"Истиқлол"га янги бош мураббий тайинланди. Сиз уни яхши танийсиз!

Про-лига қатнашчиси – Фарғонанинг “Истиқлол” жамоасига янги бош мураббий тайинланди. Sports.uz мухбирига маълум бўлишича, юртимиздаги кўзга кўринган мутахассислардан бири Баҳром Ҳакимов “Истиқлол”га устозлик қилади.

Шу тариқа, 66 ёшли қўқонлик мутахассис яна катта футболга қайтди. Унинг охирги жамоаси “Турон” эди. 2019 йилда ушбу клубга бош мураббийлик қилган. Ҳакимовнинг мураббийлик фаолиятини аксарият мухлислар яхши билишса керак. Айниқса, “Насаф”даги бошқаруви орқали яхшигина ном қозонган. Шунингдек, мураббийлик фаолияти давомида “Темирйўлчи” (ҳозирги “Қўқон-1912”), МХСК, “Наврўз” (ҳозирги “Андижон”), “Динамо” каби клубларда ҳам бош мураббийлик қилган.

Маълумки, “Истиқлол” клубига устозлик қилган Анвар Бердиев мавсум бошланишига яқин “Бухоро”га кетгани боис унинг ўрнида Баҳодир Шамшиддинов ишлаб келаётганди. Про-лиганинг илк турида “Истиқлол” сафарда “Хоразм”га 2:1 ҳисобида мағлубиятга учраб қайтди. Шундан кейин “Истиқлол” раҳбарияти Баҳром Ҳакимовни бош мураббийликка таклиф қилишди.

“Истиқлол” иккинчи турни 30 март куни ўз майдонида “Динамо”га қарши ўтказади. Ҳакимов эса янги жамоаси устози сифатида собиқ клубига қарши дебютини ўтказади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!