Испания бош мураббийи ва сардори Ўзбекистонга қарши ўйиндан олдин нималар деди?
Франция пойтахти Париж шаҳри мезбонлик қилаётган ёзги Олимпия ўйинларининг футбол мусобақаларини Ўзбекистон – Испания ҳамда Аргентина – Марокаш терма жамоалари ўртасидаги учрашувлар бошлаб беради.
Париж Олимпиадаси ўзбекистонлик футболчилар учун тарихий аҳамият касб этади. Чунки мамлакатимиз чарм тўп усталари саккизинчи уринишда илк бор Олимпия саралаш турниридан муваффақиятли ўтиб, тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт анжуманида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
“С” гуруҳида жой олган футболчиларимизнинг илк Олимпиададаги дастлабки рақиби – “Токио-2020” ўйинлари финалчиси Испания терма жамоаси бўлади.
Испан футболи вакиллари яқиндагина Германияда ташкил этилган Европа чемпионатида ғолиб чиққани бу мамлакат терма жамоаларига бўлган эътиборни кучайтириб юборди.
Париж Олимпиадасида қатнашаётган Испания терма жамоаси бош мураббийи Санти Дения ва жамоа етакчиси Абель Руис Ўзбекистон терма жамоаси билан бўладиган ўйин олдидан Испания футбол федерацияси rfef.es расмий сайтига интервью берди.
- Бу жуда мураккаб мусобақа, деярли жаҳон чемпионатидек, фақат кичикрок масштабларда. Одатда, биринчи ўйин доимо энг муҳими бўлади ва биз бор эътиборимизни айнан мана учрашувга қаратганмиз.
Менинг вазифам қисқа фурсатларда бир жамоа ва оилани барпо этишдан иборат бўлади.
Биз биринчи ўйинга эътибор қаратамиз ва кейин орзуларга берилсак бўлади, - деди Санти Дения.
Испания терма жамоаси бош мураббийи анчадан бери Олимпиадаларда олтин медаль қўлга киритилмагани ўзи учун янги чақирув экани, мақсадга қадамба-қадам эришилишини таъкидлади. Шунингдек, Санти Дения яқинда Европа чемпионатида ғолиб чиққан Фермин Лопес ва Алекс Баэна терма жамоага қўшилгани, улар муҳим ўйинчи экани, айни пайтда яхши спорт формасида ва ўзларини бахтиёр ҳис қилаётганликларини айтди.
Испания футбол федерацияси сайтига терма жамоа сардори Абель Руис ҳам ўзбекистонликлар билан бўладиган ўйин борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
- Олимпиадада иштирок этиш жуда қизиқарди. Ҳозир ҳеч қандай босимни ҳис қилаётганимиз йўқ, лекин бу ерга боримизни бергани келдик. Биз Испания олимпия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилаётганимиздан фахрланамиз.
Биринчи ўйинга катта иштиёқ, буюк мақсад билан тайёрланяпмиз ва дастлабки уч очкони қўлга киритишни истаймиз. Ўзбекистон – жуда яхши жамоа, улар вазифамизни қийинлаштириши аниқ. Уч очко олиш учун боримизни бз фоиз беришимизга тўғри келади, - деди Абель Руис.
24 ёшли Абель Руис “Барселона” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Профессионал фаолияти давомида Португалиянинг “Брага” клубида ўйнаган. Яқинда Испания чемпионати совриндори “Жирона” бир неча позицияда ўйнай оладиган ҳужумчини ўз сафига қўшиб олди.
Ўзбекистон ҳамда Испания ўртасидаги биринчи тур ўйини 24 июль куни Тошкент вақти билан соат 18:00 да Париж шаҳридаги машҳур “Парк де Пренс” стадионида бошланади.
Халқаро Олимпия қўмитаси Шомуродов ва А Серия бўйича маълумот чиқарди
Файзуллаев хориждан яхши таклифлар олади, агар...
Фикрлар
Испан қироли, Амир Темурга бож тўлаб турган.