Исроил Мадримов: Шахрам Ғиёсов ва Муроджон Аҳмадалиев билан битта залда машқ қиламиз

Ҳаваскор рингда ўз вазнида дунёнинг энг кучли боксчиларидан бири – Исроил Мадримов ҳақида билсангиз керак.

Кўп карра Республика чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, Осиёнинг энг кучли боксчиси, жаҳон чемпионати ва олимпия ўйинлари иштирокчиси, профессионал рингдаги биринчи жангидаёқ WBA International камарини қўлга киритган истеъдодли чарм қўлқоп устамиз www.sports.uz сайтига берган интервьюсида бокснинг нозик жиҳатлари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Исроил ҳозир нималар билан бандсиз?

- Осиё чемпионатидан қайтиб келгач, бироз дам олиб, профессионалда галдаги жангни ўтказиш учун машғулотларни бошлаб юбордим. Ҳозир АҚШнинг Калифорния штатидаман. Кейинги беллашув ва рақибим ким бўлиши ҳозирча номаълум. Шунинг учун, техник ва умумий жисмоний ҳолатимни керакли босқичга олиб чиқиш учун ишлаяпман.

- 2018 йилнинг ноябрь ойида профессионал рингда дебют қилдингиз. У ердаги атмосфера сизда қандай таассурот уйғотди?

- Аввалига бироз ҳаяжон бўлди. Лекин профида мени жуда илиқ қарши олишди. Бокс жамоатчилигида ном қозонган тажрибали мураббийлардан бири Жоель Диаз қўл остида шуғулланяпман. Шароитлар зўр. Жамоавий бирдамлик кучли. Муҳими, мен бу ерда ёлғиз эмасман. Ҳаваскор рингдаги дўстларим Шахрам Ғиёсов ва Муроджон Аҳмадалиев билан битта залда машқ қиламиз. Тан олиш керак, бошида жуда қийин кечди. Лекин вақт ўтгач, ҳамма нарсага кўникдим.

- Ҳаваскор бокс билан профессионал бокс ўртасида қандай фарқларни сездингиз?

- Энг катта фарқи, ҳаваскор рингда стандарт 3 раунд жанг қилинса, проф рингда беллашувлар энг ками 4 раунддан бошлаб, 12 раундгача етади. Бундан ташқари, машғулотлар жараёни ва рақибларнинг савияси ҳам бир-биридан мутлақо фарқ қилади. Қизиғи, битта спорт тури бўлишига қарамай, улар орасидаги тафовут жуда катта.

- Бир вақтнинг ўзида ҳам ҳаваскор рингда, ҳам профессионал рингда иштирок этяпсиз. Машғулотлар тизимини ўзгартириш қийин эмасми?

- Биласизми, ҳаваскордан профессионалга ўтиш у қадар катта қийинчилик туғдирмайди. Лекин яна ҳаваскорга қайтиш учун анча тер тўкиш керак. Профидан ҳаваскорга “кўчиш” ҳар қандай боксчига техник ҳамда жисмоний жиҳатдан жуда мураккаб ва ноқулай жараён. Буларнинг барчасини ўз танамда ҳис қилган ҳолда айтяпман.

- Спортнинг яккакураш турларида вазн сақлаш энг оғир ишлардан бири. Табиийки, боксчилар ҳам бу қийинчиликка кўп дуч келишади. Сизда вазндан муаммо йўқми?

- Мен ҳаваскор рингда 75 кг вазн тоифасида жанглар ўтказаман, профессионалда эса 69 кг вазнда рингга чиқаман. Ҳаваскорларда мусобақалар 10 кунгача чўзилиб кетади. Шуни ҳисобига, ортиқча вазндан ҳалос бўлишга катта меҳнат талаб қилинмайди. Америкада эса диетага қаттиқ риоя қиляпман. Шу боис, вазн “хайдаш”да кўп бош қотирмайман.

- Проф рингда 2 та жанг ва 2 та ёрқин нокаутни ҳисобингизга ёзиб қўйдингиз. Ҳаваскорда нега нокаутга эришиш қийин?

- Ҳаваскор боксда жанг вақти қисқа эканлиги, имкониятларни тўлиқ ишга солиш қийин бўлгани боис, боксчилар асосан очкога ҳаракат қилишади. Профессионалда эса вазият мутлақо бошқача ва бу ерда спортчилар яккалик кучли зарбаларга таянишади. Шунинг учун нокаутлар эҳтимоли жуда катта. Нокаутга ҳаракат қилиш керак эмас, у ўзи келади. Фақат, уни сабр билан кутиш ва имкониятдан унумли фойдалана билсангиз бас. Яна бир омил шуки, бунда қўлқоплар ҳам муҳим рол ўйнайди.

- Келгусидаги режаларингиз?

Шубҳасиз, профессионал рингда нуфузли йўналишларда жаҳон чемпионлик камарларини қўлга киритиш ва вазннинг энг кучли боксчиларидан бири бўлиш. Бу йулда, бор маҳоратимни ишга соламан.

Фазлиддин Ҳусниддинов суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
FozilxonQorixonov
20/05/2019 18:06
Salom kim bor
&
20/05/2019 20:12
Хамма шу ерда)))