Жаъфар Ирисметов: "Шартномага қўл қўйилса, ҳаммасини билиб оласизлар"
Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони – “Пахтакор” ҳам Суперлиганинг бошқа иштирокчилари қатори янги мавсум учун тайёргарлик ишларини олиб боряпти. Бизни биринчи навбатда бош мураббий масаласи қизиқтиряпти. Негаки, ҳалигача ушбу мавзу ёпилгани йўқ, ҳамон очиқ турибди.
Тўғри, бунгача клуб расмийлари янги мавсумда ҳам нидерландиялик Питер Хюистрага ишонч билдирилиши ва бу борада раҳбарият уни қўллаб-қувватлаётгани ҳақида айтишганди. Бироқ ҳалигача унинг клубдаги тақдири узил-кесил ҳал қилингани йўқ. Бу ҳол эса жамоанинг ишқибозлари учун ташвишли. Хюистра билан янги шартнома имзоланмаётгани туфайли яна турли гап-сўзлар ҳам чиқмоқда. Энди шуни аниқ айтиш мумкинки, “Пахтакор” Хюистра билан ишлайди ёки ўрнига бошқасини олиб келади. Клуб спорт директори Жаъфар Ирисметов мазкур масала бўйича муносабат билдирди.
“Ҳали бош мураббий Питер Хюистра билан келишувга эришмаганимиз учун турли маълумотлар чиқяпти. Ҳозирча янги мураббий ҳақида бирор нарса дейишим қийин. Агар келишиб шартномага қўл қўйилса, ҳаммасини билиб оласизлар. Унгача мураббий борасида тайинли гап айта олмайман”.
Ҳа, Ирисметовнинг ушбу сўзларидан шуни билиш мумкинки, “Пахтакор”да янги мураббий иш бошлаб қолиши ҳам эҳтимол бор. Бундан ташқари, жамоани етакчилар тарк этаётганидан ҳам хабарингиз бор. Айниқса, икки марказий ҳимоячилар – Анзур Исмоилов билан Егор Кримецнинг “Пахтакор” билан хайрлашишгани жиддий йўқотишга айланиши мумкин. Чунки уларда катта тажриба бор эди. Энди бўлса, клуб уларнинг ўрнини тўлдириши шарт. Ўз ўрнида Ирисметов ҳимоячиларнинг кетиши бўйича ҳам ўз фикрини билдирди.
“Биласизлар, Анзур Исмоилов билан Егор Кримец жамоамизни тарк этишди. Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг жамоамиз учун қилган меҳнатларига миннатдорчилик билдирмоқчиман. “Пахтакор”нинг чемпион бўлишида ушбу ўйинчилар анча ҳиссаларини қўшишди. Лекин футбол шунақа экан-да, бир кун келиб ўзгаришлар бўлади. “Пахтакор” футболи клуби Исмоиловга ҳам, Кримецга ҳам катта раҳмат, деб қолади. Шахсан ўз номимдан кейинги фаолиятларига омад тилайман”.
Бевосита клубнинг қишки режаларига келсак, хабар берганимиздек, 8 январдан машғулотлар бошланади. Табиийки, Туркияда ҳам тайёргарлик кўрилади. Қизиғи, “Пахтакор” у ерда асосан “Динамо” номли клубларга қарши назорат учрашувларида қатнашади. 10 февралда Москванинг “Динамо”си, 5 кундан сўнг Тбилисининг “Динамо”си ҳамда 19-санасида Киевнинг “Динамо” клуби “Пахтакор”нинг рақибига айланади. Жаъфар Ирисметов тайёргарлик режаси ҳақида ҳам гапирди.
“8 январда йиғилиб, аввало коронавирус учун тест топширамиз ва шундан кейин машғулотларга киришамиз. Режамиз бўйича 5 февралга қадар Тошкентда шуғулланамиз. Чунки 8 нафар футболчиларимиз терма жамоага чақирилишган. Улар 3 февралда клуб ихтиёрига қайтишгач, 5-санасида сафарга жўнаб кетамиз. Туркиянинг Анталия шаҳрида йиғин ўтказамиз. Ўзимизга маъқул келадиган меҳмонхонани танлаб олганмиз, у ерда ажойиб майдонлар бор. Шароитлари жойида. Ўзинглар кўрдинглар, бизнинг Анталиядаги спарринг-рақибларимиз ҳам кучли. Уларни бежизга танламадик. Бундай тайёргарликда ўзимизни нималарга қодирлигимизни текшириб олишимиз муҳим. Қаерда камчилигимиз бор, қайси позиция бўйича кучайишимиз керак? Чунки “Пахтакор” Осиё Чемпионлар лигасида ўйнайди. Таркибимиз анча-мунча ёшартирилишига қарамасдан Миржаҳон Мираҳмадовни ҳам сафимизга қўшиб олдик. У ёш ва иқтидорли ҳужумчилардан бири ҳисобланади. Бизни бу билан тўхтаб қолиш ниятимиз йўқ. Ҳали яна муаммоли чизиқларимиз бор. Ҳозирги пайтга келиб айрим футболчилар билан музокаралар олиб боряпмиз. Яқин орада яна жамоамизни кучайтирадиган янги ўйинчиларни олиб келишга ҳаракат қиламиз. Асосий эътиборни барибир ёшларга қаратамиз.
Дарвоқе, “Пахтакор” молиявий тарафдан бироз қийналиб қолди, деган гап-сўзлар ҳам қулоққа чалиняпти. Ирисметовдан бу қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини сўрадик.
“Ростини айтсам, клуб молиявий қийинчиликларга учрагани йўқ. Гарчи бюджетимиз бироз қисқарганига қарамасдан 80 фоиз футболчиларимизни сақлаб қоляпмиз. Ўйлайманки, ҳаммаси яхши бўлади”, - деди клуб спорт директори.
Фикрлар