
Жаба Жигаури: "Интиладиган нарса қолмаганди, фаолиятимда янги чорловни амалга ошириш фурсати етганди"
Хабарингиз бор, “Қизилқум”га янги мавсум арафасида бир қатор янги ўйинчилар ва жумладан легионерлар таклиф қилинди. Уларнинг орасида грузиялик ярим ҳимоячи Жаба Жигаури ҳам бор.
2023 йилнинг июль ойида юртимизга келган ва “Насаф” билан шартнома имзолаган легионер у ердаги бир ярим йиллик фаолиятидан сўнг жамоасини алмаштиришга қарор қилди.
Ҳозирда Жагаури “Қизилқум” билан Анталия йиғинида қатнашяпти.
Куни кеча Грузиянинг “Самгурали” клубига қарши (0:0) ўйиндан кейин Жабани бироз суҳбатга тортдик.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Биринчи бўлимда яхши вазиятларни юзага келтирдик. Тўпга кўпроқ эгалик қилдик. Умуман айтсам, иккала бўлимда яхши ўйин кўрсатдик. Фақат чиройли ҳисоб етишмади. Ҳозир юкламалар остида шуғулланяпмиз. Лекин бунга ижобий қарайман. Чунки биз комбинацион ўйин ўйнаяпмиз ва шу орқали хавфли вазиятларни юзага келтираётганимиз биз учун катта плюс. Бугунги рақиб ҳам чакки эмас экан. Ўйлашимча, ҳали ҳаммаси олдинда.
- “Қизилқум” учун янги футболчисиз. Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Ёмон эмас. Жамоада янгиларни жуда илиқ қарши олишди. Бу ерда яхши жамоани шакллантириш устида ишлар олиб борилаётгани кўриниб турибди. Тактик ва техник томонлама ўйин кўрсатиш борасида анча ўсдик, деб ҳисоблайман. Бизда ўйин йўлга қўйилгани сезилиб турибди. Бугун ҳам ғалабага муносиб ўйин кўрсатдик, фақат бироз омад етишмади. Украин клубига қарши ўтказган ўйинимизда ҳам шундай бўлганди. Ваҳоланки, ўша беллашувда ҳам голга тортадиган қатор вазиятларни юзага келтирдик. Шу руҳда ўйнашда давом этсак ва қўша олсак, ғалабалар ҳам келади.
- “Насаф”даги фаолиятингизга қандай баҳо берасиз?
- “Насаф” - катта клуб. Мен ўша жамоада тўртта соврин ва унвонга эга чиқдим. У ерда ўйнаш ман учун катта плюс бўлди. Футболчи сифатида ҳам катта тажриба тўплай олдим. “Насаф” менга кўп нарса берди.
- “Насаф”даги фаолиятингизни нега давом эттира олмадингиз, нима бўлди?
- Футболда баъзида ниманидир ўзгартириш керак бўлади, мен шунақа ҳисоблайман. У ерда қўлимдан келганича ўйнадим ва мавжуд бўлган ютуқларга эриша олдим. Интиладиган нарса қолмади, ҳисоб. Шу сабаб фаолиятмда янги чорловни амалга ошириш фурсати етганини ҳис қила бошладим. “Насаф”да ўтган даврим зўр бўлди. Тўғри, ютмаганимиз ОЧЛ қолганди. “Насаф”да ушбу мусобақада ҳам омад ёр бўлишини тилаб қоламан. Ўзбекистонда эса “Насаф” билан ҳаммасини қўлга киритдим. Энди “Қизилқум” билан ҳам яхши натижаларга эришишни истайман.
- Демак, янги истак ва хоҳишлар пайдо бўлган....
- Нафақат менда, балки ҳамма футболчиларда мана шундай истак ва хоҳишлар бўлмоғи даркор. Агар бундай ниятлар бўлмаса, футбол ўйнашдан наф қолмайди. Олдиндан катта гапириб бўлмайди, аммо янги клуб билан ҳам яхши натижаларга эришишни истайман.
Фикрлар