“Рома” Шомуродовга янги иш қидирмоқда!

Элдор Шомуродовнинг “Рома”даги келажаги ҳамон мавҳум бўлиб турибди. Жозе Моуриньо қўл остида иккинчи мавсумини ўтказаётган ҳужумчимизга ҳали бирор маротаба кетма-кет бир неча ўйинда ўзини кўрсатиш имконияти берилмади.

Қишки трансферлар мавсуми яқинлашган сари Италия матбуотида Элдор Шомуродовнинг келажагига оид хабарлар ҳам кўпайиб боряпти.

1152a7694e4cbf91b44e037e958f7724-e1668026955428_1

La Gazzetta dello Sport нашри Рим клуби спорт директори Тьягу Пинто Шомуродовни бошқа жамоага ўтказиб юбориш учун вариантлар қидираётгани ҳақида ёзмоқда. Пойтахт клуби раҳбарияти Шомуродовни тўлиқ трансфер қиладиган клубгагина беришини маълум қилди.

Манбанинг таъкидлашича, Жозе Моуриньо келажакда ҳам ўзбек футболчисига имконият беришга шошилмайди. Элдор мавсум бошидан бери А Серия ва Европа лигасида жами 151 дақиқа ўйнади. Бу ҳатто иккита учрашувнинг тўлиқ вақтига ҳам тўғри келмайди. Тэмми Абрахам, Пауло Дибала, Андреа Белотти, Стефан Эл-Шаарави каби ҳужумчилар жароҳат олиб сафдан чиққанда ёки спорт формасида бўлмаган даврда ҳам мураббийлар штаби Элдор Шомуродовга эътибор қаратгани йўқ.

Италия футболини ёритиб бораётган https://footballnews24.it нашри экспертлари “Болонья” раҳбарияти яна Элдор Шомуродов вариантига қайтганини ёзмоқда. Чунки ушбу клуб ҳозир кўп гол ура оладиган ҳужумчига эҳтиёж сезмоқда. Жамоанинг асосий тўпурари Марко Арнаутович келаси баҳорда 34 ёшни қаршилайди ва яна бир ярим йилдан кейин шартномаси якунланади.

“Болонья”га австриялик ҳужумчининг ўрнини боса оладиган ўйинчи керак. Болоньяликлар ёзда катта умид билан “Бавария” ҳужумчиси Жошуа Зиркзеени олган эди. 21 ёшли форварднинг Италия футболига мослашиши жуда қийин кечмоқда. Ҳозиргача у барча турнирларда атиги еттита учрашувда қатнашиб, битта гол урди холос.

Клуб спорт директори Тьягу Пинто қишки трансферлар вақтида Жозе Моуриньо кам фойдаланаётган футболчилари сотиб юборишга қарор қилган. Бу мутахассис харидорлар олдига Элдор Шомуродов ва Матиас Виньяни тўлиқ трансферт қилишни талабини қўймоқда.

Il Messaggero нашрининг ёзишича, “Рома” раҳбарияти бу йўл орқали икки мақсад – ғазнага пул тушириш ва янги харидлар учун жой очишни кўзламоқда.

Трансфер бозорини таҳлил қилиб бораётган мутахассислар Шомуродовга харидор бўлаётган “Болонья” ва “Торино” каби ўртамиёна жамоалар бу трансферни амалга оширишда бир муаммога дуч келишини таъкидламоқда.

Худди ёздаги каби Рим клуби раҳбарияти трансфер учун катта миқдорда бадал пули талаб қилиши кутилмоқда. Ёзда Тьягу Пинто “Болонья”нинг 10 миллион евролик таклифини қабул қилмади. Пойтахтликлар Шомуродов учун “Женоа”га 18 миллион евро тўланганини инобатга олиб, харидор томондан 12-15 миллион евро талаб қилди.

shoma-gol-neslishu

Бундан ташқари, Элдор Шомуродов ва унинг манфаатларини ҳимоя қилаётган агентлар ҳам қишда қатъий қарорларни қабул қилишига тўғри келади. 27 ёшли ҳужумчининг захирада қолиб кетаётгани Ўзбекистон миллий терма жамоасининг зиёнига ишлайди. Шундай экан, Шомуродов ҳам мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш учун мақбул қарорларни қабул қилишини кутиб қоламиз.

Шомуродов ва Абрахамдан кейин Дибала ҳам “Рома”дан кетадиган бўляпти!

Шомуродов “Атлетико”га ёрдам кўрсатди! (фото)

Ўзбекистон ютадими ёки Қозоғистон? Футболчилар баҳс бойлади!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Yorqinbek
17/11/2022 07:01
Lekin Shomurodovga imkon berilsa oʻzini oqlaydi, Iqtidorli yigit