Жаҳон чемпионати якунига етди. "Олтин тўп" учун кимнинг имконияти юқори? (Даъвогарлар бешлиги)

Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати ҳам якунига етди. Унда Аргентина терма жамоаси финалда Францияни мағлуб этиб, мундиал ғолиблигини қўлга киритди. 

Мусобақа ниҳоясига етгач, машҳур "Goal.com" нашри "Олтин тўп" ғолиблигига номзод футболчилар рўйхатини тақдим этди. 20 та футболчидан ташкил топган шорт-листдан биз фақат якуний бешликка тўхталиб ўтишга қарор қилдик. Демак, бошладик!

goldenball

5. Роберт Левандовски (Польша терма жамоаси, "Барселона" клуби).

Жорий мавсумда 20 гол уриб, 6 ассист қайд этган Левандовски Польша билан мундиалда гуруҳдан чиқиш масаласини ҳал этди. Аммо унинг жамоаси нимчорак финалда Мбаппе бошчилигидаги Францияга имкониятни бой берди. Шунингдек, Роберт турнирдаги илк голини уришга ҳам муваффақ бўлди. У мундиалда икки гол уриб, бир голга ҳаммуаллифлик қилди. Польяклар сардори том маънода жамоасининг етакчиси бўлди ва терманинг гуруҳдан чиқишига муносиб ҳисса қўшди.

Клуби билан ҳам Левандовски яхши натижалар қайд этмоқда. У "Барселона" сафида ўтказилган 19 баҳсда 18 гол муаллифи бўлган ва яна 4 та голга ассистентлик вазифасини бажарган. Агар "ЛеванГолски" рақиб дарвозабонларини аямасдан ранжитишда давом этса ва Ла Лига ҳамда Европа лигасида зафар қучадиган бўлса, "Олтин тўп"ни қўлга киритиши мумкин. Бироқ англаб турганингиздек, бу анчагина мушкул масала.

лева_1

4. Неймар (Бразилия терма жамоаси, ПСЖ клуби).

Неймарнинг бу сафарги мундиалдаги орзуси ҳам армонлигича қоладиган бўлди. Бразилиялик суперюлдуз ҳар қанча ҳаракат қилмасин, жамоасини Хорватия тўсиғидан ўтишига ёрдам бера олмади ва чорак финалдаёқ уйга қайтишга мажбур бўлди. Ушбу мундиалда футболчи 3 беллашувда 2 гол ва 1 ассист эгаси бўлди. Энди "Ней" 2026 йилги дунё биринчилигида ғалаба қозонишга бор эътиборини қаратади. 

ПСЖда у ажойиб ўйинлар намойиш этаётган эди. Шу тарзда давом этиб, у клубини Чемпионлар лигасида ғолиб бўлишига ҳисса қўша олса, Неймарда ҳам "Олтин тўп"ни ютишга имконият йўқ эмас. Париж гранди таркибида "футбол афсунгари" 19 учрашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозасига 13 тўп киритиб, шерикларининг 12 голига ассистентлик қилишга эришган. 

неймар

3. Эрлинг Холанд (Норвегия терма жамоаси, "Манчестер Сити" клуби).

Гарчи мундиал ҳавосидан бебаҳра қолиб кетган бўлса-да, Холанд клубида фантастик натижалар қайд этмоқда. Статистиканинг ўзи барчасига изоҳ бера олади. Эрлинг "Манчестер Сити" таркибида 17 ўйинда 23 тўп киритди ва яна 3 голга ҳаммуаллиф бўлди. Ҳужумчи рекордларни забт этишда тўхтамаяпти. Бу кетишда у юқори даражадаги соврин "Олтин тўп"ни қўлга киритиши ҳам у қадар шов-шувли бўлмайди. 

Холанд жаҳон чемпионатида қатнашмай, фаворитлар қаторида юрибди. Агар у мундиалда иштирок этиб, терма жамоаси билан ҳам кутилганидан яхшироқ натижалар қайд этганида борми...

haaland_1

2. Килиан Мбаппе (Франция терма жамоаси, ПСЖ клуби).

Доимий эътибор марказида бўлишни хуш кўрувчи ушбу йигит бу мавсум супер кўрсаткичлар борасида юқоридаги Холанддан асло қолишмаяпти. Қолаверса, Килиан терма жамоаси билан ҳам яхши натижалар қайд этди. У Франциянинг финалга етиб келишида муносиб ҳисса қўшди ва кўпчилик мутахассисларнинг фикрига кўра, айнан Мбаппе "уч ранглилар"ни шу босқичга "етаклаб келди". Ўтказилган 7 баҳсда 8 гол урган Килиан 2 голга ҳаммуаллифлик қилишга ҳам муваффақ бўлди. Шу билан бирга, у мусобақанинг энг яхши тўпурари бўлди.

Парижликлар сафида ҳам ёш иқтидор соҳибининг кўрсаткичлари аъло даражада. 20 беллашувда 19 гол ва 5 ассист. Кеча 24 ёшга тўлган футболчи аллақачон кўплаб ҳамкасблари ҳавас қиладиган натижаларга эришиб улгурди. Яқинда улар қаторига "Олтин тўп" соврини қўшилиб қолса ҳам ажабланмаймиз.

mbappee

1. Лионель Месси (Аргентина терма жамоаси, ПСЖ клуби).

Аргентинанинг жаҳон чемпиони бўлишида катта ҳисса қўшган "ўзга сайёралик" даъвогарлар рўйхатида пешқадамлик қилмоқда. Мундиалда ҳам энг яхши бўлган, бир қанча ўйинларда жамоасининг жонига оро кирган футболчи якунда ҳақли тарзда мукофотланди, бизнингча.

Катта эҳтимол билан у ПСЖ билан яхшироқ натижа қайд эта олса, яна бир нуфузли совринни қўлга киритади. Буни миллионлаб мухлислар билан бир қаторда кўплаб мутахассислар ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқда. Лео мазкур "Олтин тўп"ни юта олмаса ҳам бу мавсумни асло эсдан чиқармаслиги аниқ. Ахир у мундиал ғолиблигини қачондан бери орзу қилиб келаётганди, шундай эмасми?

Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, Месси ЖЧдаги 7 ўйинда 7 гол уриб, 3 марта ассистентлик қобилиятини ишга солди. Клуби миқёсида аргентиналик юлдуз 18 баҳсда 11 гол ва 14 голли узатма муаллифига айланди.

messis

Ҳа, "Олтин тўп" шунча танқидларга қарамасдан, энг нуфузли индивидуал соврин бўлиб қолмоқда. Бу "бешлик" ҳозирда асосий номзодлардан бўлгани учун ушбу рўйхатга киритилган. Умуман олганда, мавсум якунига ҳали анча бор. Шундай экан, даъвогарлар сафига яна бошқа футболчилар қўшилиши ҳам мумкин. Кўрамиз, якунда ким энг яхши деган номга эга чиқаркин?!

 

Шоҳрух Зоиров тайёрлади. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Локо
22/12/2022 09:17
Франция билан деяпти-ку
&
Socceruzb
21/12/2022 18:22
Шохрух Зоиров, укам.. Польша Аргентина билан нимчорак финалда эмас, гурух босқичида рўбарў келди...