Жалил Кимсанов: "Нефтчи"да ўйнаш - ҳар бир фарғоналик футболчининг орзуси

Хабарингиз бор, Фарғонанинг "Нефтчи" клуби янги мавсумни Суперлигада бошлайдиган бўлишди. Шу боис, жамоа янги мавсум аввалида фарғоналиклар ўз таркибларини кучайтириш мақсадида бир қатор янги футболчиларни ўз сафига қўшиб олди. Жумладан, ўтган мавсумни "Қўқон-1912" таркибида ўтказган Жалил Кимсанов фаолиятини "Нефтчи"да давом эттирадиган бўлди.

Клуб матбуот хизмати эса қўқонлик ҳимоячи Жалил Кимсановдан "Нефтчи"даги дастлабки таасуротлари борасида саволга тутди.

"Аввало менга ишонч билдириб жамоага таклиф қилган мураббийларимизга раҳмат айтмоқчиман. "Нефтчи" мураббийларидан тушган таклифдан сўнг ўзимни вилоятнинг бош жамоаси сафида синаб кўришга аҳд қилдим. "Нефтчи"да тўп суриш ҳар бир фарғоналик футболчининг орзуси десам адашмасам керак. Таассуротларим яхши. Мен ўзимга берилган бу имкониятдан фойдаланиб "Нефтчи"нинг асл шон-шуҳратини тиклашга ўз хиссамни қўшмоқчиман.

Шу ўринда мени бу жамоага ўтишимга розилик билдирган "Қўқон-1912" жамоаси раҳбариятига, шахсан Нўъмон ака Ҳасановга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Ўз она шаҳрим бўлган Қўқон жамоасига келаётган мавсумда омад ёр бўлишини тилайман. Ўйлайманки "Қўқон-1912" ҳам "Нефтчи" ҳам бу мавсумда ўз мухлисларини хурсанд қилади.

Мухлисларимиздан стадионга келиб жамоамизни қўллаб туришларини илтимос қиламан", - дейди Жалил Кимсанов

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!