Италиялик ҳужумчи 12 йиллик дисквалификациядан сўнг майдонга қайтди
“Сампдория” клубининг собиқ ҳужумчиси Франческо Флаки узоқ йиллик танаффусдан сўнг майдонга қайтди.
46 ёшли ҳужумчи Италия бешинчи дивизионида “Сигна 1914” жамоаси сафида ўйин ўтказди.
2007 йилда ўтказилган тиббий текширувлар натижасида Франческо Флакининг организмида кокаин унсурлари борлиги аниқланиб, икки йилга футболдан четлатилган эди. Икки йилдан сўнг ўтказилган тестларда ҳам ҳужумчи яна кокаин истеъмол қилгани тасдиқланди.
Шундан сўнг моҳир ҳужумчи жами 12 йиллик дисквалификацияга учради.
- Бу қайта туғилгандек гап. Менга ўзимни яна футболчи сифатида ҳис қилиш имконини берганларга миннатдорлик билдираман, - деди Флаки.
Франческо юлдузли даврларида “Фиорентина”, “Бари”, “Анкона”, “Сампдория”, “Эмполи” ва “Брешия” каби клублар шарафини ҳимоя қилган. Ёшлигида 18 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган Италия терма жамоаси ўйинчиси ҳам бўлган.
Фикрлар