Иван Йосович: "Металлург" қисқа вақт ичида Суперлигага қайтишига ишонаман"
Аввал хабар берганимиздек, Иван Йосович билан боғлиқ вазият ижобий ҳал этилди. Натижада ФИФА тартиб-интизом қўмитаси вазиятни ўрганиб чиққан ҳамда "Металлург" ПФКдан трансфер чекловини олиб ташлади.
"Металлург" ПФК матбуот хизмати футболчи билан боғланиб, вазият юзасидан унинг фикрлари билан қизиқди.
"Аввало, "Металлург" клубини катта футбол саҳнасига қайтгани билан табриклайман. Жамоага янги мавсумда ҳам омад тилаб қоламан.
Ўртамиздаги ҳолат бўйича гапирадиган бўлсам, футболда бундай ишлар бўлиб туради. Муҳими, барча муаммолар ечимини топди. Бунинг учун "Ўзметкомбинат" АЖ раҳбари жаноб Баҳодир Абдуллаевга ва "Металлург" клуби бош директори Улуғбек Мирзаевга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Клубда мана шундай тажрибали мутахассис иш бошлаганини билиб, жуда хурсанд бўлдим. Уни аввалдан яхши танийман — Ўзбекистондаги энг кучли футбол мутасаддиларидан, фидойиларидан.
Умид қиламанки, "Металлург" футбол клубини ёрқин келажак кутиб турибди. Жамоа қисқа вақт ичида Суперлигага қайтишига ишонаман. Клубнинг асл ўрни ҳам айнан ўша ерда", - дейди Иван Йосович.
Фикрлар