"Istanbul Junior European Cup 2026" турнирида 4 та медални қўлга киритдик
Туркиянинг Истанбул шаҳри мезбонлик қилган ва дунёнинг 27 давлатидан келган 500 нафардан зиёд дзюдочи қатнашган "Istanbul Junior European Cup 2026" турнири ўз якунига етди.
Мусобақанинг иккинчи куни ўрта ва оғир вазн тоифасида беллашувлар ташкил этилди. +100 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Фазлиддин Рафиков барча рақибларини мағлуб этиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Фазлиддин турнир доирасида Россия, Нидерландия, Япония ва Озарбайжон дзюдочиларидан устун келди.
Терма жамоамиз аъзоларидан Арапбай Даурбаев (-60 кг), Сабина Азаматова (-52 кг) кумуш, Хушнуд Султонов (-60 кг) бронза медалига сазовор бўлди. Битта олтин, 2 та кумуш, 1 та бронза медалини қўлга киритган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 27 давлат орасида 4-ўринни эгаллади.
Бу ҳақда Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фикрлар