Жаҳон оғир атлетика федерациясида президентлик сайлови бўлади
25-26 июнь кунлари Албаниянинг Тирана шаҳрида ўтадиган Халқаро оғир атлетика федерациясининг (IWF) Конгрессидан сўнг ташкилот тизимида улкан ўзгаришлар рўй беради. Унда IWF раҳбарияти ва бир қатор бошқарув тизимлари таркиби шакллантириб олинади.
IWF президентлиги сайловида иштирок этиш учун 11 нафар, вице-президентлик учун 33 нафар номзодга рухсат берилди. Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг маълум қилишича, тегишли комиссия томонидан тасдиқланган ҳамда Халқаро Олимпия қўмитаси эътироф этган IWF вице-президентлигига, Ижроия кенгашига, тегишли комиссияларга номзод сифатида маъқуллаганлар орасида ўзбекистонлик мутахассислар ҳам қайд этилган.
Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов IWF вице-президентлиги ҳамда Ижроия кенгаш аъзолигига номзод сифатида кўрсатилган бўлса, яна бир юртдошимиз, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси халқаро бўлим бошлиғи Зуҳра Абдуллаева IWFнинг иккита етакчи комиссияси аъзолигига даъвогарлар қаторидан жой олган.
IWF президентлигига даъвогар бўлган 11 нафар номзоддан иккитаси АҚШдан, беш нафари IWF Ижроия кенгашининг амалдаги аъзоси ва иккитаси Халқаро оғир атлетика федерациясининг собиқ бошқарув аъзоларидир. IWFнинг янги етакчиси бўлиш учун ҳозирда Кенгаш аъзолари бўлган қатарлик Юсиф Ал-Мана, финляндиялик Каролина Лундал, қозоғистонлик Жанат Тусупбеков, грециялик Пиррос Димас ва ироқлик Муҳаммад Жалуд ўз номзодини илгари сурган.
Шунингдек, 2020 йил октабрь ойида IWFнинг вақтинча президенти бўлган ва лавозимидан четлатилган америкалик Урсула Папандреа, АҚШ оғир атлетика федерацияси раҳбари Паула Аранда, 2013 ва 2017 йилги президентлик сайловларида қатнашган италиялик Антонио Урсо, Хитой оғир атлетика ассоциацияси президенти Сзинcианг Жоу, эронлик Али Моради, сингапурлик Том Лиау Халқаро оғир атлетика федерацияси етакчилиги учун кураш олиб бориши тасдиқланди. Улар сафида россиялик Максим Агапитов ҳам бўлиши мумкин. Фақат у Спорт арбитраж судига (CAS) тақдим этган апелляцияда ғалаба қозонсагина номзодлар қаторига кира олади.
Фикрлар