Жаҳон чемпионатисиз қолган юлдузнинг клубдаги келажаги ҳам сўроқ остида!

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Германиялик иқтидорли футболчи Карим Адейеми жаҳон чемпионатида иштирок этмайди. Бу кутилмаган қарор эмас, чунки 24 ёшли ҳужумчи 2026 йил давомида “Боруссия Дортмунд” сафида 600 дақиқадан ҳам кам ўйнади.

Энди савол туғилади: у келаси мавсумда ҳам Дортмундда қоладими?

Бу ҳолат аллақачон аён эди, аммо клубнинг спорт директори Ларс Риккен буни яна бир бор таъкидлашни лозим топди.

- Юлиан Нагельсманн унинг тезлигини яхши билади. Агар жаҳон чемпионатига 26 нафар футболчи олиб кетиш мумкин бўлса, махсус қуроли бор ўйинчилар учун ҳам жой топилади, - деди Риккен Bild нашрига.

У Карим Адейеми ҳақида гапираётган эди. Бироқ сўнгги вақтларда “қурол” сўзи унга нисбатан бошқача маъно касб этмоқда. Риккен тезликни ҳар қандай турнирда ҳал қилувчи омил деб ҳисобласа-да, Германия терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Наггельсманн Адейемини таркибга киритмади. Унинг ўрнига худди шундай тезкор футболчилар –  Максимилиан Байер ва Жейми Левелинг чақирилди.

Бу қарор ҳеч кимни ҳайратда қолдирмади. Чунки “Боруссия” бош мураббийи Нико Ковач ҳам сўнгги вақтларда Адейемига камроқ ишонч билдирмоқда. Бу фақат апрель ойида олган мушак жароҳати билан боғлиқ эмас. Бу 11 та ўйинда миллий жамоа шарафини ҳимоя қилган футболчи учун кескин орқага чекиниш бўлди. Кўпчилик у мавсумнинг биринчи ярмида жуда яхши ҳаракат қилганини унутиб ҳам юборди. Ўшанда Адейеми 9 та голли ҳаракат (6 та гол ва 3 та ассист) қайд этган ҳамда Дортмунд ҳужумининг энг барқарор футболчиси бўлган эди.

Адейеми мавсумнинг биринчи қисмида клубдаги ўйинларнинг 16 тасида асосий таркибда майдонга тушган бўлса, янги йилдан кейин бу кўрсаткич атиги 6 тага тушиб қолди.

У барча мусобақаларда 17 та ўйинда қатнашган бўлса-да, жами 582 дақиқа ҳаракат қилди. Бу ҳар бир ўйинга ўртача 34 дақиқадан ҳам кам вақт тўғри келишини англатади. Бундай кўрсаткич билан жаҳон чемпионати таркибидан жой олиш қийин эди.

Шунга қарамай, унинг самарадорлиги кескин тушиб кетмади. У 7 та голли ҳаракат (4 та гол ва 3 та ассист) амалга оширди. Бироқ захирадан тушиб ўйнаганида сезиларли таъсир кўрсата олмади. Ваҳоланки, Риккен уни айнан шу ролда терма жамоага фойдали бўлиши мумкин деб ҳисоблаган эди.

Ковач эса таркибни тез-тез ўзгартириш тарафдори эмас. Шунинг учун ҳам Адейемини захирадан асосий таркибга қайтариш учун етарли сабаб кўрмади. Ковачнинг айтишича, Дортмундда ишлаган вақти давомида у билан энг кўп суҳбатлашган футболчи айнан Адейеми бўлган.

- Мен Адейемини инсон сифатида жуда яхши кўраман. У ноёб даражада яхши йигит. Баъзан менинг назаримда ҳатто ҳаддан ташқари яхши. Унда ёмонлик йўқ. У ўзига кўпроқ ишониши керак, - деди Нико Ковач.

Бироқ яхши инсон бўлиш Ковач каби талабчан мураббий учун майдонда етарли эмас. Адейеми фаолияти давомида кўпинча қатъият ва юқори даражадаги профессионализм етишмаслиги билан танқид қилинган. Унинг иқтидори шубҳасиз, аммо уни мунтазам юқори савияда намоён этиш ҳар доим ҳам уддаланмаган.

- Карим айрим жиҳатларни ўзгартирса, жуда катта футболчига айланиши мумкинлигига ишонаман. Аммо бунинг учун у менга кўпроқ ишониши керак, - деди Ковач.

Мураббий футболчининг камчиликларини ҳам санаб ўтди:

“Адейеми аниқлик ва майда деталларга эътибор устида ишлаши лозим. Унда улкан иқтидор бор. Энди асосий масала – меҳнат қилиш, майда жиҳатларни такомиллаштириш ва ҳар бир машғулот дақиқасидан максимал фойдаланиш”.

Бу муаммолар Адейемини бутун фаолияти давомида таъқиб қилиб келмоқда. Уч йил аввал жамоа мураббийлар штабининг аъзоси Армин Ройтерсхан ҳам шунга ўхшаш фикр билдирган эди:

“Карим Европанинг топ-футболчиси бўлиш учун барча сифатларга эга. Ҳозирча у бундай даражада эмас, аммо етиб бориши мумкин. Баъзан эса унда жиддийлик етишмаётгандек туюлади. Машғулотларда баъзи пайтлар ҳаддан ташқари хотиржам бўлади”.

Дортмундликлар собиқ бош мураббийи Эдин Терзич ҳам бу фикрга қўшилган. Бироқ Адейеми шу пайтгача бу йўналишда сезиларли ўсиш кўрсата олмади.

Танқидчилар унинг майдон ташқарисидаги хатти-ҳаракатларини ҳам мисол қилиб келтиришади. Мавсумнинг биринчи ярмида у бир неча баҳсли ҳолатларга аралашди:

алмаштирилганидан кейин захира ўриндиғи томон сув идишини ирғитиши;
ўйин тугамасидан олдин ечиниш хонасига кириб кетишга уриниши;
кераксиз жанжалларга аралашиши;
шунингдек, “Mystery Box” деб аталган интизомий ҳолат.
Бу воқеалар бир неча ҳафта ичида содир бўлган.

Бундан ташқари, унинг рэпер билан турмуш қургани ҳам баъзи муҳитларда унга нисбатан “ҳаётга енгил қарайдиган”, “ижтимоий тармоқларга ҳаддан зиёд берилган футболчи”,  деган тасаввурни шакллантирган.

Адейемининг Дортмундда келажаги борми?

Эндиликда асосий савол – Адейемининг “Боруссия Дортмунд”даги келажаги. Риккеннинг омма олдида футболчини қўллаб-қувватлаши эҳтимол ҳисоб-китоб қилинган қадам бўлиши мумкин. Чунки жаҳон чемпионатида қатнашиш унинг трансфер қийматини янада ошириши мумкин эди.

Адейемига қизиқиш бор. Унинг қўлида бир нечта таклифлар мавжуд, жумладан “Боруссия” билан шартномани узайтириш варианти ҳам. Ҳозирча ҳеч қандай келишувга эришилмаган. Бироқ тез орада аниқ қарор қабул қилиниши керак.

Футболчининг эҳтимолий трансфери клубга камида 40 миллион евро олиб келиши мумкин. Бу эса Дортмундга трансфер бозорида қўшимча имкониятлар яратади.
Ёзги танаффус давомида Ларс Риккен ва клуб раҳбарияти Адейемининг келажаги бўйича якуний қарорни шакллантириши кутилмоқда.

                                                                                                                                                                                              Мафтуна Жўраева ЎзЖОКУ талабаси

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!