизда ҳам секин-аста ривожланиш учун қадамлар ташланмоқда. Тўғри, фарқ ҳозир катта, аммо йиллар давомида тўғри амалга оширилган меҳнат эвазига бу тафовутни йўқотишимиз мумкин.
Яқин йиллар ичидаги режаларингиз қандай?
- Келаётган мавсумда ўзимни яхши томондан кўрсатиб, биринчи имкон бўлиши билан легионерга айланишни режалаштиряпман. Менимча, футболчиларимиз хорижда қанча кўп ҳаракат қилса, футболимиз ривожи учун шунча яхши бўлади. Истаймизми, йўқми, барибир легионерларнинг терма жамоа учун келтираётган фойдаси маҳаллий футболчиларникидан кўпроқ. Насиб қилса, келаси мавсум сўнгида хориждан келган таклифларни кўриб чиқиш учун меҳнат қилишдан тўхтамайман.
Футбол ишқибозлари учун тилакларингиз бўлса, марҳамат?!
- Биринчи навбатда футболга бўлган муҳаббат ҳеч қачон сўнмаслигини тилаб қоламан. Айнан улар борлиги учун ҳам биз тўп тепамиз. Уларнинг қўллаб-қувватлаб туриши барчасидан муҳим. Барча ўзи ўйлаган эзгу ниятларга етиб юрсин. Биз эса, меҳнат қилишдан чарчамайлик.
Я . У
Фикрлар