Иван Бошкович "Пахтакор"дан учралган мағлубиятга қандай изоҳ берди?

Суперлига 17-туридан ўрин олган "Сўғдиёна" - "Пахтакор" баҳси бўлиб ўтди. Учрашув меҳмонларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. 

Учрашув тақдирини ягона гол ҳал қилди. 67-дақиқада Абдуманноповнинг жарима майдони ичига узатган тўпини Суҳроб Иззатов ўз дарвозасига киритиб қўйди. Учрашувдан сўнг Иван Бошкович матбуот анжуманида қатнашди.

"Қизиқарли ўйин бўлди. Ҳар икки жамоа ҳам ғалаба учун курашди. Бугунги учрашувга жиддий тайёргарлик кўргандик. Йигитлар билан ғалабадан бошқа йўл йўқ экани бўйича келишиб олгандик. Биргина гол туфайли мағлуб бўлдик. Бу гол ҳам ўзимизнинг хато эвазига юзага келди.

Умумий ўйин ҳақида айтадиган бўлсам, йигитлар ёмон ҳаракат қилишмади. Вазиятларимиз бўлди, унумли фойдаланмадик. Биргина гол мағлубиятга сабаб бўлгани аламли. Йигитлар бу мағлубиятни унутиб, тезда ўзларини тиклаб олишларига ишонаман. Майда деталлар ҳам аҳамиятли экани бугун ўз исботини топди.

- Самандар Мавлонқулов кетма-кет 3 та ўйинни ўтказиб юборди. Бу бора фикрингиз қандай?

- У қизил карточка олганида 3 та ўйинни ўтказиб юбориши керак эди. Ёшлар жамоамиз иштирокидаги учрашувлар, кубокдаги ўйинларимиз билан қўшиб ҳисоблаганда 8 та баҳсда майдонга туша олмади. Мавлонқулов бундай ҳолатда ўйин амалиётини йўқотиб қўйиши мумкин. Ёш футболчи учун увол, футбол ўйнамаса тонусдан ҳам чиқиб кетади. Ҳакамлар қўмитаси қизил карточка кўрсатилган вазиятни қайта кўриб чиқишлари керак", - деди "бўрилар" устози.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!