Испания Ла Лигасида тўп сурган футболчини Андижонда кутишяпти...
Мусобақа жадвалида 4 очко билан 12-ўринни эгаллаб турган “Андижон” анчадан бери мухлисларини хурсанд қила олмаяпти. Кўриниб турибдики, таркиб маҳоратли ижрочиларга муҳтож. Биринчи давра тугаганидан кейин селекцияда яна яхшигина ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Бу борада аллақачон ишлар бошлаб юборилган.
Яқинда “Андижон” клуби раҳбари Журъатбек Қувватов sports.uz мухбирига берган интервьюсида иккинчи давра учун жамоага хорижлик яхши савиядаги легионерлар ҳам таклиф қилиниши ҳақида гапиргани ёдимизда. Яқинда ўзи билан учрашганимизда бизга бир қатор хорижлик ўйинчилар билан музокаралар олиб борилаётгани ҳақида маълумот берганди. Ўшанда легионерлар билан ҳали якуний келишувга эришилмаган, музокаралар дастлабки босқичда эди. Вазият шундай давом этяптики, иккинчи даврада андижонликлар сафида албатта янги легионерлар пайдо бўлади.
Sports.uz маълумотига кўра, клубнинг кўз остига олиб қўйган легионерлардан бири билан деярли келишувга эришилгани маълум бўлди. Sports.uz мухбири бу борада “Андижон” клуби раҳбари Журъатбек Қувватов билан боғланганида чиндан ҳам бу хабарни тасдиқлади. Унинг маълум қилишича, испаниялик 31 ёшли ярим ҳимоячи Тони Довале биринчи даврадан кейин “Андижон” сафига қўшилади.
Ушбу футболчи ҳақида ўқувчиларга маълумот бериб ўтсак. Унинг тўлиқ исм-фамилияси Антонио Родригес Довале, у 1990 йилнинг 4 апрель куни Испаниянинг Ла Корунья шаҳрида туғилган. Барселонадаги футбол академиясида таҳсил олган. Футболчилик фаолиятида қайси клубларда тўп сурган? Дастлаб Испаниянинг “Сельта” клубини айтиш мумкин. Довале виголиклар жамоасида бир неча мавсумни ўтказган. Аввалига Испания сегундасида сўнг, Ла Лигада “Сельта” шарафини ҳимоя қилди. Умумий ҳисобда Тони Вигода етти мавсумни ўтказгани ҳам эътиборга молик. Дарвоқе, футболчи бу вақт ичида маълум вақт “Уэска” жамоасида ҳам ўйнади. Кейин эса уни АҚШга чорлашади ва МЛС чемпионатида Канзаснинг “Спортинг” жамоаси шарафини ҳимоя қилди. Бу 2014 йилги мавсумга тўғри келади.
Кейин Тони Испанияга қайтиб “Луго” жамоасидан қўним топди. У бир мавсум ўйнагач, “Леганес”дан тушган таклифни қабул қилди. Довале аввалига ушбу жамоа билан сегундада тўп сурди. Орадан бир йил ўтиб “Леганес” билан Ла Лига йўлланмасини қўлга киритди. 2016-2017 йилги чемпионатни айнан Испания Ла Лигасида ўтказди. Унинг кейинги клуби эса сиз билан бизга яхши таниш бўлган “Райо Вальекано” бўлди.
Кейинчалик испаниялик легионернинг манзили Осиё томонга ўзгарди. У ўз омадини Ҳиндистоннинг “Бенгалуру” жамоасида синаб кўришга розилик билдиради. Ҳинд чемпионатида бир йилни ўтказгач, Тони Довале Кипрнинг “Саламис” клубига кўчиб ўтди. Орадан кўп ўтмасдан испаниялик ярим ҳимоячи яна Ҳиндистон Суперлигасига қайтди. Бу сафар “Ист Бенгал” клубида тўп суришга розилик билдирди. Футболчи шундан кейин Таиланднинг “Навий” жамоасига ўтди. Бунгача эса ушбу ўйинчи Испанияда, аниқроғи, Андалусиянинг “Эл Эжидо” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келаётганди.
Хуллас, Доваленинг шу кунгача босиб ўтган йўли билан сизларни қисқача таништирдик. Энди катта эҳтимол билан Тони Ўзбекистон чемпионатида тўп суради. Юқорида таъкидлаганимиздек, “Андижон” клуби раҳбари испаниялик тажрибали ўйинчи билан деярли келишувга эришганини маълум қилди.
Биз эса вазиятга янада ойдинлик киритиш мақсадида футболчининг агенти – Кова Тилавпур билан ҳам алоқага чиқдик. Дарҳақиқат, ушбу агент мижозининг “Андижон”га ўтаётганини тасдиқлаган ҳолда sports.uz учун қуйидагиларни айтди:
- Тони Испаниянинг Ла Корунья шаҳрида туғилган. У шаҳарнинг шимоли-ғарбида дунёга келган. Ўзининг футболдаги илк қадамларини Барселона шаҳридаги футбол академиясида ташлаган. Биз икки йилдан бери ўзаро ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Унинг қандай ўйинчилигини машғулот ва ўйинлар чоғидаги хатти-ҳаракатларини кузатадиган бўлсангиз ҳаммасига ўзингиз амин бўласиз. Айниқса, унинг чап оёқда тўпга берадиган зарбалари жуда кучли. У бир қанча таниқли клубларда ҳам ўйнаган.
“Андижон” футбол клуби унга жуда яхши таклиф билан чиқди. Ўз навбатида мижозим омадини Марказий Осиёдаги кучли лигалардан бири саналадиган Ўзбекистон чемпионатида синаб кўришга қарор қилди. Айтишим жоизки, бизнинг музокараларимиз ҳозир ҳам давом этяпти. Умид қиламанки, Тони “Андижон”да албатта ўзини кўрсатадиган даражада ўйнашга киришади ва яхши натижаларни қайд эта олишига ишонаман, - дея жавоб берди, Тони Доваленинг агенти.
Кўриб турганингиздек, иккинчи даврада “Андижон” сафида илк испаниялик футболчи тўп суришга яқин турибди. Бундан ташқари, клуб яна бошқа хорижлик ўйинчилар билан ҳам музокараларни давом эттиряпти. Бундан мақсад, таркибни ва жамоа ўйинини кучайтиришдан иборат.
Фикрлар