Жаъфар Ирисметов: "Нима гап-сўзлигини "Пахтакор" мураббийлари яхшироқ билишади"
Ниҳоят, янги футбол мавсуми бошланди. Суперлиганинг илк туриданоқ чемпионатдаги қайноқ интрига бошланиб кетганига нима дейсиз?
Табиийки, бундай стартдан кейин кўплаб муносабатлар, баҳс-мунозаралар билдирилмоқда. Таниқли мутахассислардан бири Жаъфар Ирисметов 1-тур ва ундаги кутилмаган натижалар тўғрисида фикрлари билан ўртоқлашди.
“Олимпик” тезкор ўйин кўрсатди”
"Тўғриси, кутилмаган натижадаги ўйинлар 3-4 та бўлди. Биринчиси бу албатта чемпион “Пахтакор”нинг “Олимпик” клубига қарши ўйини. Шацких қураётган жамоа бу йил кўринади. Олдинги йили базаси бор жамоани қабул қилиб олганди. Ўшанда чемпион бўлишган. Менимча, бу йил Максим Шацких натижа кўрсата олса иши кўринади. Ростини айтсам, “Олимпик” яхшироқ ўйнади. Жисмоний ҳолат бўйича “Пахтакор”да ишлар кўнгилдагидек эмасдек. Биринчи ўйинда футболчилар оғирга ўхшаб кўринди. Бу менинг фикрим. Нима гап, нима сўзлигини “Пахтакор” мураббийлари яхшироқ билишади. “Олимпик” футболчилари тезкор ўйин кўрсатди. Иккинчи тайм охирларида яккама-курашларда “Олимпик” йигитлари мотивация кучлилигаданми яхшироқ кўринди. Аммо “Пахтакор”да рақибга нисбатан менсимаслик ҳолати кузатлди, демаган бўлардим. Чунки ўтган йили ҳам “Пахтакор” “Олимпик” билан учрашувда қийналган. Ўшанда биринчи давра дуранг, иккинчи даврада “Пахтакор” ютганди".
“Насаф” уйида ютқазди, нега бундай бўлди?”
"Кейинги сенсация натижа “Насаф”нинг ўз уйида ютқазиши бўлди. Билмайман, нега бундай бўлди? Тўғриси, “Пахтакор”да ҳам, “Насаф”да ҳам ўйин кўрганимиз йўқ. Дейлик, тактика, ўйин чизгиси билинмади. Рўзиқул Бердиевни кўпроқ биламан. Менимча, аста-секинлик билан жойига тушиб олади. Ўйлашимча, “Насаф” Осиё Чемпионлар лигасига тайёргарликни вақтлироқ бошлаган. Хуллас, биринчи ўйинда ўхшамади. Ўйиндан кейин рақиб жамоа мураббийи ҳам айтди, битта вазиятдан фойдаланиб кетишди. “Пахтакор”га келсак, биринчи ўйинданоқ ўз дарвозасидан 3 та гол ўтказиб юбориши эвазига ҳимоядаги муаммолар яққол кўриниб қолди, деб ўйлайман. Ўртада марказий ҳимоячилар йўқлиги деса ҳам бўлади. “Қайрат” билан учрашувда ҳам айнан марказий ҳимоячиларнинг қўпол хатолари билан голлар ўтказилган. Мен фақат кўрган нарсамни айтяпман".
“Бухоро”нинг ғалабасини сенсация дея олмайман”
"Яна бир мени ҳайрон қолдирган ўйин “Турон” – “Бухоро” учрашуви бўлди. Бахтиёр Ашурматов “Турон”ни яхшироқ ўйинчилар билан тўлдирганди. Шунинг учун майдон эгаларидан ғалабани кутгандим. Аммо кўриниб турибдики, “Бухоро” ҳам ёмон жамоа эмас. Ҳаким Фузайлов яхши таркиб тузяпти. У ерда яққол тактик томондан ютиб кетди, деб ҳисоблайман. Лекин бу ғалабани сенсация дея олмайман. Барибир про лигадан чиққан иккита жамоа тўқнашувида кўпроқ “Турон”дан ғалаба кутгандим".
“Металлург”ни ўз уйида йирик ҳисобда ютқазгани мен учун янгилик эмас”
"Қолган ўйинларда кутилмаган натижалар бўлмади. ОКМК муносиб равишда ютди. Ўйлашимча, бу йил “Сурхон”, “Қизилқум” каби жамоалар қийналади. “Металлург”ни ҳам ўз уйида 0:3 ҳисобида мағлуб бўлгани мен учун янгилик бўлгани йўқ. Ўзи уларни мавсум олдидан кўрилган тайёргарлигидан маълум эди. Селекция бўйича ҳам муаммолари бор эди".
“Сўғдиёна” футболчиларида класс баландроқ, “Бунёдкор”нинг омади келди”
"Шунингдек, “Сўғдиёна”нинг “Бунёдкор”га ютқазганига келсак, “Қалдирғочлар” сафида ёшлар кўп, мотивация бор эди. Менимча, “Сўғдиёна”да футболчиларнинг савияси бўйича класс баландароқ эди. “Бунёдкор”нинг омади келди".
“Ҳозир қандайдир тактика ҳақида гапиришга эрта”
“Навбаҳор” биринчи учрашув бўлишига қарамасдан “Қизилқум”ни енгил ютиб кетди. Жамоанинг савсияси ва класси бўйича ғалаба қозонди. Футболчиларнинг савияси баланд. Ҳали кўп жамоаларда ўйин тизими йўлга қўйилмаган. “Пахтакор”да ёки “Насаф”га етишмаган нарса. “Навбаҳор” таъкидлаганимдек, ўйинчиларнинг тажрибаси эвазига ютди. Қандайдир тактика тўғрисида гапиришга ҳали эрта. “Қизилқум” жуда бўш. Юқорида айтганимдек, бу клубдан ташқари “Сурхон”, “Металлург” каби клубларга бу йил анча қийин бўлади".
“Хомяков ҳамма рақибга бош оғриғи бўлади”
"Александр Хомяков жамоасига ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. Менимча, бу жамоа ўз уйида ҳамма рақибга бош оғриғи бўлади. Сафарда қанақа бўлишини билмайман. Чемпионат қизиқ бошланди, менга ёқди. Биринчи турданоқ интрига кузатилди. Барибир майдонларнинг тайёр эмаслиги ҳам кўзга ташланиб қолди".
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар