Испаниялик мутахассислар "Металлург"да. Улардан бирини яхши танийсиз!
Яқинда Sports.uz сайти орқали “Металлург” жамоаси қошида “Реал” Мадрид академиясининг филиали фаолиятини бошлаши ҳақида маълумот бергандик. Мазкур лойиҳа кўпчиликда катта қизиқиш уйғотаётгани рост. Чунки “Металлург” билан ҳамкорликда “El Golazo Academy Powered by Real Madrid Foundation” футбол академияси бевосита “Реал” клуби академиясининг ишлаш тизимини қўллайди.
Айни пайтда ёш тоифасига қараб болаларни саралаш ишлари давом эттириляпти. Бу ерда энг иқтидорли ёшлар сараланади. Кейин “Реал” Мадрид академияси методикаси бўйича иш услуби қўлланилади. Яқинда ушбу лойиҳа ташкилотчиси – “El Golazo” компанияси асосчиси Зокиржон Ҳолиқов билан суҳбатлашганимизда Бекободда “Реал” Мадрид академияси медотикаси бўйича айнан у ердан мутахассислар жалб этилиши ҳақида таъкидлаганди.
Режага мувофиқ, яқинда Испаниядан дастлабки мутахассис етиб келди. Бу сиз ва бизга яхши таниш бўлган Серхио Маринангели. Унутмаган бўлсангиз, ушбу мураббий Ўзбекистонда ишлаб кетган. Илк бор ўтган йили юртимизга келган ва дастлаб про-лигада “Оқтепа” жамоасига устозлик қилди. Қишда эса у “Машъал” клубига таклиф қилинди. Ўшанда аввалига клуб академиясида иш бошлаганди. Орадан кўп ўтмасдан “Машъал” бош мураббийи этиб тайинланди. Тахминан икки ойча жамоанинг йиғинини ўтказди. Бироқ испаниялик мураббийнинг у ердаги фаолияти узоққа чўзилмади. Оилавий шароити сабабли Испанияга қайтишига тўғри келди.
Охирги марта Sports.uz сайтига берган интервьюсида Маринангели “Расинг” клубида фаолият олиб бораётгани ҳақида маълум қилганди. Кўриб турибсизки, у яна бир бор Ўзбекистонга қайтди. Айтиш мумкинки, Маринангели “El Golazo” билан яқин ҳамкорликда иш олиб боради. Айнан мазкур компаниянинг таклифига биноан испаниялик мутахассис “Реал” академиясининг “Металлург”даги филиалида иш бошлаши кутилмоқда. Боиси, Серхио ёшлар билан ишлаш бўйича яхши тажрибага эга ҳисобланади. Шу сабабдан ёшларни саралаш ва уларни “Реал” академияси методикаси бўйича ўргатишда Маринангелининг малакаси асқотишига ишонмоқдалар.
Айни пайтда Бекобод шаҳридаги “Цементчи” стадионида “El Golazo Academy Powered by Real Madrid Foundation” футбол академияси учун танловнинг ҳал қилувчи иккинчи босқичи давом этмоқда. Вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан саралаб келинган истеъдодли ёшлар эндиликда маҳаллий мураббийлар ҳамда испаниялик мутахассис Серхио Адриан Маринангели кўригидан яна бир бор ўтишяпти. Энг муносиб ёшлар танлов якунлангач, академияда таҳсил олиш учун Бекободда олиб қолинади.
Куни кеча кичик ва ўрта ёш тоифаси – U-12, U-13 гуруҳи номзодлари кўриги бўлиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, “El Golazo Academy Powered by Real Madrid Foundation” футбол академиясида ўқиш еттита ёш тоифасида ташкиллаштирилади.
Шунингдек, Испаниядан иккинчи мутахассис ҳам етиб келиши кутилаётганди ва режага мувофиқ куни кеча Бекободга ташриф буюрди. Бу “Реал” Мадрид академиясида бош мураббийлардан бири бўлиб ишлаган Луис Мануэль Эрнандес. Ушбу мутахассис катта тажрибага эга. Эндиликда “El Golazo Academy Powered by Real Madrid Foundation” футбол академиясида техник директор сифатида фаолият олиб бориши кутилмоқда. Серхио Маринангели эса унинг ўринбосари бўлиши катта эҳтимол.
Фикрлар