Ислом Кенжабоевга клубида қандай муносабатда бўлишди? Нега маҳаллий ўйинчилар билан гаплашмасди? Мураббий нима учун ишонмади? Яна "Насаф"га қайтадими? Футболчи ҳаммасига жавоб берди

Қишда Жанубий Кореянинг “Чежу Юнайтед” клубига катта мақсадлар билан йўл олган ҳамюртимиз Ислом Кенжабоев энди ортга қайтяпти.

Негадир легионеримиз у ерда деярли ўзини кўрсатиш имконига эга бўлмади. Бунинг сабабларини билиш ва кейинги режалари қандайлиги ҳақида футболчи билан суҳбатлашдик.

- Ислом, “Чежу Юнайтед” жамоаси билан хайрлашишингиз қандай содир бўлди? Чунки у ерга борганингизга ҳали кўп вақт ҳам бўлмаганди. Тез ортга қайтишингизнинг сабаби нимада?

- Клубдан кетишимнинг сабаблари...У ерда ўйин амалиёти мен учун кам бўлди. Бош мураббий менга умуман имкон бермади. Айтадиган бўлсам, сабаблари жуда кўп. Ҳаммасини айтсам баъзи мухлисларга баҳона бўлиб туюлиши мумкин. Бундан ташқари, оилавий сабаб туфайли ҳам ортга қайтяпман. Шартномани икки томонлама ўзаро келишган ҳолда бекор қилдик.

- Жанубий Кореяга кетаётган чоғингизда ҳам гаплашгандик ва ниятингиз катта эканлигини айтгансиз. Бироқ у ерга боргач, вазият сиз ўйлагандек кечмади. Клубга, унинг муҳитига ва маҳаллий менталитетга мослашишда сизда қийинчиликлар бўлдими?

- Ҳа, Кореяга катта мақсадлар билан келгандим. Жамоага илк қўшилишим кўнгилдагидек бўлмади. Бу ерга келишим биланоқ 14 кунлик карантинга тушдим. Карантиндан чиққанимдан кейин чемпионат бошланиб қолди, биринчи турда ўйнамадим. Мураббий билан гаплашганимда мени 4-5 та тур ўтганидан сўнг майдонга туширишини айтди. Ўша 4-5 та тур ҳам ўтди, аммо ўйинга қўймади. Барибир устимда ишладим, ҳаракат қилдим. Спорт формамни тиклаб олдим. Тайёргарлигим 100 фоизлик даражага чиққанида ҳам майдонга туширмади. Мураббий мени ўзимни кўрсатишимга имкон бермади. Бу баҳона эмас. Эшитишимча, “Чежу Юнайтед” клубида легионерларга мослашиш имконияти жуда кам экан. Ишонасизми, 15 та ўйин кутдим, фақат битта учрашувда туширди. Ўшанда ҳам ёмон ўйнадим дея олмайман. Бу ҳақида мураббийларнинг ўзлари ҳам айтишди. Адашмасам, Кубок баҳсида тўп сурдим. Ўша ўйиндан кейин баллик системада энг яхши кўрсаткич қайд этганлар орасида бўлдим. Мураббий кейинги ўйинга ҳам имкон бераман деди-ю, аммо қўймади. Мен ҳам қачон имконият бераркин деб кутиб юравермайман-ку, билиб турибманки, улар менга барибир имконият беришмасди. Мураббийнинг режасида йўқлигимни сездим. Шундан сўнг, ўзаро келишдик ва шартномани тўхтатдик.

кенжабоев2_1

- Қизиқ, бу клубга сизни ким таклиф қилганди? Ўша мураббийми ёки раҳбарларми? Ё агентингиз сизни ўзи уларга тавсия қилганмиди?

- Мураббий билан гаплашганимда ундан шу ҳақда сўраганман. Легионерларни танлаш жараёнида унинг ўзи биринчи бўлиб мени танлаган. Мураббий ўзи хоҳлагани учун жамоасига чақирган.

- Клубга қўшилгач, мураббийнинг сизга нисбатан эътибори ва муносабати ўзгаргач, бу сизни ҳайрон қолдирдими?

