Италия - Босния ва Герцеговина: гап иккита терма жамоа ҳақида! (превью)
Италия ҳамда Босния ва Герцеговина тўқнашуви камёб учрашувлар сирасига киради. Аввало, меҳмон жамоа давлат сифатида шаклланганига 30 йил ҳам бўлмаган. Ушбу республика 1992 йилда ташкил топган. Бу пайтда Италия жаҳон чемпионлиги учун Бразилия, Германия каби давлатлар билан аёвсиз кураш олиб борарди. Жамоалар ўз тарихида 3 маротаба тўқнаш келган. Тасодифни қарангки, илк беллашувда славянларнинг қўли баланд келган. 1996 йилги ўртоқлик учрашувида Босния ва Герцеговина 2:1 ҳисобида ғалабага эришган. Кейинги икки учрашувни узоқ ўтмишдан излашимизга ҳожат йўқ. Жамоалар ўтган йили “ЕВРО-2020” саралаши доирасида икки бор тўқнаш келди. “Альянц стэдиум”да кечган баҳсда “скуадро адзурра” айнан 2:1 ҳисобида реванш олди. Сараеводаги жавоб учрашувида эса 0:3 ҳисобида яна Манчини шогирдлари зафар қучди.
Душан Баевич шогирдлари ҳисобни тенглаштириши учун бугун уларга ғалаба керак.
Италия
Апеннинликларсиз жаҳон чемпионатини ҳам кўришга мажбур бўлдик. Бу тарихда учинчи бор уларнинг мундиалдан четда қолиши бўлди. 1930 йилда “мовий эскадра” илк жаҳон биринчилигида қатнашмайди, 1958 йилда Швеция майдонларида кечган мусобақага эса саралашдан ўта олмайди.
Янги форматдаги Миллатлар Лигаси эса Қатарга чипталарни ҳам тақдим этишини ҳисобга олсак, улар учун катта мотивация мавжуд. Итальянларда яхшигина таркиб ҳам шаклланиб бормоқда. “Олтин бутса” соҳиби улар билан бирга бўлиши ва Италия деган ном ҳар қандай рақибни сергак тортишига сабаб бўлишга етарли.
Тахминий таркиб: Доннарумма, Дамброзио, Бонуччи, Ачерби, Спинаццола, Барелла, Бонавентура, Пеллегрини, Кьеза, Инсинье, Иммобиле.
Босния ва Герцеговина
Собиқ Югославиянинг таркибий қисми ҳисобланган мамлакат аллақачон Европа футболига бир нечта иқтидорларни тақдим эта бошлаган. Ўша футболчилар гуллаб турган 2014 йилда жаҳон чемпионати ҳавосидан ҳам баҳраманд бўлиб олди. Табиийки, миллий чемпионат у қадар кучли эмас. Таркибга жалб қилинганларнинг катта қисми легионер сифатида фаолият олиб боради. Бугун Пьянич қайдномада йўқ. Унда коронавирус аниқлангани ҳақидаги хабарларга кўзингиз тушгани аниқ. Жеко ҳам сўроқ остида бўлиб тургани хабар қилинмоқда. Аммо, менимча, бугун уни майдонда кўрамиз. 6 учрашувлик қийин гуруҳни ютиш учун болқонликлар бугундан ўзларини кўрсатишлари лозим.
Тахминий таркиб: Бегович, Бичакчич, Ципетич, Колошинац, Шунжич, Бешич, Дульевич, Гожак, Висша, Манело, Жеко.
Мураббийлар
Роберто Манчини: “Каверчанога қайтганимдан хурсандман. Шунингдек, яна терма жамоа билан ўйин ўтказиш арафасида эканимиз ҳам қувонтирмоқда. Биз пандемиядан аввалги темпда ишлашда давом этишимиз лозим. Футболчиларда ҳам терма жамоа шарафини ҳимоя қилиш хоҳиши кучайиб кетгани аниқ. Биз яхши услуб ва жамоавий футбол ташкиллаштириб олгандик. Босния ва Герцеговинага қарши беллашув осон кечмаслиги аниқ. Учрашув якунлангачгина эътиборимизни Амстердамдаги ўйинга қаратамиз. Бизни кутиб турган ҳар иккала ўйин бир-биридан кескин фарқ қилади”.
Душан Баевич: "Италия, Нидерландия ва Польша бу катта жамоалар. Нима бўлишини олдиндан айтиш қийин. Биз ўз амбицияларимизга мос ўринни эгаллаш ва А лигада қолишни хоҳлаймиз. Футболчиларимга ишонаман ва керакли натижани қайд этишимизга умид қиламан. Бўш майдонда футбол ўйнаш, албатта, оғир. Истардимки, имкон қадар тезроқ трибуналар тўла мухлислар билан ўтадиган футболга қайтамиз”.
Хулоса ўрнида
Италияда бирмунча ёш таркиб шаклланиб қолди. Бу бўлғуси катта мусобақалар олдидан Манчинига кенг танлов имкониятларини тақдим қилади. Бугун рақибда бир нечта йўқотишлар ҳам бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, итальянлар таркибида кичик экспериментларни кўриб қолсак ҳам ажаб эмас. Замон ўзгариб “мовий гвардиячилар” ҳимоявий футболдан воз кечаётгандек ҳам кўринмоқда. Мураббийга ҳам кўп нарса боғлиқ.
Боснияда эса янги мураббий дарҳол Италия чангалига ташланмоқда. Бир тарафдан катта имтиҳон унга яхши натижа ҳам тақдим қилиши мумкин. Бошқа тарафдан омадсиз дебют келгуси фаолиятига таъсир ўтказиш эҳтимоли ҳам бор.
Футболчилар савияси ва жамоа ҳолати жиҳатидан мезбонлар устун. 90 дақиқалик футбол мўъжизалари эса ҳар қандай тахмин ва таҳлилларимизни йўққа чиқаришга қодир.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар