Иззатбек Турғунов: Токиодаги олтин медалимни Президентимга совға қиламан!
-Иззатбек авваламбор ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз.
-Мен оддий оила фарзандиман. Отам деҳқон, онам ўқитувчи. Оилада энг кенжа фарзандман. Мендан олдин 3 та опам бор. Ҳозир уларнинг бари турмушга чиқиб, бахтли ҳаёт кечиришмоқда.
-Пара енгил атлетикага кириб келиш тарихингиз қандай бўлган?
-Коллежда бирга ўқийдиган дўстим менга ўзимни спортда синаб кўришимни маслаҳат берди ва қайси мураббийга боришим кераклигини айтди. Очиғи, бу таклиф менга жуда ҳам маъқул келди. Чунки, ўша пайтларда енгил атлетика билан ўзим якка тартибда шуғулланиб юрардим. Дўстимнинг берган тўғри йўналиши сабаб дастлаб республика чемпионатларида иштирок этдим ва юқори натижаларни қайд этдим. Натижада, мен Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясининг Енгил атлетика бўйича бош мураббийининг эътиборига тушдим. Шу тариқа менинг юлдузли онларим бошланди (кулади).
-Ҳозирча қандай ютуқларга эришдингиз?
-2018 йилнинг март ойида Хитойнинг Пекин шаҳрида ўтказилган Гран-прида олтин медални қўлга киритдим. Кейин эса Инданезияда ўтказилган Осиё ўйинларида кумуш медалга сазовор бўлдим.
-Ушбу ютуқларга эришганингиздан сўнг маҳалла-кўй, қўни-қўшни, таниш-билишлар орасида сизга бўлган муносабатлар ўзгардими?
-Албатта. Ҳозир маҳалладагилар мени Иззат деб чақиришмайди, чемпион дейишади (кулади). Ота-онамга раҳматлар айтишади. Бу эса менга янада катта масъулият юклайди.
-Билишимча ноябрь ойида Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Ушбу мусобақага тайёргарлик ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
-Тайёргарлик авжида. Ҳозирда жаҳон рейтингда 5.69 метр натижа билан 2-ўринда боряпман. Мақсадим – Дубайдаги мусобақада кўзлаган натижага эришиб, Токио-2020 йўлланмасини қўлга киритиш.
-Орзуингиз...
-Ҳаётда ҳеч қачон орзу қилишдан чарчамайман. Чунки, орзулар мақсадлар сари етаклайди. Менинг энг катта орзуларимдан бири келгуси йил Токиода олтин медални қўлга киритиб, Президентимга совға қилиш. Худо хохласа, албатта бунга эришаман.
Фикрлар