- Албатта, ҳайрон қолдирди. Мураббий ўзи чақиряпти-да, борганимдан кейин умуман имкон бермаяпти?! Ҳаттоки, машғулотларга ҳам қўшмаган пайтлари бўлди. Нимага бундай бўлганига ҳалигача тушунмаяпман.

- “Чежу Юнайтед” клубига ўтиб хатога йўл қўйдим, деган ўй-хаёл сизни қийнаяптими?

- Ўйин тарафлама – бу катта йўқотиш, футболчи учун. Лекин Кореяга келиб кўп нарсани ўргандим. Ўзига яраша тажриба орттирдим. Шунақа вазиятларда ким кимлигини билдим. Кўп нарса ойдинлашди. Ҳаётда хато қилмаган инсон ҳеч нарса қилмаган бўлади. Балки жамоа танлашда адашгандирмиз. Ҳаммаси яхшиликка.

кенжа3

- Мураббий билан шахсий муносабатингиз қандай эди? Ўртангизда низо келиб чиқмаганмиди?

- Мураббий билан ўртамизда уруш-жанжал бўлгани йўқ. Борганимда ҳам яхши кутиб олишди. Фақат битта муаммо: таржимонимни кеч юборишди, борганимдан сўнг, бир ой ўтгач, кейин келди. Ўша вақтларда мослашишим қийинроқ бўлди. Таржимоним келганидан кейин улар нима деяётганини тушундим ва анча мослашдим. Жамоа машғулотларига киришиб кетдим, барибир имкон бермади.

- Клубингизда молиявий тарафдан муаммо йўқмиди?

- Кореяда умуман молиявий тарафдан муаммо йўқ. Ҳаммаси яхши бўлди.

- Жамоадошларингиз билан яхши киришиб кетганмидингиз ёки у ерда ўзингизни ёлғиздек ҳис қилдингизми?

- Ҳар қандай жамоада ҳам ҳар хил ўйинчилар бор. Асосан клубдаги иккита хорижлик легионер билан бир оиладек бўлиб яшадик. Улар билан уйимиз ҳам ёнма-ён эди, қўшни эдик. Лекин кореялик футболчилар билан унчалик алоқам йўқ эди. Кўп гаплашмасдим.

кенжабоев3

- У ерда юз берган ҳолатдан кейин ўзингиз учун қандай хулоса чиқардингиз?

- “Чежу Юнайтед”даги ўтган олти ой мен учун дарс бўлди, ҳаётий томонлама ҳам, футбол тарафлама ҳам. Янги клубга ўтишдан аввал мураббийнинг қанақалиги, унинг характери, унга ростдан керакманми, шуларни яхшилаб билиб, кейин бир қарорга келиш лозимлигини тушундим. У ерда профессионалликни ўргандим. Ўз устимда янада кўпроқ ишлашим керак, айниқса, жисмоний томонлама. Аммо ўзбек футболчилари техника ва ақлий футбол кўрсатиш борасида корейс футболчиларидан кучсиз эмас.  

- Бундан кейинги режангиз биз учун қизиқ. Суперлигага қайтасизми?

- 2 июлда Ўзбекистонга қайтаман. Қандай қарор қабул қилиш бўйича ота-онам билан маслаҳатлашаман. Қайси жамоа менга қулай бўлса, ўша ерга бораман. Ота-онам нима десалар шу бўлади. Ҳозирча бир нечта клублардан таклифлар бор.

кенжабоев9

- Биз ҳам сизга Суперлига клубларидан таклифлар борлиги ҳақида эшитдик. Ҳозирда қайси жамоалар билан музокаралар кетяпти?

- Биласизми, Жанубий Кореянинг ўзидан ҳам икки-учта жамоасидан таклиф тушди. Бошида айтдим-ку, оилавий шароит тўғри келмаганлиги учун ҳам қайтяпман. Ўзбекистондан қайси клублар таклиф билан чиққанлиги сир бўлиб турсин. Қайси жамоага ўтганим аниқ бўлганида билиб оласизлар.

- Кенжабоев яна “Насаф”га қайтадими, деган савол ҳам мухлисларни қизиқтиряпти...

- Тўғриси, ҳали ҳеч қайси клубни ўйлаб кўрганим йўқ. “Насаф”дан таклиф бўлса, ўйлаб кўрамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
inson
30/06/2021 22:33
omad dostim