"Жаҳон чемпионатида шунчаки иштирок этмаймиз", - терма жамоамиз юраги Рустам Умаров гуруҳдан чиқишимизга шубҳа қилмаяпти
Хабарингиз бор, кеча футзал бўйича Литвада ўтказиладиган жаҳон чемпионати учун гуруҳ баҳсларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унга кўра, Ўзбекистон терма жамоаси “В” гуруҳида Гватемала, Россия ҳамда Миср билан баҳс олиб боради.
Аслида ўтган йили футзал бўйича Осиё чемпионати Туркманистонда ўтказилиши лозим эди ва бу орқали мундиал йўлланмалари ҳам ўз эгаларини топиши керак эди. Лекин пандемия сабабли мусобақа қолдирилди. Орада Осиё чемпионатига Қувайт мезбонлик қилиши ҳам кутилганди, барибир коронавирус билан боғлиқ муаммо туфайли ўтказилмай қолди.
Кейинчалик ОФК Осиё чемпионатини ўтказмасдан терма жамоаларни рейтинг асосида жаҳон чемпионатига йўлланма олишини белгилади. Бу борада ФИФА ОФКга бешта ўрин ажратган. Ўзбекистон Эрон ҳамда Япония билан бирга рейтингнинг юқори ўринларида бўлгани боис мундиал иштирокчисига айланди. Шу тариқа, вакилларимиз тарихда иккинчи бор мундиалда қатнашиш имкониятига эга бўлдилар.
Ўзбекистон терма жамоасининг чинакам етакчиси ва сардори Рустам Умаровни барчамиз яхши биламиз. Футзалга футбол орқали кириб келган тажрибали дарвозабонга кўп нарса боғлиқ. У sports.uzга қуръа, ЖЧдаги вазифа ва яна бошқа масалалар бўйича ўз фикрларини билдирди.
- Биз ҳам қуръани катта қизиқиш билан кутдик, - дея гап бошлади дарвозабон. - Ютуб тармоғи орқали қуръа ташлаш маросимини тўғридан-тўғри кузатиб бордим. Ҳатто, уни эсдалик учун ўзимга ёздириб қўйдим. Ўзингиз биласиз, жаҳон чемпионати – бу ўта жиддий мусобақа. Шундай экан, унинг қуръа маросими ҳам шунга яраша. У ерга оддий, кучсиз жамоалар чиқмайди. Демак, биз учун қайси рақиб тушишининг фарқи йўқ. Жаҳон чемпионатида барча жамоалар кучли. Ҳа, гуруҳларда барибир ўзига яраша янада жиддий рақиблар ҳам бўлади. Гуруҳимизга тўхталсам, биз ҳали Гватемала, Миср сингари рақиблар билан ўйнамаганмиз. Лекин уларни ўйинларини ютуб орқали кўрдик, таҳлил қилдик. Шуни айтишим мумкин, Гватемала ва Миср билан бемалол ўйнаса бўлади, ҳатто Россия билан ҳам.
Барчаси ўзимизга боғлиқ. Қандай руҳланишимиз ва тайёрланишимизга бориб тақалади. Бизда уч ой вақтимиз бор. 14 июндан машғулотларга жиддий киришамиз. То жаҳон чемпионати бошлангунига қадар тайёргарлик кўрамиз. Шу вақт давомида гуруҳдаги рақибларимизни янада яхшироқ ўрганамиз. Биринчи вазифамиз албатта гуруҳдан чиқиш. У ёғи кейин вазиятга қараб. Терма жамоамиз бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов мундиалга шунчаки бормаслигимизни уқтиряпти, мен ҳам шу фикрдаман.
Ўзбекистон жаҳон чемпионатига шунчаки келмаганини исботлайди. Таркибимиз чакки эмас. Тўғри, кўпчилиги ёш, аммо футзалчиларимизни тажрибаси бор. Асосийси, тактик томондан жуда яхши тайёрлана оламиз. Сафимизда икки-учта ёши катта фахрийларимиз бор. Нима демоқчиман? Албатта, улар 100 га кирган фахрийлар эмас. Масалан, биттаси мен, кейин Раҳматов, Аноровни айтишим мумкин. Таркибимиз курашувчан ва кучга тўла. Тайёргарлик давомида бир қанча ўртоқлик учрашувлари бўлади. Яқинда Тошкентда Венесуэла билан ўйнаймиз. Июлда Таиландга борамиз. У ерда мини жаҳон чемпионати бўлади. 10 ёки 14 жамоа қатнашади. Мана шундай халқаро ўйинлар орқали пухта тайёргарлик кўриб борамиз.
Терма жамоамиз 1996 йилдан бери Осиё чемпионатида қатнашяпти. Шундан бери халқаро мусобақалар орқали очколаримизни кўпайтириб боряпмиз. Биласиз, ҳар галги Осиё чемпионатида кумуш ёки бронза медалларини қўлга киритдик. Терма жамоамиз рейтинги ҳам кўтарилди. Бунда терма жамоамизда тўп сурган барча авлод вакилларининг катта ҳиссаси бор. Шунингдек, ўша пайтдан бери ким раҳбарлик қилган бўлса, барчаларига миннатдорчилик билдираман. Бу борада раҳбарларнинг ҳам хизмати жуда катта. Мен 2002 йилдан бери терма жамоадаман. Ҳозирги футзалчиларимиз ҳам нималарга қодирлигини исботлашлари керак. Шунингдек, терма жамоамизда ишлаган барча мураббийларга ҳам раҳмат. Бизни илк бор жаҳон чемпионатига олиб чиққан Мендезга ҳам миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Жаҳон чемпионатига илк бор чиққанимизда асосийси иштирок этиш эди. Лекин бу сафаргиси шахсан мен учун янада жиддий аҳамиятга эга. Ушбу жаҳон чемпионатида энди шунчаки иштирок этмаймиз. Биз нималарга қодирлигимизни кўрсатамиз. Худо хоҳласа, гуруҳдан чиқамиз. Ундан кейин ҳам муваффақиятли қатнашишимизга ишоняпман.
Бу мен учун охиргиси? Билмадим. Худо билади. Агар организм чидаса давом эттиравераман. Мени ҳали яна ўйнагим бор, қолганини вақт кўрсатади.
Биласизми, Россия терма жамоаси билан ўйнашга жуда катта хоҳишим бор эди. Мана, ушбу орзуим амалга ошяпти. Россия чемпионатида фаолият олиб борганим учун у ерда дўстларим бор. Россия терма жамоаси бош мураббийи Сергей Леонидович Скорович билан жуда яхши муносабатдаман. Чунки у Фарғонада туғилган. Ушбу мураббий билан ёзишиб, айрим масалаларда маслаҳатлашиб ҳам турамиз. Илгари Россия ёшлар термасига қарши ўйнаганмиз. Лекин ҳали миллий термаси билан куч синашмагандик. Испания, Бразилия, Аргентина каби кучли рақиблар билан ўйнаганмиз. Россия билан эса илк бор, - деб сўзини якунлади Рустам Умаров.
Фикрлар