
"Истеъфога чиқарилишим мен учун қаттиқ зарба бўлди". Хомяков қаерда хатога йўл қўйганини ва "Машъал"га қандай мураббий кераклигини айтди
Муборакнинг “Машъал” жамоасида Суперлигада қолиш учун имконият охиригача сақланиб қолганди. Ҳеч бўлмаганда плей-оффда про лига дебютанти “Олимпик”ни мағлуб этса кифоя эди. Аммо “Машъал” шу ишни ҳам эплай олмади ва про лигага равона бўлди.
Охир-оқибат клубнинг россиялик бош мураббийи Александр Хомяков истеъфога чиқарилди. Гарчи унинг клуб билан амалдаги шартномаси бўлишига қарамай, раҳбарият мутахассис билан орани очиқ қилди. Sports.uz мухбири Александр Андреевич билан мазкур истеъфо тўғрисида суҳбатлашди.
- Гарчи “Машъал” билан шартномангизда яна бир йил бўлса-да, клубдан кетдингиз. Битимни бузиш ташаббуси кимдан чиқди?
- “Машъал”га қайтишим билан менга ишонч билдирилганди. Афсуски, кутилган натижа қайд этилмади. Шу боис мавсум ниҳоясига етганидан кейин раҳбарият менинг клубдан кетишим хусусида қарор қабул қилди. Жамоага бундан кейин ишларида ривож ва омад тилаб қоламан.
- Эшитишимча, клубда молиявий муаммолар юзага келган. Бу ҳолат ҳам натижаларга таъсир кўрсатдимикин?..
- Клубда жиддий молиявий муаммолар йўқ. Айтмоқчиманки, кетишим молиявий масалага бориб тақалмайди. Тўғри, маошларнинг кечикиши кузатилди. Бундай ҳолат фақат бизда учрамайди. Аммо раҳбарият ўйинчиларнинг маошлари билан боғлиқ вазиятни доим ижобий ҳал қилиб келган. Гарчи маошлар кечиктириб тўланган бўлса ҳам биз мутасаддиларнинг қарзларини уза олишларига ишонардик. Аксинча, бу масала айримлар ўйлаганидек чуқур илдиз отмаган. Шунчаки, маошлар гоҳ-гоҳида кечиктириб тўланган холос. Албатта, масаланинг бошқа томони ҳам йўқ эмас. Маошлар кечиктириб берилса, шундай пайтда хоҳласанг-хоҳламасанг, қалбингни хавотир эгаллайди ва пулларни тежаб сарфлашни бошлайсан. Эртанги кун яхши бўлиши учун ғалаба қозонишинг кераклигини ҳис қиласан. Лекин, барибир қалбингдаги хавотир сени тарк этмайди. Аммо буларни элитадан тушиб кетишининг асосий сабаби сифатида кўрсатиш керак эмас. Шунчаки, бизга ғалабалар етишмади. Ғалаба қозонмас экансан, чорасиз аҳволга тушиб қолишинг тайин.
- Нима деб ўйлайсиз, қаерда хатога йўл қўйгансиз?
- Бундай муваффақиятсизликнинг сабаблари ҳақида батафсил тўхталиб ўтишни истамаган бўлардим. Шундай бўлса ҳам айрим жиҳатларга бироз эътибор қаратиб ўтиш фойдадан ҳоли бўлмайди:
1. Аксар ҳолларда мураббийнинг ғоялари амалга ошмасдан қолди. У қандай клублар билан ишламасин, майдонда унинг ғояларини амалга ошириш бевосита ўйинчиларга боғлиқ бўлади. Бундай пайтда мураббий қаршисида муаммо юзага келиб, у қайси футболчига ишонч билдириш ёки билдирмаслик кераклиги борасида иккиланиб қолиши тайин. Сенда жаҳондаги энг зўр идеал ғоялар бўлса-да, жамоа билан алоқа ўрната олмасанг, бундан ҳеч қандай наф чиқмайди. Шу боис мураббийнинг ижтимоий ва тактик-техник ғоялари ҳар қанча зўр бўлмасин кутилган самарани бермаслиги мумкин. Гуруҳ билан коммуникация – бу натижа қайд этилишининг асосий омилларидан бири саналади. Назаримда, юқорида айтиб ўтган омиллар бўлмагани ҳам менинг амалга ошира олмаган асосий камчиликларим ҳисобланади.
2. Албатта, бевосита ўйинни ташкил этиш борасида ҳам клубда муаммо кўзга ташланди. Бундай пайтда кутилган натижа қайд этилиши учун клубнинг муҳим жиҳати борасида мураббий томонидан қўйилган кўрсатмаларни бажара олиши асосий планга чиқади. Муайян вазиятларда жамоа ҳимоядаги ўйин борасида анча ишончли кўринган бўлса-да, барибир голлар ўтказиб юборди. Аксига олиб ҳимоячиларнинг индивидуал жиҳатдан йўл қўйган хатолари якунда биз учун қимматга тушди.
Ўз навбатида клубнинг ҳужумдаги ўйинларида ранг-баранглик етишмади. Айниқса, ҳимоядан ҳужумга ўтиш чоғида бизда узулишлар кузатилди. Шунинг эвазига рақиб ҳимоядаги ўйинини ташкил этган ҳолда бизга голлар уриш учун деярли имкон қолдирмади. Тўғри, айрим ҳолларда ҳимоядан тезкор қарши ҳужумга ўтиш бизга қўл келди. Лекин бундай учрашувлар сони у қадар кўп бўлмади. Ўз ўрнида натижаларнинг кутилган даражада бўлавермаслиги футболчиларни руҳлантиришда муайян қийинчиликларни юзага келтирмасдан қолмаганини айтиб ўтиш керак. Мураббий ва ўйинчиларга ваъда қилинган пулларнинг вақтида тўланмаслиги ҳам якунда акс таъсир кўрсатмасдан қолмади. Шунингдек, ташқи муносабатнинг яхши бўлмагани билан биргаликда натижага эришиш йўлида муаммо туғдирди. Қаттиқ тер тўкиб меҳнат қилинган тақдирда ҳам бундай ҳолатда яхши натижага эришиш мушкул.
- Агар таклиф бўлса, яна Ўзбекистонга қайтасизми?
- Аммо бунинг учун ўзимга келиб олиш керак бўлади. Нега деганда, “Машъал”нинг про лигага тушиб кетиши, шартнома ниҳоясига етмасдан истеъфога чиқариб юборилишим мен учун қаттиқ зарба бўлди. Шу боисдан ҳам бугунги кун билан яшашга, хаёлимни турли фикрлар билан чалғитмасликка ҳаракат қиляпман. Эртага нима бўлишини эса ҳеч ким билмайди. Ҳозир мен биринчи навбатда ҳаммасини таҳлил қилиб чиққан ҳолда қаерда хатоларга йўл қўйганимни тушуниб олмоғим даркор. Мураббий ҳам худди футболчига ўхшайди. Агар унга ишдан бўшагандан сўнг орадан ҳеч қанча ўтмай янги таклиф келиб тушмас экан, худди ўйинчи каби мураббий ҳам ўз формасини йўқотиб қўяди.
- “Машъал”нинг эртанги кунини қандай тасаввур қиласиз?
- Клуб қаршисида жиддий ишлар турибди. У элитага қайтиши учун астойдил ҳаракат қилмоғи керак ва энг асосийси, клубга худди 10 йил олдин бўлгани каби спорт томонидан ғалабаларга ўта ташна ва теран фикрлайдиган мураббий керак бўлади.
Фикрлар