Испанияни уйига жўнатган 13 футболчи Марокашда туғилмаган!
Кечагина бу мундиалдаги энг катта сенсациясини амалга оширган Марокаш сафида 13 та бошқа мамлакатда дунёга келган футболчи ҳаракат қилганидан хабарингиз борми? Кишини ҳайратга солувчи факт! ПСЖни ёндираётган Ашраф Ҳакими, серияда қаҳрамонлик кўрсатган Яссин Буну ва бошқа асосий ижрочилар турли-туман давлатларда таваллуд топган. SPORTS.uz сизларни тўлиқ маълумотлар билан таништиради.
Яссин Буну
Испанияни турнирдан чиқариб юборган йигит Канаданинг Монреаль шаҳрида туғилган. Эътиборлиси шундаки, Яссин 8 ёшга тўлган пайтда оиласи билан ортга, Марокашга қайтади. Айнан шу ёшдан қаҳрамонимиз маҳаллий “Виҳдат” жамоаси академиясига қабул қилинади.
Мунир Муҳаммади
Захира дарвозабони асли Марокашга тегишли бўлсада, 40 йилдан бери Испания томонидан бошқарилаётган Мелилья шаҳрида дунёга келган. Бу ҳозирги Марокаш учун энг оғриқли мавзу саналади. Мамлакат аҳолиси қачондир бу кўҳна шаҳарни қайтариб олишига ишонади. Мунир ҳам бир неча бор интервьюларда шу сўзларни айтган.
Роман Саисс
Марокаш термаси сардори Бур-де-Пеаж шаҳридан. Бу Париждан бироз узоқликда жойлашган кичик шаҳарча. Қаҳрамонимизнинг отаси марокашлик бўлса, онаси француз. Роман Францияда катта бўлганига қарамай, биринчи имкон бўлиши билан Марокаш термасини танлаган. Шу боис, маҳаллий ишқибозлар уни ҳурмат қилади.
Ашраф Ҳакими
Марокаш термасининг асосий юлдузи Мадридда дунё юзини кўрган. У ёшликдан “Реал” академиясида тарбия топади. Қаҳрамонимиз бир неча бор Испания ёшлар термасидан таклиф олганига қарамай, асл ватани учун тўп суришни афзал кўради. У бу қарорини жамоаларнинг ички муҳитидан келиб чиқиб тўғри эканлигига шубҳа қилмайди. Ашрафнинг ота-онаси ҳам фарзанди Европада катта бўлганига қарамай, асл марокашлик эканлигидан фахрланади.
Нуссаир Мазрауи
Чап қанот ҳимоячиси Нидерландиянинг Лейдердорпидан. 9 ёшдан бошлаб “Аякс” академияси тарбияланувчисига айлангач, узоқ муддат Нидерландия фуқаролигини рад этди. “Бавария”га ўтгач, "учар голландлар"дан тушган таклифни рад этди. Марокаш учун тўп тепишни ёшлигидан орзу қилган йигит бугунги жамоанинг асосий фигураларидан бирига айланган.
Софьян Амрабат
Испанияни турнирдан чиқариб юборишда катта хизмат қилган ярим ҳимоячи ҳам Нидерландияда туғилган. “Утрехт” тарбияланувчиси ҳатто Нидерландия ёшлар термасида ҳам тўп сурган. Софьян акаси Нардин ортидан у ҳам асл ватани учун тўп тепишни афзал кўргани эътиборга молик.
Селим Амалла
Чорак финал йўлланмасини берган ўйинда 82 дақиқа ҳаракат қилган Селимнинг карьераси қизиқарли. Этник итальян ва марокашлик бўлган йигит Бельгияда катта бўлган. Унда, бир йўла учта терма жамоа ёшларида тўп суриш имконияти бор эди. Селим ота юртини афзал кўрди. 2019 йилда "қора қитъа" томон йўл олишга қарор қилди. Қаҳрамонимиз бутун фаолияти давомида Бельгия чемпионатида ҳаракат қилмоқда. У “Стандарт” клубининг чинакам етакчиси.
Ильяс Шаир
Ильяснинг ҳаёт йўли Селимникидан ҳам қизиқроқ. Отаси марокашлик, онаси польшалик бўлган болакай Бельгияда катта бўлади. Эътиборлиси шундаки, Шаирга биринчи бўлиб Польша ёшлар жамоасидан таклиф келиб тушади. Футболчи икки бор буни рад этади. Фақат 2017 йилга келибгина Марокашдан келган чақирувни қабул қилади. Ҳозирда ҚПР аъзоси.
Билол эль-Ханнус
Қатар яшил майдонларида ҳали дебют қилмаган марказий ярим ҳимоячи билан яқиндан танишамиз. Майдонга тушмагани учун уни ҳисобдан чиқаришга шошилманг! Эндигина 18 ёшни қарши олган йигитча яқин 2-3 йил ичида топ-клублар оромини ўғирлаши турган гап. Ҳозир Марокаш билан ЖЧга келганига қарамай, Билол Бельгиянинг U14, U16 ва U18 жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Улғайгач, ота-онасини хурсанд қилиш мақсадида Марокашни танлади.
Ҳаким Зиеш
Бугунги жамоанинг энг таниқли ижрочиси – Ҳаким Зиеш ҳам Нидерландияда таваллуд топган. У шу мамлакатнинг ўсмирлар ва ёшлар жамоасида тўп сурган. Профессионал карьера старт олгач, Нидерландиядан воз кечиб, Марокаш фойдасига қарор қабул қилди. Қизиғи шундаки, 2022 йилда у терма сафидаги фаолиятига нуқта қўймоқчи эди. Бунга бош мураббий Воҳид Халилхўжич билан билан жанжал сабаб бўлди. Кейин, Марокаш футбол раҳбарлари Воҳидни истеъфога чиқарди. Янги мураббий келгач, Зиеш ҳам термага қайтди.
Софиан Буфаль
Бу ҳужумкор ярим ҳимоячи Парижда катта бўлган. Марокашликлар оиласида улғайгани якунда уни терма жамоа танлашдаги қарорига таъсир кўрсатди. “Анже” клуби академиясида тарбияланган футболчи Франция термасидан таклиф олмагач, 2016 йилда Марокашни танлади. Ҳозир у жамоанинг асосий юлдузларидан бири.
Закария Абдуҳилол
Мундиал давомида икки бор захирадан ўйинга қўшилган футболчи ҳам Нидерландияда туғилиб ўсган. Ливия ва марокашликлар оиласида дунё юзини кўрган йигит 20 ёшга қадар катта бўлган мамлакатининг турли ёшдаги жамоалари шарафини ҳимоя қилди. ПСВ клубида футбол сабоқларини олган Закария 21 ёшда Марокаш термасидан келган таклифни қабул қилди.
Валид Кеддира
24 ёшли ҳужумчи “Бари” шарафини ҳимоя қилмоқда. Италияда туғилганига қарамай, у аслида қаерлик эканлигини унутгани йўқ. Кеддира жуда кучли ижрочи эмас, аммо сўнгги мавсумда Италия Б Сериясида тўпурар бўлди. Айнан шу фактор эвазига мураббийлар штаби Валидни таркибга қўшиб олди. Испанияга қарши ўйинда захирадан майдонга тушган Кеддира Марокаш либосида дебют қилишга муваффақ бўлди. Бу унинг илк расмий ўйини эди.
Фикрлар