Италияда Шомуродовнинг термадаги голига қандай муносабат билдиришди?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси узоқ танаффусдан кейин Қозоғистон миллий терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушди.
“Пахтакор” марказий стадионида ўтказилган баҳсда футболчиларимиз 2:0 ҳисобида зафар қучди. Терма жамоамиз ғалабасини Европа майдонларида ўйнаётган легионерларимиз томонидан киритилган голлар ҳал қилди.
Дастлабки вазиятда Элдор Шомуродов рақиб дарвозасига зарба берди, дарвозабондан қайтган тўпни “Торпедо” аъзоси Ҳожимат Эркинов бир неча ҳимоячи қуршовида турганига қарамай, дарвоза тўрига жойлашга муваффақ бўлди.
Иккинчи гол Элдор Шомуродов ҳисобига ёзилди. “Италиялик” легионеримиз катта тезлиги эвазига рақиб ҳимоячиларини ожиз қолдирди ва дарвозани ишғол қилишга муваффақ бўлди.
Италия матбуоти “Рома” ҳужумчисининг голига муносабат билдирди.
Футболга ихтисослашган https://www.pagineromaniste.com сайти Ўзбекистон ва Қозоғистон миллий терма жамоалари ўртасидаги учрашув ҳақида шундай ёзди.
- Тошкентдаги “Пахтакор” марказий стадионида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди. Мезбонларнинг бошланғич таркибида “рома” ҳужумчиси Элдор Шомуродов майдонга тушди.
Элдор терма жамоасининг иккинчи голини уриб, ҳисобнинг 2:0 бўлишини таъминлади. Мавсумнинг биринчи қисмида ҳужумчи А Серия ва Европа лигасида жами саккиз марта майдонга тушган ва “Лудогорец” дарвозасини ҳам ишғол қилган, - деб ёзади мазкур сайт ижодкорлари.
Ўртоқлик учрашувидан кейин Қозоғистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Магомед Адиев шогирдлари дарвозасига киритилган голларда Элдор Шомуродовнинг хизмати катта эканини тилга олди.
- Амалда Элдор дарвозамизга иккита тўп киритилишини таъминлади. Аслида ўша вазиятларда голли вазиятдан дарак йўқ эди. Бу футболчининг савиясидан далолат беради. Шунинг учун ҳам у Италияда ўйнаяпти.
Рақиб дарвозабонини ҳам алоҳида эътироф этишим мумкин. Қанот ўйинчилари тезкор экан. Бу жамоада сифатли футболчилар бор ва терма жамоанинг келажаги бор, - деди Магомед Адиев.
Ўзбекистон ва Қозоғистон миллий терма жамоаларининг ўзаро рақобати 1992 йилдан бошланган. Тошкентда бўлган сўнгги ўйинни қўшиб ҳисоблаганда қўшнилар жами етти маротаба тўқнаш келган.
1992 йилда Қозоғистон майдонида ўтказилган дастлабки учрашувда мезбонлар кичик ҳисобда зафар қучган. Бу қозоқ футболчиларининг ўзаро рақобатдаги ягона ғалабаси ҳисобланади.
Кейинги ўйинларда ҳамюртларимиз уч маротаба муваффақт қозонган ва яна уч марта кучлар тенг келган, дурангларнинг барчасида 1:1 ҳисоби қайд этилган. Тўплар нисбати ҳам терма жамоамиз фойдасига – 10:4.
Трансферлар ва статистикаларга ихтисослашган https://www.transfermarkt.world сайтида қайд этилишича, Элдор Шомуродов шу куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 58-ўйинини ўтказди ва голлари сонини 32 тага етказиб олди.
“Рома” ҳужумчиси мамлакатимиз бош жамоаси сафида яна иккита гол урса, Максим Шацкихнинг рекордини такрорлайди. Учинчи голи эса Элдорни мутлақ рекордчига айлантиради.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги ўртоқлик учрашувини 20 ноябрь куни Россия футболчиларига қарши ўтказади.
“Рома” Шомуродовга янги иш қидирмоқда!
Шомуродов ва Абрахамдан кейин Дибала ҳам “Рома”дан кетадиган бўляпти!
Шомуродов “Атлетико”га ёрдам кўрсатди! (фото)
Ўзбекистон ютадими ёки Қозоғистон? Футболчилар ба
Фикрлар