Ислом Махачев ва Иан Гарри жанги катта баҳсларга сабаб бўлди !!! (Сўровнома)
16 август куни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳри "UFC 330" турнирига мезбонлик қилади. Мазкур оқшомнинг асосий тўқнашуви ярим ўрта вазнда амалдаги чемпион Ислом Махачев ва даъвогар Иан "Мачадо" Гарри ўртасида кечади. Биз анъанага мувофиқ ушбу қарама-қаршилик борасида ўзбек спорт олами вакилларининг фикри билан қизиқдик.
Аюбхон Камолов - Ўзбек ММА афсонаси:
– Бу жанг қизиқарли ўтиши аниқ. Ғолиб номини олдиндан аниқ тахмин қилиб бўлмайди. Бироқ услуб жиҳатидан айтадиган бўлсак, Исломнинг имконияти каттароқ. Кўпчилик спортчи ва мутахассислар ҳам россияликнинг зафар қучишини прогноз қилмоқда. Менимча, 1 раундда Махачев рақибни ўрганиб, жангга мослашиб, 2 раунд охирида Гаррини мағлуб этади. Очиғи, мен Ислом учун дуода бўламан. Чунки у мусулмон спортчи. Ғалаба баъзан кўпчиликнинг дуосига ҳам боғлиқ!
Мавлонбек Қаҳҳоров – машҳур профессионал муайтайчи ва яккакураш устаси:
– Бу тўқнашувни катта қизиқиш билан кутяпман. Фикримча, икки спортчи учун ҳам қийин жанг бўлади. Гарри жисмоний жиҳатдан анча бақувват ва ўзига ишончи жуда катта. У Исломга ҳар жиҳатдан муаммо туғдиради. Бироқ Махачевнинг бурчагида Хабиб бор. Нурмагомедов Ианга карши тўғри тактика тузиб бера олади. Менимча, баҳс тўлиқ 5 раунд давом этади ва якунда Махачев очколар эвазига ғалаба қозонади!
Парвиз Абдумавлонов – таниқли ММА менежери:
– Менимча, бу жуда қизиқарли жанг бўлади. Гаррининг кучли ҳимоясини ҳисобга олсак, мазкур қарама-қаршилик тўлиқ 5 раунд давом этиши мумкин. Бироқ якунда Махачев ҳакамлар қарорига кўра ғалаба қозонади, деб ўйлайман!
Дмитрий Худяков – "Fight Baza" клуби мураббийи:
– Дастлабки раундданоқ кураш ва "стойка"да қаттиқ баҳс кетиши аниқ. Бироқ ўйлашимча, Махачев 1 раунддаёқ Гаррини нокаут қилиши ёки сабмишн эвазига зафар қучиши мумкин.
Сирочбек Исмоилов – 12-0 рекорд билан одимлаётган профессионал боксчи:
– Мазкур тўқнашувни интиқлик билан кутяпман. Махачевнинг кураш маҳорати Гарриникидан кучли. Шунинг учун Ислом дастлабки 3 та раундда Ианни чарчатиб, 4-5 раундда бўғиб қўяди, деб ўйлайман.
Шохрух Абубакиров – ММА шарҳловчиси:
– Бу баҳс жуда шиддатли ўтиши кутилмоқда. Менимча, Ислом Махачев 3-4 раундда Иан Гаррининг бўйнига ва елкасига босим ўтказиб, қон айланишини тўхтатиш орқали таслим бўлишга мажбур қилади (Бу усул "D’arce choke" деб аталади).
Темур Мамирбеков - профессионал ММА жангчиси:
– Гаррининг "стойка"си ҳам, кураши ҳам анча яхши ривожланган, бўйи узун ва универсал жангчи. Шу боис у Махачевга жиддий бош оғриқ бўлиши аниқ. Бироқ Ислом барибир Ианга ўз курашини ўтказиб, 2 раундда сабмишн орқали ғалаба қозонади, деб ўйлайман.

Фикрлар